Чўкиб ўлаётганлар бошқа ҳудудларда ҳам бор, аксарияти болалар — ФВВ

Ўз эҳтиётсизлиги оқибатида чўкканлар 15 нафарни, бу йил чўкиб кетганларнинг қарийб 50 фоизини болалар ташкил этади.

Жамият
7 июнь 2023 йил
Чўкиб ўлаётганлар бошқа ҳудудларда ҳам бор, аксарияти болалар — ФВВ

Ёз мавсуми бошланди дегунча, чўкиш ҳолатлари ҳам долзарб мавзуга айланади. “Самарқандда уч бола чўкиб ҳалок бўлди”, ”Янгийўлда 16 ёшли ўсмир чўкиб кетди” каби воқеалар тез-тез учраётгани бунга мисол. Мутахассисларнинг айтишича, чўкиш ҳолатлари 25 майдан кейин кўпайган.

Бугун эса Тошкент туманида 6 ёшли бола чўкиб кетгани хабар қилинди. Маълумотларга кўра, 4 кундан бери топилмаяпти. Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича қидирув давом этаётганини билдирди.

Биз ушбу ҳолатлар бўйича ФВВ матбуот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев билан суҳбатлашдик.

— Бугунги кунда сувда чўкиш ҳолатлари республикамиз бўйича оладиган бўлсак, 57 тани ташкил қилади. Барчаси мукаммал ўрганилган. Шуларнинг 12 таси айнан ёз мавсумида жойларга чиқиб чўмилмоқчи бўлганлар билан боғлиқ. Ўз эҳтиётсизлиги оқибатида чўкканлар эса 15 нафарни, жорий йилда чўкиб кетганларнинг қарийб 50 фоизини болалар ташкил этади. Сувда чўкиш ҳолатлари айниқса 25 майдан кейин кўпайди. Бунга сабаб таътилда болаларнинг назоратсиз қолдирилишидир.

Куни кеча Янгийўлдаги 16 ёшли чўккан йигит воқеасига тўхталсак, у чўмилиш ниятида эмас, балки оёғини ювиш мақсадида кўприкка осилиши ва қўли сирпаниши оқибатида бахтсиз ҳодиса рўй берган.

Самарқад вилоятидаги ҳолатга келсак, Зарафшон дарёсига сўнгги қўнғироқдан кейин бориб чўмилишади. Эҳтиётсизлиги натижасида улар ҳам ҳалок бўлади.

Бундай ҳол Қорақалпоғистонда ҳам рўйхатга олинди. У ерда 3 нафар вояга етмаган ёшлар чўмилишга бориб, 2 нафари сувда чўкиб ҳалок бўлган.

Фото: "Platina.uz" / Аббос Имомов

Маълумотлардан кўринадики, ҳали ёз энди бошланди, аммо аллақачон чўкиш ҳолатлари кўпайган.

Бундай ҳолатларнинг асосий сабабларидан бири сифатида яна фуқароларнинг тақиқланган жойларда чўмилишга уринишини ҳам алоҳида эслатиб ўтиш керак. Масалан, маҳалла, қишлоқ ҳудудларидан оқиб ўтувчи сой, анҳорлардаги кучли сув оқими ҳеч кимга бўйсунмайди.

Республикамизда чўмилишга рухсат берилган жойлар билан бир қаторда тақиқлаб қўйилган сув ҳавзалари ҳам мавжуд. Тақиқланган жойларга дарёлар, каналлар, турли анҳорлар ва шунга ўхшаш жойлар киради.

Республикамизда 50 дан ортиқ сув омборларида махсус пляж зоналари ажратилган, қолаверса, истироҳат боғлари ҳамда аквапарклар ҳам мавжуд бўлиб, бундай жойларда чўмилишга рухсат берилган. Бундай жойларда қутқарувчилар ҳам бор.

Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, чўкиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг юз бермаслиги учун авваламбор чўмилиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.

Бунинг учун биринчи навбатда об-ҳаво қуёшли ва шамол йўқ пайтда, ҳаво ҳарорати 30-38° кам бўлмаган шароитда чўмилиш тавсия этилади.

  • Қорин оч бўлганда;
  • Чарчаганда;
  • Чанқаганда;
  • яқинда беморликдан турганда;
  • спиртли ичимлик истеъмол қилинганда;
  • ёлғиз бўлганда;
  • офтоб уриш ҳолларида чўмилиш мақсадга мувофиқ эмас.

Шунингдек, тақиқланган жойларда чўмилиш, катер ва қайиқларга яқин сузиб бориш, ёш болаларни сувда қаровсиз қолдириш, чегараланган белгилардан ташқарига чиқиш, кўприк, дамба ва кемалардан сувга сакраш, нотаниш жойларга шўнғиш тақиқланади.

Қайиқларда сайр қилаётганда бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш керак. Эгасиз ва техник носоз қайиқлардан фойдаланиш, сайрга шамол ва ёмғирли об-ҳавода ёки қутқарув ва сув чиқариш мосламаларисиз чиқиш, қайиққа рухсат этилгандан ортиқча одам ва юк олиш, сузиш вақтида бир қайиқдан иккинчи қайиққа ўтиш, қоронғи тушганда сузиш мосламаларидан фойдаланиш ноҳуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкинлигини унутмаслик зарур.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, сувда чўкаётган одамни қутқариш учун қутқарув анжомлари ва қайиқлардан фойдаланилади. Улар бўлмаганда эса чўкаётган одамни қутқаришда хавфсизлик чораларини билиш талаб этилади.

Агар чўкаётган одам ҳушини йўқотган бўлса, уни сувдан олиб чиқиш анча қулай бўлади. Лекин ҳушини йўқотмаган одамни қутқариш қутқарувчига катта хавф туғдиради. Чунки чўкаётган одам саросима ва ваҳимага тушган ҳолда қутқарувчига қаттиқ ёпишиши, уни ҳам сув остига тортиб кетиши мумкин. Шунинг учун чўкаётган одамнинг чангалидан чиқиш ва буксировка қилиш усулларини ўрганиш лозим.

Чўкаётган одам қутқариб қолинганидан кейин ҳам вафот этиши мумкинми?

— Ўлим ҳолати фақатгина сувда эмас, балки жабрланувчи сувдан олиб чиқилгандан сўнг ҳам кузатилиши мумкин. Жонлантириш тадбирларининг ижобий натижаси уларнинг тўғри ва ўз вақтида кўрсатилишига боғлиқ. Шунинг учун ушбу тадбирларни қирғоққа олиб чиқилгандан кейин эмас, жабрланувчини сувда буксировка қилган пайтданоқ бошлаш лозим. Чунки ўша пайтда амалга оширилган бир неча сунъий нафас олдириш ҳам жабрланувчи соғлиғи тикланишини тезлаштиради.

Бевосита юракни уқалаш 4-5 марта сунъий нафас берилгандан кейин амалга оширилади. Уқалаш қатъий режимда бир дақиқада 50-60 марта босиш билан бажарилади. Нафас олдириш билан юрак массажи бир вақтда амалга оширилмайди. Нафас чиқариш пайтидагина кўкрак қафаси 4-6 марта босилади.

Яна шуни ёдда тутиш керакки, жабрланувчининг нафас олиши тўхтагандан кейин 5-6 дақиқа муддатдагина уни ҳаётга қайтариш мумкин!

Эслатиб ўтамиз: ўтган йили 115 нафар фуқаро сувда чўкиб ҳалок бўлди. Унинг ҳам қарийб 50 %ини ёш болалар ташкил қилган.

Маълум қилинишича, инсоннинг сувда чўкиши жуда қисқа муддатда содир бўладиган жараён. Ҳатто уни ёнида бирга чўмилаётганлар ҳам сезмаслиги мумкин. Ана шундай жойларда махсус қутқарувчилар мавжудлиги хавфсизлик учун айниқса аҳамиятли. Шундай экан, мавсум энди бошланди, ҳаётингизни хавфга қўйиб таваккал қилманг!

Аббосжон Имомов тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+