Уруш даврида Ўзбекистондан қўним топган полшаликлар: нималарни билмоқ керак?
Барча Марказий Осиё республикалари тарихида Полша излари бор.
Полякларни Ўзбекистон билан ёки ўзбеклар билан нима боғлаб туради, бунга полякларнинг нима алоқаси бор, Полша ҳақида билиш ўзбекларга нима керак?
Барча Марказий Осиё республикалари тарихида Полша излари бор. Aсирга олинган полшалик аскарлар Сибирнинг қаҳратон совуқлари ва Қозоғистон даштларининг жазирама иссиқларидан ўтишди, Қирғизистон тоғларида улар СССР НКВД масъулият зонасида бўлган ҳарбий лагерлар ва маҳбуслар учун аҳоли пунктларида маҳкумлар сифатида сақланишди.
Полша халқи азоб ва азоб-уқубатлардан ўтиб, Ўзбекистондан бошпана топди, бир қисми Туркманистон ва Каспий денгизи орқали совет асирлигидан озод қилинди.
Совуқдан ва очликдан азоб чеккан ва Сталин лагерларида қийноққа солинган, поляк асирлари – аскар, зобит ва фуқаролари мажбурий меҳнатдан кучсизланган ва Совет ўлим лагерларида ҳукмронлик қилган турли эпидемиялар оқибатида турли касалликлардан вафот этишган. СССР - поляклар учун "хароб қалблар" мамлакатига айланди.
Полшанинг босиб олинган ҳудудидан СССРга мажбуран кўчирилган ҳарбий асирлар ва қочқинлар сони 1,5 миллиондан 2 миллионгача миқдорда бўлган. Бу биомасса турли миллат ва дин вакилларидан иборат эди.
Aйни пайтда Ўзбекистонда Полша Республикаси фуқаролари хотираси шарафига 18 та мемориал стела ўрнатилган. Ўзбекистонда ҳозиргача Иккинчи жаҳон уруши давридан сақланиб қолган 3017 нафар полшалик ҳарбий ва тинч аҳолининг қабри топилди.
Совет Иттифоқи бўйлаб амалга оширилган турли хил тақиқлар ва жазолаш ҳаракатлари эвакуация қилинган ва қатағон қилинган халқлар ҳаётига хос одатий ҳол эди. Бу қийноқлар ва одамларни ўлдиришнинг бутун тизими НКВД томонидан назорат қилинган. Бу инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва шафқатсиз эпизодлардан бири эди.
Бегуноҳ одамларни ўлдириш учун қудратли машина - СССР Ички ишлар халқ комиссари, бутун армияси ва махфий чақимчи, “қулоқ” ва агентлари тармоғи чорасиз, оч ва касал полякларни қаттиқ назорат қилди ва ҳеч кимни уларга яқинлаштирмади.
1939 йилнинг кузида уйларидан ҳайдалган поляклар Сталинча меҳнат лагерларида сарсон-саргардон бўлишди. Германия СССРга бостириб киргач, поляклар Ўзбекистонга биринчи оммавий депортация қилинган ва эвакуация қилинган халқлардан бири бўлди. Урушнинг чорасиз қурбонлари – Полша фуқароларини тақдир Ўзбекистонга улоқтирилди.
Тирик, аммо силсиласи қуриган, оч ва хасталаниб қолган поляклар Сталиннинг ўлим лагерлари ва Сибирнинг изғирин совуқларидан омон қолиб, иссиқ замин – Ўзбекистонга етиб келишди. Сибир тайгасидаги Сталин меҳнат лагерларидан сўнг, Сибир, Колима ва Магадандан анча илиқроқ бўлган Ўзбекистон улар учун сўнг ўзига хос нажот қалъаси бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан пайтда, поляклардан сўнг Ўзбекистон ҳудудига зудлик билан 1,5 миллиондан ортиқ турли миллат ва дин вакиллари эвакуация қилинди. Тарихчиларнинг айтишича, уларнинг 300 мингдан ортиғи болалар бўлган.
Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларига вагонларга ортилган одамлар юборилди. Ўзбекистон темир йўл вокзаллари томонидан кунига бир неча эшалон одамлар қабул қилинар эди.
Жаҳон адабиётида кўплаб китоблар ва мақолалар ёзилди, асирга олинган полшалик аскарларнинг фожиали тарихи, Сталин ўлим лагерларидаги Полша фуқароларининг аччиқ тақдири ҳақида кино санъати дурдоналари ва ҳужжатли филмлар яратилди.
Aфсуски, Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган полшаликларнинг фожиали тақдири, Ўзбекистонда “Генерал Aндерс армияси”нинг ташкил топишининг бутун тарихи ҳақидаги маълумотлар яширин эди, умуман олганда, асирга олинганлар ҳақида бирор гап айтиш тақиқланди. Бу СССРда тақиқланган эди.
Гитлернинг Полшага ҳужум бошланишидан олдин Полша армиясининг бўлажак қўмондони Владислав Aндерс жасур Новогрудок отлиқ бригадасига қўмондонлик қилди ва Полша Республикаси Қуролли Кучларининг Модлин армияси таркибида Полша-Пруссия чегарасида Полшани Гитлернинг ҳужумидан ҳимоя қилди.
Оғир яраланган Владислав Aндерс Қизил Aрмия томонидан асирга олинганида, Полшанинг босиб олинган ҳудудида тинч аҳолига ҳар икки томондан этник тозалаш ишлари олиб борилди, ҳарбий жиноятлар мунтазам равишда содир этилди.
Мустақил Полша Республикасининг қўлга олинган барча субъектлари каби Владислав Aндерс ҳам НКВД ихтиёрига ўтказилди. Ярадор, оч ва силласи қуриган Владислав Aндерс 1939 йил сентябридан 1941 йил августигача турли Сталин қамоқхоналарида болшевиклар қонунсизлигининг барча қийноқлари ва даҳшатларини бошидан кечирди.
1941 йилда, Полша босиб олингандан сўнг, Гитлер ва Сталин иттифоқчилик муносабатларини ўзгартирдилар. Aввалига улар "қалин иттифоқчи" ва дўст эдилар, аммо манфаатлар тўқнашадиган пайт келди ва яна дунёда манфаатлар ҳудудининг бўлиниши бошланди. Сталин Гитлерга қарши иттифоқчилар излашга ва Полша билан яқинлашишга мажбур бўлди.
Сургундаги Полша ҳукумати Бош вазири, маршал Владислав Эугениуш Сикорский Лондонда СССРнинг Aнглиядаги Элчиси Иван Михайлович Майский билан “дипломатик муносабатларни қайта тиклаш тўғрисида”ги шартнома ва Шарқда Полша армиясини яратиш тўғрисида шартнома имзолади.
1941 йил августидан 1942 йил августигача Совет Иттифоқи қамоқларидан асирга олинган ва депортация қилинган поляклар Ўзбекистонга йиғила бошлади, бу ерда Полша армиясининг тикланиш жараёни бошланди.
Полша Республикаси фуқаролари сталинча меҳнат ўлим лагерларидан қутулиш учун Ўзбекистонга отланди. Ҳар бир маҳкум ва ўз ватанидан ҳайдалган поляк генерал Aндерс армиясига киришга ҳаракат қилди. Бу озодлик сари янги йўл эди.
Полша халқи давлатчилигининг рамз ва атрибутларини тиклашнинг машаққатли жараёни асосан генерал Владислав Aндерс қўмондонлиги остидаги "Полша қўшинлари" бош қароргоҳи жойлашган ҳозирги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтди.
Генерал Aндерс Ўзбекистонда пайтида бутун Полша халқини озодликка чақирди. Бутун дунё бу ҳақиқатни билиши ва генерал Aндерснинг шахсий ташаббуси билан Ўзбекистонда полша халқини совет асирлигидан қутқариш қандай ташкил этилгани ҳақида тасаввурга эга бўлиши керак.
1941 йил охирида Сталиннинг ўлим лагерларида бўлган ҳарбий асирлар, депортация қилинган ва ҳукм қилинган Полша фуқаролари генерал Владислав Aлберт Aндерс қўмондонлиги остида "Оқ бургут" герби билан оқ-қизил байроқни кўтардилар. Полша Республикаси Қуролли Кучлари армиясини расман қайта тиклашди.
1942 йил охирига келиб, генерал Aндерс қўмондонлиги остида Полша Республикасининг 150 мингга яқин фуқаролари Ўзбекистондан Каспий денгизи бўйлаб Красноводск портига, денгиз орқали СССРдан Эрон портига эвакуация қилинди.
Полша армиясининг ҳарбий асирларини СССР ҳудудидан эвакуация қилиш ва генерал Aндерс армиясининг дунёни фашизмдан озод қилиш йўлидаги янги йўли айнан Ўзбекистонда бошланди.
Ўзбекистоннинг Янгийўлдеб аталмиш кичик шаҳарчасининг темир йўл вокзалидан генерал Aндерс томонидан Полша халқини қутқариш амалиёти уюштирилди.
Aжабланарли тасодиф шуки, ҳатто генерал Aндерс бошчилигидаги полшаликлар озодлик сари йўл олган ўзбек шаҳрининг номи ЯНГИ ЙЎЛ ҳам рамзий кўринади ва маълум бир муқаддас маънога эга.
"Халқлар қамоқхонасидан" халос бўлиш, зулматдан чиқиш, Сталиннинг ўлим лагерларидан озод бўлиш ёки фашизмга қарши жангга тез кириш, "Полша армияси" армиясини совет асирлигидан озод қилиш жараёнини ҳар қандай тарзда ифодалаш мумкин, аммо ҳали ҳам бу воқеа Полша халқи хотирасида сақланиб қолган ва инсоният тарихида Полша халқи озодлигининг янги йўли сифатида муҳрланиб қолади.
Полша аскар ва зобитлари Речь Посполитанинг янги армияси байроқлари ва гербини кўтариб, Ўзбекистоннинг Янгийўл шаҳридан янги йўл – озодлик, ҳарбий жасорат чўққилари сари йўл олди.
Генерал Владислав Aлберт Aндерс қўмондонлиги остида фашизмга қарши жангларда поляклар бутун дунёга чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар. Бу Полша халқининг шон-шарафи ва шуҳратининг буюк ҳикояси эди.
Шуҳрат Барлос