84 йил аввал халқимизни синовдан ўтказган 45 кун тарихи
Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Советининг 1939 йил 3-6 июнда “Катта Фарғона канали қурилиши” ҳақидаги 896-сон қарори қабул қилинганига бугун 84 йил тўлди. Ушбу қарорга асосан қурилган Катта Фарғона канали сабаб бугунгача Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистонда 500 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланиб, янги ерлар ўзлаштирилмоқда.
Сув нафақат биз инсонларга, балки табиатга, ҳайвонот ва наботот оламига ҳам жуда зарур. Шу зарурат бундан 84 йил аввал Катта Фарғона канали қурилишига сабаб бўлган, десак янглишмаймиз. Бу борада Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Советининг 1939 йил 3-6 июн кунги “Катта Фарғона канали қурилиши” ҳақидаги 896-сон қарори қабул қилинган. Бугун мазкур қарор қабул қилинганига 84 йил бўлди.
Биз таништирмоқчи бўлган ушбу ҳужжатлар атига 45 кун ичида қуриб битказилган Катта Фарғона канали ҳақида маълумот берувчи, Ўзбекистон Миллий архиви (ЎзМА)да сақлаб келинаётган архив ҳужжатлардир. Ушбу ҳужжатларда Катта Фарғона канали қурилиши ҳақидаги қарорлар, шунингдек, канал қурилиш жараёнлари ҳақида маълумотлар ўрин олган.
Абдуҳамид ЖЎРАБЕКОВ, Ўзбекистон Миллий архиви илмий ходими:
“Катта Фарғона каналининг қурилиш ишлари 1939 йил 3 июндаги 896-сон қарорга асосан бошланган. Ва ўша йилнинг август ойларида қурилиш ишлари бошланган. Ушбу канал қурилишидан асосий мақсад унумсиз ерларни унумдор ерларга айлантириш бўлган.
Катта Фарғона каналини қуриш жараёнида 160 мингга яқин ҳашарчилар иштирок этишган. Маълумотларга кўра, ўша пайтда ҳеч қандай инновацион техника ёки транспорт мавжуд бўлмаган. Ҳашарчилар ўзларининг кундалик иш қуроллари билан қурилиш ишларини амалга оширишларига тўғри келган. Асосий қурол сифатида кетмон, белкурак ва замбиллардан фойдаланишган. Бундан ташқари, тарихий маълумотларда 12 минг ғилдиракли аравалар, 7 мингга яқин тўрт ғилдиракли аравалардан ҳам фойдаланилганлиги қайд этилади. Канал узунлигига келадиган бўлсак, унинг узунлиги тахминан 300 километрни ташкил этади”.
Яна бир диққатга сазовор бўлган жойи шундаки, узунлиги 270 километрли канал қазилиши давомида 17 млн. м3 тупроқ қазиб чиқарилган бўлиб, шундан фақатгина 1,7 млн. м3 тупроқ (умумий кўрсаткичнинг 10 фоизи) техника ёрдамида қазилган. Бу эса ўзбек халқининг меҳнаткаш, муштарак мақсадлар йўлида уюшқоқ халқ эканлигидан далолатдир.
Ўзбекистон Миллий архиви илмий ходими Абдуҳамид ЖЎРАБЕКОВнинг айтишича, канал қурилиш жараёнида асосан эркаклар фаолият олиб борган. Аммо ўзбек аёллари ҳам меҳнатлари орқали ўз ҳиссаларини қўшишган. Масалан, тупроқларни эркаклар қопларда ташишган бўлса, аёллар челаклар да тумроқларни ташишган.
Шунингдек, ўша пайтда ўз даврининг машҳур санъаткорлари Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Лутфихоним Саримсоқова, Гавҳар Раҳимова ва бошқалар ҳалол меҳнат қилаётган ҳашарчиларни маданий хизмат кўрсатиш билан қўллаб-қувватлаганлар.
Бундан ташқари, Катта Фарғона канали, қурилиш ишлари ёритилган нашрлар ҳам ЎзМАда сақланмоқда. Улардан бири “Правда Востока” газетаси бўлиб, унда Катта Фарғона каналининг очилиш маросимига оид фотосуратлар ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, қурилиш жараёнлари 1939 йилнинг август ойидан бошланиб халқ ҳашари билан жуда қисқа муддат – 45 кунда қуриб, битказилган Катта Фарғона канали сабаб бугунги кунда эса Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда 500 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланиб, янги ерлар ўзлаштирилмоқда.
Одинахон ДЕҲҚОНОВА