platina.uz

Жазони ўтаб бўлган ўсмир судланмаган ҳисобланади — лойиҳа

Судланганликни олдириб ташлаш одамларни жуда сарсон қиладиган ва бюрократияга ботган хизматлардан бири эди. Уни олдириб ташлаш учун одам суд бўлган жойга бориши, ариза ёзиши, кейин уни ойлаб кутиши керак эди.

Жамият
7 июнь 2023 йил
Жазони ўтаб бўлган ўсмир судланмаган ҳисобланади — лойиҳа

Энди жазони ўтаб бўлган вояга етмаган шахс судланмаган ҳисобланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Таъкидланишича, судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган, суд томонидан жазодан озод қилинган шахс эса судланмаган деб ҳисобланади.

Судланганлик муддатининг ўтиб кетгани ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади, шунингдек, содир қилинган жиноят учун тайинланган жазонинг ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг, унинг оқибатлари келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгитдан бошлаши учун имконият берилишини таьминлаш мақсадида вояга етгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга қисқартирилмоқда. Шунга кўра, Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан 2023 йил 1 сентябрдан судланганлик муддати ўтиб кетгани ёки судланганлик олиб ташлангани ҳақидаги маълумотнома ўша муддат тугаган ёки олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли шахснинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+