Ниҳоят! Ижтимоий хизматлар ягона тизимга бирлаштириляпти

Ҳукуматдаги “курси”лар ва иш самарадорлиги, яъни функционаллиги тўғри пропорционал эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун хорижий давлатлар, айниқса ривожланган давлатлардаги вазият билан танишиш кифоя қилади.

Жамият
3 июнь 2023 йил
Ниҳоят! Ижтимоий хизматлар ягона тизимга бирлаштириляпти

Ўзбекистон президентининг ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш, самарали назорат қилишга қаратилган фармони эълон қилинди. Фармон ижтимоий хизматлар ягона тизимга бирлаштирилишини кўзда тутади.

“Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон билан янги таҳрирдаги Конституцияда эълон қилинган ижтимоий давлат тамойилларини инобатга олган ҳолда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган янги бошқарув тизимини жорий этишга қаратилган.

Нима ўзгаришлар кутилмоқда?

Янги фармонга кўра, президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, шунингдек, унинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман(шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилади.

Агентлик бир қатор давлат ташкилотлари — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Ички ишлар, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари ҳамда Миллий паралимпия қўмитаси таркибидаги ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи тузилмалар асосида шакллантирилади.

Мазкур фармон айни пайтда ниҳоятда долзарб ҳисобланади. Маълумки, ҳар қандай сиёсатни юритиш учун тегишли бюрократик аппарат ва тузилмалар шакллантирилади, уларнинг ўзаро мувофиқлашган ҳолда, кам ресурс ва вақт сарфлаган ҳолда самарали фаолият кўрсатишига эришиш учун ҳаракат қилинади. Лекин ҳар доим бу мақсадга етиш осон эмас. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар охирги йилларда ҳукумат олдидаги энг устувор мақсадга айланган. Жумладан, жорий йилнинг январь ойида маъмурий ислоҳотлар бўйича иккинчи босқичга қадам қўйилди. Натижада ҳукуматга бўйсунган ижроия ҳокимияти органлари сони 61 дан 28 тага қисқартирилди. Вазирликлар сони 21 тага туширилди. Ҳукумат таркибида эса бош вазирнинг 8 ўринбосари ўрнига фақат 4 та ўринбосари қолдирилди.

Ҳукумат таркибида лавозим эгалари, масъул ҳамда жавобгар шахслар, турли идораларнинг кўплиги иш сифати яхшиланишига олиб келмайди. Аксинча, оғирлашиб кетган маъмурият аппарати бюджет пулларини беаёв исроф қилиши билан бирга, қарорларнинг қабул қилиниши ва ижро этилишини секинлаштиради, қайта-қайта келишув ва мувофиқлаштиришлар вақтни олади. Буниннг устига, бир-бирининг вазифалари ва жавобгарлигини такрорловчи тузилмалар қанча кўп бўлса, самарали фаолият таъминланиши ўрнига, халақит берувчи тўсиқлар кўпайгани қолади холос. Чунки 40 та оёқ фақат қирқоёққа ярашади, одамга 40 та оёқ берилса, тезроқ югура олмайди – чалкашиб, йиқилиб тушади холос.

Чўпон кўп бўлса...

Ҳукуматдаги “курси”лар ва иш самарадорлиги, яъни функционаллиги тўғри пропорционал эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун хорижий давлатлар, айниқса ривожланган давлатлардаги вазият билан танишиш кифоя қилади. Масалан, энг ихчам ҳукумат Исландияда: у ерда аёл бош вазир ва 11 нафар вазир давлатни бошқаради холос. Лекин Democracy Index 2022 маълумотларига кўра, бу давлатда функционаллик даражаси 9,64, яъни энг юқори кўрсаткичга эга.

Ҳукумат тепасида энг кўп амалдорлар бўлган (бош вазир ва унинг 10 нафар ўринбосари, 20 нафар вазир) Туркманистонда эса жаҳон давлатлари орасида функционал самарадорликнинг энг паст кўрсаткичи (0,79) қайд этилган.

Ривожланган давлатлардан бири Буюк Британияда бош вазир ва унинг бир нафар ўринбосари ва 26 вазир бўлгани ҳолда функционаллик кўрсаткичи 7,50 га, Германия ҳамда Финландияда 1 нафардан бош вазир (бирорта ҳам ўринбосари йўқ!) бўлгани ҳолда тегишли кўрсаткич мос равишда 8,57 ва 9,64 га тенг.

Марказий Осиё минтақасида функционаллик бўйича рейтингда аввал Қозоғистон, кейинги ўринларда Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон турибди. Бу кўрсаткич бўйича Россия ҳатто Тожикистондан ҳам пастки ўринда. Ўзбекистонда бош вазир, 4 нафар ўринбосари ва 21 нафар вазир бўлиб, ҳукуматнинг функционаллик даражаси 1,86 га тенг. Бундан кўринадики, юқорида зикр этилган фармон айни шароитда ғоят долзарб ҳисобланади.

Фармон ижроси ижтимоий ҳимоя соҳасига қандай таъсир қилади?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.

Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишининг белгиланганлиги мазкур соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этаётган эди.

Бу нимани англатади?

Энг аввало, шуни унутмаслик керакки, турли ташкилотлар таркибидаги мазкур тузилмалар гарчи бир мақсадга – аҳолининг ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган ва кам таъминланган қатламларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилса-да, ягона ҳаракатлар режаси ва мувофиқлаштирилган фаолиятни ташкил эта олмасди. Бюрократик тўсиқлар ва турли тузилмалар ўртасидаги маълумот алмашинувининг мураккаблиги ҳам бунинг асосий сабабларидан ҳисобланади. Эндиликда бу тузилмаларнинг ягона агентлик таркибида фаолият юритиши кўпгина тўсиқларни бартараф этади, ижтимоий ҳимояга қаратилган қарорларни қабул қилиш ва ижро этиш тезлиги ҳамда самарасини оширади, фуқароларга хизмат кўрсатиш ҳамда соҳани назорат қилиш сифатини юксалтиради. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати бир ҳақиқатни – фаолиятни яхшилашга жавобгар амалдорларни кўпайтириш билан эмас, тизим функционаллигини такомилаштириш билан эришиш мумкинлигини англаб етмоқда. Албатта, бу йўлдаги дастлабки қадамлар кутилган натижа берадими, йўқми, вақт кўрсатади. Бироқ бу ислоҳотларга куч берувчи асосий ва муҳим омил - ҳукумат сиёсий иродасининг собитлиги ва қатъийлиги кўнгилда умид уйғотади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+