Швейцария банкини ҳам қулатган ўзбекистонликлар
Машҳур Credit Suisse банки мижозлари орасида Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ ва амалдаги амалдорлари ёки яқин қариндошларини ҳам кўриш мумкин.
Швейцариянинг UBS гуруҳи Credit Suisse банкини сотиб олгач, хавф даражаси юқори бўлган қатор мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистондан янги мижозларни банкка жалб этишни тақиқлади. Financial Times нашри шу ҳақда хабар берган.
Пул ювиш, порахўрлик ва коррупция хавфини чеклаш мақсадида шундай қарор қабул қилинган. Хавф даражаси юқори бўлган мамлакатлар сирасига Ўзбекистон ҳам киритилган.
Бундай мамлакатлар рўйхатидан Қирғизистон, Афғонистон, Албания, Беларус, Буркина-Фасо, Конго Демократик Республикаси, Салвадор, Эритрея, Эфиопия, Гвинея, Ҳаити, Ироқ, Косово, Ливия, Молдова, Мянма, Никарагуа, Фаластин, Россия, Жанубий Судан, Шри-Ланка, Судан, Тожикистон, Туркманистон, Венесуэла, Яман ва Зимбабве ҳам ўрин олган.
Шу билан бирга, эҳтимолий пул ювиш ҳолатларига қарши курашиш мақсадида Украина сиёсатчилари ва давлат компанияларига ҳам хизмат кўрсатиш тақиқланган.
Бу биринчи марта эмас
Таъкидлаш керак, 2013 йилда ҳам Credit Suisse ўзбекистонлик мижозлар билан ишлашдан бош тортган эди. Ўзбекистон биринчи президентининг катта қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупция ва пул ювиш ҳамда порахўрлик жинояти билан боғлиқ можаролар фонида шундай қарор чиқарилган эди. Гулноранинг ўз ҳамтовоқлари билан жиноий тил бириктириб, мамлакатдан ноқонуний йўл билан хорижий давлатлар — АҚШ, Франция, Россия ва Швейцарияга олиб чиққани Ўзбекистон идоралари томонидан маълум қилинган.
Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълум қилишича, мамлакат мутасадди идоралари бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш устида фаол ишлашмоқда. Ўтган йили февраль ойида Франция 20 миллион АҚШ долларини қайтарди. Швейцариядаги банк ҳисобларида “музлатилган” 131 миллион доллар БМТ ҳузуридаги Мақсадли фонди орқали қайтарилади. Бироқ 650 млн. швейцария франки ҳамон Швейцария банкларида музлатилган ҳолда қолдирилган.
Бундан аввалроқ, 2018 йилда Швейцария бош прокуратураси Каримовани айбдор деб топган ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишни буюрган. 2019 йилда эса 130 миллион доллари Ўзбекистонга қайтарилишини эълон қилган эди.
2021 йил декабрида Швейцария суди Гулнора Каримовага тегишли экани айтилувчи Takilant фирмасидан 293 млн. АҚШ долларини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарганди. Бироқ 70 млн. доллар пул, далиллар етишмагани боис, Takilant фирмасига қайтарилган.
Маълумот ўрнида, ўзининг оффшор компаниялари билан дунёга танилган Доминикан Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси куни кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигида учрашув ўтказган.
Узумини еб, боғини суриштирмаган Credit Suisse
Экспертларнинг айтишича, сўнгги йилларда Credit Suisse’нинг обрўсига катта путур етди. Бу аввало банк билан боғлиқ суд жараёнларининг оқибатидир. Шунингдек, собиқ совет республикалари ва айниқса ўзбекистонлик мижозларнинг ҳам бу қулашдаги "ҳиссаси" катта.
Масалан, 2022 йил февраль ойида Credit Suisse номи янги бир можарода тилга олинди. Credit Suisse’га тегишли маълумотлар ошкор қилиниб, ОАВга сиздирилди. Бу маълумотлардаги “муаммоли мижозлар” орасида Марказий Осиёнинг 10 нафар вакилининг номлари келтирилди.
Хусусан, ўзбекистонлик 4 нафар мижоз – Гулруҳ Тиллаева, Игорь Шепелев, Раъно Раматова (бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси) ва Саодат Нурзиева ушбу банк мижози бўлгани аниқланди.
Жумладан, Гулруҳ Тиллаева - 2,227 млн. швейцария франки (2,4 млн. АҚШ доллари) миқдорида пул қўйган. Бу аёл Ўзбекистон биринчи президентининг кичик қизи Лола Каримованинг эри Тимур Тиллаевнинг аммаси бўлади. Маълумотларда келтирилишича, Гулруҳ Тиллаева эри Никита Калиниченко билан бирга шу пулларни омонатга қўйган. Никита Калиниченко эса ўз даврида, ОАВларнинг маълум қилишича, Марказий Осиёдаги энг йирик савдо марказларидан бири “Абу Сахий” марказини Тиллаева номидан бошқарган.
Бу мижозлар топилган манбаси ноаниқ пулларини солиқдан ва жамоатчиликдан яшириш мақсадида Швейцария банкида ҳисобварақ очгани айтилади. Албатта, Швейцария банкида ҳисоб очиш жиноят эмас. Бу пуллар қаердан ва қандай топилгани эса кейинги масала. Бироқ Credit Suisse айнан шу кейинги масалага эътибор қаратмагани, “узумини енгу, боғини сўраманг” қабилида иш тутгани одамлар эътиборини ўзига тортди.
Credit Suisse қандай банк?
Credit Suisse молиявий сиёсатининг 2023 йилдаги ўзгариши унинг UBS томонидан 2023 йил 19 мартда сотиб олгани билан боғлиқ. Жараён аввалида Credit Suisse 3,2 миллиард долларга баҳоланди, бу банк бозор капитализация қиймати (акцияларининг умумий қиймати)нинг ярмига тенг келади. 2021 йил июнида банкнинг бозор капитализация қиймати 29 млрд. долларга баҳоланган эди. Бунга Credit Suisse банкининг кўплаб молиявий муаммолари сабаб бўлган.
Таъкидлаш керак, UBS Group AG — Швейцариянинг энг йирик молиявий холдинги бўлиб, бутун дунё бўйлаб кенг кўламдаги молиявий хизматлар кўрсатади. Бош қароргоҳи Швейцариянинг Цюрих шаҳрида жойлашган.
Credit Suisse Group эса Швейцарияда UBS дан кейин иккинчи ўринда турувчи йирик молиявий конгломерат эди. 2020 йил охирида мижозларнинг 1,51 трлн. Швейцария франки ($1,6 трлн. АҚШ доллари) қийматидаги активларини бошқарган. 2022 йил охирига келиб бу кўрсаткич 1,29 трлн. франкка тушиб қолган.
2022 йил октябрь ойида Европа биржаларида кўтарилиши қайд этилган бўлса-да, Credit Suisse акциялари нархи 6 фоизга тушиб кетди. Қисқа қилиб айтганда, акциялар бозорида ушбу банкнинг молиявий барқарорлигига шубҳа кучая бошлади. Гарчи Credit Suisse раҳбарияти банкда капитал етарли экани ва 27 октябрни – банк реструктуризация режаси ошкор қилинишини кутишни сўраган бўлса-да, бозор иштирокчиларининг ишончи пасайишда давом этган.
2023 йил февралда Credit Suisse ўтган молиявий йилни 7,3 млрд. швейцария франки миқдоридаги зарар билан якунлаганини эълон қилди. Бу 2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирози давридан бери энг ёмон кўрсаткич дея баҳоланган. Ҳисоботда банк молиявий ҳисоб бериш устидан етарлича молиявий назорат ўрнатмагани боис, мижозларнинг банкдан ўз маблағларини олиб чиқиб кетиши ва акциялар нархи тушиб кетишига сабаб бўлган.
2023 йил март ойида эса Credit Suisse Швейцария миллий банкидан 50 млрд. швейцария франки (53,7 млрд. АҚШ доллари) миқдорида қарз олишга қарор қилди. Бундай фавқулодда чора молиявий инқироз ёқасида турган банкка инвесторлар ишончини тиклаш мақсадида амалга оширилган. Бироқ бу маблағ Credit Suisse акциялари нархини уч кунга ушлаб турди холос. Ундан кейин яна “чуқурга шўнғиш” бошланди.
Сабаби, бу чора кўрилишидан аввал Credit Suisse акцияларининг нархи деярли 30% га тушиб кетган эди. Бу Credit Suisse акцияларининг 10 фоизига эгалик қилувчи Saudi National Bank баёноти ортидан рўй берди. Saudi National Bank швейцария банки капиталидаги ҳиссасини ошириш йўли билан бошқа қўлламаслигини маълум қилган эди.
Credit Suisse молиявий ҳолати ҳақидаги хабар бутун банк секторида акцияларнинг шошилинч ва арзон баҳода сота бошлашларига сабаб бўлди.
Ҳатто Credit Suisse Швейцария банклари орасида биринчи бўлиб банкротга учраши ҳам прогноз қилинди. Экспертлар Credit Suisse нафақат ўзи ҳалокатга учраётгани, чўкаётган катта кема сув гирдоби билан бошқа кичик кемаларни тортиб кетиши каби, Швейцариянинг барча банкларини қийин аҳволга солиб қўйгани ҳамда мамлакат молия ва банк тизимига миллиардлаб зарар етказганини таъкидлашди.
Ва ниҳоят, юқорида таъкидлаганимиздек, Швейцариянинг биринчи рақамли банки UBS муаммолар гирдобида чўкаётган Credit Suisse’ни сотиб олди. Шу даражада паст баҳога сотиб олдики, ҳатто Credit Suisse кўчмас мулкларининг нархи ҳам бу баҳо билан тенг. Бир қарашда ҳамма томонлар енгил нафас олгандек бўлди: молиявий ёнғин манбаси ўчирилди. Бироқ битта давлат чегарасидаги мазкур молиявий интервенция ҳеч кимни хотиржам қилмади. Европа ва Осиёдаги фонд бозорлари қулашда давом этди.
Жумладан, Франкфурт ва Париждаги фонд бозорлари тахминан 0,7% га пасайди. Германиянинг Deutsche Bank - 7%, Франциянинг Societe Generale банки акциялари 5% пасайди. Европа иқтисодиёти бироз фалажланди. Бизнес активлик пасаймоқда. Инфляция ўсмоқда. Банклар молиявий воситачи сифатида бундай ўзгаришлар таъсирини “ўз тана”ларида кўпроқ ҳис қилишмоқда. Швейцария банклари эса аввал бошдан ўз бизнесларини халқаро хусусий капитални бошқаришга асосланиб очишган эди. Лекин айнан Швейцария банклари миллиардлаб доллар миқдоридаги ҳисоб варақларига чекловлар киритди. Музлатиб қўйиш чораларини ҳам қўллади. Банк раҳбарияти Россиянинг 2014 йилда Қримни босиб олиши, кейин эса 2022 йилда Украинага бостириб киргани ортидан эълон қилинган санкциялар, ундан аввалроқ россиялик ва постсовет республикалари коррупционер амалдорлари ва уларнинг яқинлари билан боғлиқ порахўрлик ҳамда пул ювиш жиноятлари ортидан шунга мажбур бўлди. Шу тариқа Швейцария банклари, хусусан, Credit Suisse мижозлар ишончини йўқота бошлади. Катта-катта рақамли омонатлар айнан порахўр ва коррупционер амалдорлар ҳамда ноқонуний бизнес эгалари томонидан қўйилиши инобатга олинса, банк махфийлиги таъминланишидан умид қилган мижозлар ишончи нега сўнганини англаш осон бўлади.
Можаролар ҳам биринчиси эмас
2014 йил май ойида Credit Suisse банки АҚШда 2,6 млрд долларлик жаримага тортилган эди. Маълум бўлишича, Credit Suisse бир асрдан зиёд вақт давомида америкалик мижозлари билан тил бириктириб, уларни солиқ тўлашдан озод қилиш мақсадида даромадларини яшириб келган.
Credit Suisse ва унинг шохобчалари 22 минг нафар америкалик мижозларига АҚШ Ички солиқлар хизматини алдаш ва солиқ тўлашдан қутулиб қолиш учун уларнинг маблағ ва даромадларини (қарийб 12 млрд. АҚШ долларига тенг) бошқа компания ва фондлар номига очилган ноқонуний ва декларация қилинмаган ҳисоб варақларида сақлашга ёрдам берган. АҚШ Адлия вазирлигининг маълум қилишича, банк бу жаримани тўлашга рози бўлган.
2023 йилда апрел ойида эса АҚШ Конгрессининг Бюджет қўмитаси маърузасида айтилишича, Credit Suisse фашистлар Германияси нацистларига алоқадор мижозларнинг ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатган. Бу ҳол 2020 йилгача давом этган.
Credit Suisse ҳисоб варақларини юритган, аммо бу ҳақда маълумот бермаган камида 99 киши Германиядаги нацист амалдорлари ёки Аргентинадаги нацистлар билан боғлиқ гуруҳларнинг аъзолари бўлган. Қизиғи шундаки, нацистларга алоқадор деб кўрилган 70 та ҳисоб варағи 1945 йилдан кейин очилган. Уларнинг камида 14 таси 2000 йилларда ҳам очиқ бўлган, айримлари ҳатто 2020 йилда ҳам фаол бўлган.
Бундан ташқари, Нюрнберг ҳарбий трибунали томонидан жазога маҳкум этилган СС қўмондонининг ҳисоб варағи 2022 йилгача фаол турган. Лекин банк бу ҳақда маълумот бермаган.
2020 йил март ойида АҚШдаги “Симон Визентал маркази” нодавлат ташкилоти банкда нацистларнинг Ҳолокост қурбонларидан олинган пуллари жойлаштирилган ҳисоб варақлари мавжудлиги борасида Credit Suisse’ни хабардор қилган эди. Банк раҳбарияти бу масала юзасидан текширув ўтказишга рози бўлган ва бунинг учун AlixPartners халқаро консалтинг компаниясини жалб этган. Компания 2 йил давомида Credit Suisse’даги миллионлаб ҳисоб варақларига оид архив ва маълумотлар базаларини ўрганиб чиққан. Бироқ ушбу текширув устидан назорат учун қўйилган Jenner & Block фирмасининг мустақил омбудсмани Нил Барофскининг сенатдаги маърузасида айтишича, текширув 2022 йил июн ойида тўсатдан текширувларни тўхтатган. Ҳатто янги маълумотлар топилганига ҳам эътибор қаратмаган.
Жорий йилнинг феврал ойида эса АҚШдаги Айова штатининг республикачи сенатори Чак Грассли мазкур текширув давомида банк йўл қўйган эҳтимолий хатоликлар ҳақида маълумот олганини билдирди. У Род- Айленд штатидан сайланган демократ сенатор – Конгресснинг Бюджет қўмитаси раҳбари Шелдон Уайтхаус билан ҳамкорликда қўшпартиявий текширув ўтказишларини ва “вазиятни кузатишда давом этиш”ларини маълум қилган.
Энди нима бўлади?
Гулнора Каримованинг нопок молиявий операциялари Швейцария банкига қабр кавлагани, ҳатто бутун Швейцария банк тизимининг барқарорлигига путур етказгани изсиз кетмайди албатта. Бунинг ортидан аввало ўзбекистонлик мижозларга ишончсизлик билдирилди. Кейинги оқибатлар ҳам бўлади. Аммо бу оддий фуқароларимиз учун яхши бўладими ёки йўқми, айтиш қийин.