Қозоғистон Сирдарёдан фойдаланиш келишувини қайта кўриб чиқмоқчи
Сув бўйича ҳозирги келишув 1998 йилдан бери амал қилади.
Қозоғистон Қирғизистон ва Ўзбекистон билан Сирдарё ҳавзаси ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувни 2023 йил охиригача ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Бу имконият 2023-2029 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш консепциясида ўз ифодасини топган.
Ҳужжатнинг қисқача тавсифида қайд этилишича, сув бўйича амалдаги келишув 1998 йилдан бери амал қилади. Ҳужжат Сирдарё ресурсларидан ирригация ва энергетикада фойдаланишни тартибга солади.
Ҳозирги шароитда ГЭСларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ортиқча қисми Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўналтирилади. Бунинг эвазига Қирғизистон қўшниларидан энергетика, молия ва тижорат хизматларини олади.
Сув танқислиги минтақадаги асосий ва кучайиб бораётган муаммолардан биридир. Иқлимшуносларнинг фикрича, минтақанинг айрим мамлакатларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига босим 2,8 баробар ортади. Яна 10 йилдан кейин, 2050 йилга бориб, Сирдарё 15 фоизга қуриши мумкин.
Минтақанинг йирик дарёси Амударё бўйича ҳам аҳвол яхши эмас. "Толибон" ҳукумати 2022 йил мартида Амударёда сув оладиган Қўштепа канали қурилишини эълон қилганди. Бу Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида сув танқислигини кучайтиради. Маълумотларга кўра, ушбу канал дарёнинг учдан бир қисмигача сувини "тортиб кетиши" мумкин.