Ўзбекистон мева-сабзавотининг 75 фоизи увол бўлмоқда, ягона ечим экспорт – мутахассис
Экспортни ривожлантириш нима беради? Нега Ўзбекистонда экспорт ҳамон ривожлана олмаяпти? Бу йўлда қандай тўсиқ ва муаммолар бор? Қачон маҳсулотларимиз дунё бозорини эгаллаб валюта тушумимиз кўпаяди?
“Халқона” лойиҳасида экспорт билан шуғулланувчи агрофирма раҳбари Дилдора АТАДЖАНОВА билан ана шу мавзуни икир-чикирларигача муҳокама қилдик.
Экспертнинг фикрича, “Ўзбекистонда экспорт билан боғланган муаммолар жуда кўп бўлган. Бу мустақилликка эришган пайтимиздан бошланган. Совет даврида бу соҳа тизими бошқача тузилган. Аввал мутахассислар, олимлар кўп бўлган. Бироқ кейин қишлоқ хўжалик соҳасига илмий ёндашув деярли йўқолди.
– Масалан, аввалдан қолган мева дарахтлари 20-40 йиллик бўлган. Бу агросоҳа учун яхши эмас. Чунки энг оптимал ҳолатда дарахтлар 7 йиллик бўлиши керак. Улар 7 ёшида кўп ва яхши ҳосил беради. Уларни 10-12 ёшгача парвариш қилиб турса бўлади. Лекин 12-15 ёшга чиққач, улар ўрнига янги ниҳоллар экилади. Далани ишлаб чиқариш, деб тасаввур қилсангиз, эски дарахтларни эскирган дастгоҳлар, деб ҳисобласа бўлади.
– Ҳозирда Ўзбекистон экспорт салоҳиятининг қанча қисмидан тўла фойдаланилмоқда? 6 йиллик тажрибангизга таяниб жавоб берсангиз.
– Ўзбекистонда 2018 йилда жами 900 миллион доллар қийматда, аммо биздан 10 баравар кичкина Нидерландияда эса 100 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Яъни биздан 100 баравар кўп ҳажмда. Шундан келиб чиқиб, имкониятларимиздан қанча қисмини фойдаланаётганимизни билиб олсак бўлади. Аслида ҳозирги кунда Ўзбекистонда 70 фоиздан кўпроқ маҳсулотни биз ҳар йили ахлатга ташлаб юборамиз. Чунки уни сота олмаймиз. Улар сотилса, анчагина даромад олиш мумкин эди. Лекин афсуски бугун бунинг акси. Бу ерда яна кўп муаммолар бор. Бутун тизимда муаммолар мавжуд. Шу боис экспорт салоҳиятимиздан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз. Ҳаттоки 50 фоизини ҳам ишлата олмаяпмиз.
Бир пайтлар юртимизда ички бозорни маҳсулотлар билан тўйинтириб, нархини тушириш мақсадида маҳсулотларни хорижга чиқариш чеклаб қўйилганди. Натижада ички бозорда нарх сунъий туширилди. Лекин четдан келадиган валюта тушуми камайиб кетди. Савол шуки, агар экспорт ҳажми кўпайиб бораверса, ички бозорда маҳсулот камайиб, қимматлашиб кетмайдими?
– Бу умуман нотўғри хавотир. Бизда 3-4 йилдан бери баҳор жуда совуқ келяпти. Ўрик дарахтларини совуқ уриб, ҳосил жуда камайиб кетди. Шу нарса нарх кўтарилишига сабаб бўлди. Яъни маҳсулот кам чиққанидан нарх кўтарилади. Ҳозирги ҳолатда 10 фоиз экспортга кетяпти. 15 фоизи Ўзбекистон ичида истеъмол қилиняпти. 75 фоизи эса увол бўлмоқда. Чунки Ўзбекистон аҳолиси бунча маҳсулотни еб тугата олмайди.
Хуллас, нарх кўтарилиши экспорт билан боғлиқ эмас. Экспортга фақат арзон нархдаги юк ўтади. Масалан, нега биздан олма экспортга кетмайди? Чунки олма Ўзбекистоннинг ичида 10-15 минг сўм ва бунга кўникиб қолдик. Лекин Россия ва бошқа давлатларда олманинг нархи 20 цент бўлиши мумкин. Бизнинг валютада 2-4 минг сўм. Биз олмада нарх жиҳатдан рақобат қила олмаймиз. Нархи баландлиги боис олма ва бошқа айрим маҳсулотларимиз экспортга кета олмаяпти. Демак, бирор маҳсулот қимматлашиб кетаётган бўлса, у аниқ экспортга чиқа олмаяпти. Яъни, биз арзон нарсаларни экспорт қиламиз.
Яна бир муаммоли жиҳат шуки, бизда деҳқонлар қўшнилари қандай нарх қўйса, шунга қараб нарх қўйишади. Чет элда эса ундай эмас. Уларда талабга қараб нарх қўйилади. Масалан, ерёнғоқни олсак, бизда 20 минг сўмга чиқди, яъни 2 доллар атрофида. Лекин чет элда ерёнғоқ нархи 1-1,2 доллар. Демак ерёнғоқ Ўзбекистон ичида ейилмоқда. Шу боис Ўзбекистоннинг ичида нарх ошса, бу экспортнинг айби эмас. Аксинча, экспорт ҳажми қанча кўпайса, шунча кўп валюта кириб келади. Иқтисодиёт шунчалик яхшиланади. Ҳар биримизнинг ҳаётимиз ҳам яхшиланади.
Нега айрим мева-сабзавот маҳсулотлари ўзимизда етиштирилса ҳам, ёки етиштириш имкони бўлса ҳам хориждан импорт қилинади?
– Мен боғбон ёки деҳқон эмасман. Нега картошка бизда яхши ўсмаслигини тушунтириб бера олмайман. Лекин шуни айта оламанки, бизда картошка ўзимизда етарли эмас. Нега деҳқонлар кўпроқ етиштирмаётганини билмайман. Лекин импорт қачон бўлади, қачонки, ўзимизда бу маҳсулот бўлмаса ёки қиммат, ёки кам бўлса.
Масалан, буғдойимиз бор. Лекин ундан яхши ун чиқмайди. Шу боис Қозоғистондан олиб келамиз. Шунга ўхшаб биз ҳам яхшироқ картошкаларни четдан келтирамиз.
Шундан келиб чиқиб, мен бу йил бир режани ўйлаяпман. Испаниядан гилос олиб киришни режалаштиряпман. Чунки Ўзбекистоннинг гилоси биринчидан қиммат. Сифати ёмон. Деҳқонларимиз ҳар қанча мақтаса ҳам, биз масалага илмий қарашимиз керак. Лекин шу гилосимизни деб кўпчилик банкрот бўлади. Чунки экспорт қиламан, деб дарров машиналарга юклайди. Лекин гилоснинг 90 фоизи ёмон аҳволда етиб боради. Битта “фура”ни тўлдириш 100 минг долларгача пулга тушади. Экспортчи бир пасда, бир ҳафтада шунча пулидан ажралиб қолиши мумкин. Чунки гилосларимизнинг ичида қурти бор. Ичини ёриб кўрсангиз, битта-иккита қурт топилади, барибир. Бу бор гап. Бу боғдорчилик, агротехника илми билан боғлиқ масала. Шунинг учун гилосимизнинг сифати ёмон. Бизда гилос сифати ёмон, дарахтлари эскирган. Ҳамда нархлари ўта қиммат.
Испанияда кўчат етиштирадиган компания бор. Улар бизда кўчат сотишади. Нега сизларда маҳсулот шунчалик ёмон бўлса ҳам нархлари бунча баланд, деб улар ҳайрон қолишади. Ҳозир биз Испаниядан Ўзбекистонга 2 баравар паст нархда гилос олиб кирсак бўлади. Бизда нархлар осмон. Четдан олиб келса арзонга тушади.
– Турли давлат ташкилотлари сизларга ёрдам беришяптими ёки ишингизга халақит беришяптими? Бир мисол, 5-6 йил олдин экспортчилар Ўзбекистонда суғуртачи компаниянинг мажбурий суғурта қилишидан шикоят қилишди. Лекин бу суғурта қоғози хорижга ўтмас экан. Шунга ўхшаган амалдорларнинг пул ишлаш учун қўядиган бемаъни талабларига дуч келдингизми?
– Албатта бизда камчиликлар етарли. Лекин ҳукумат экспортчиларни қўлда кўтариб юришга тайёр. Улар экспортдан жуда манфаатдор. Чунки валюта олиб келишнинг энг осон йўли экспорт. Шундоғам маҳсулотларимиз увол бўляпти. Ахлатга ташлаб юбориляпти. Бу маҳсулотни долларга айлантиришимиз мумкин. Пандемия даврида ҳам биз учун чегаралар ёпилмаган эди. Ундан ташқари ҳозир ҳам тизимни яхшилаш мақсадида ўз таклифларимни бериб келяпман. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шу таклифларимни қабул қилишди. Чунки улар ҳам шу соҳа ичида юрган мутахассислардан таклиф кутишади.
Лекин муаммолар ҳам бор. Масалан, ҳокимиятларга юқоридан режа қўйишади. Шу туман, шаҳар ёки вилоятдан шунча ҳажмда экспорт қилиш керак, дейишади. Аслида бу норасмий талаб. Лекин бирор ҳудуддан маҳсулотини экспорт қилимоқчи бўлсангиз, олдингизга келиб, “биздан экспорт қилмоқчи бўлсангиз, бизда компания очинг”, деб талаб қилишади. Ўз ҳисоботларида бу экспорт рақамлари акс этишини исташади. Бироқ 12 та вилоятда 12 та компания очмайсиз-ку?! Бу нотўғри нарса, қонунга зид. Агар Бош прокуратурага қўнғироқ қилсангиз, кейин “майли, бемалол экспорт қилаверинг” дейишади. Шунга ўхшаш кичик-кичик тўсиқлар бор. Аммо уларни ҳал қилса бўлади.
Яна бир мисол, 3-4 йил олдин “Ўзагроэкспорт” деган ташкилот бор эди. Улар бир муаммо чиқаришганди. Яъни масалан улар ўрик камида 2 доллардан экспорт қилинсин, деб талаб қўйишган эди. Чунки уларга ҳам экспорт ҳажмини кўпайтириш талаби қўйилади. Улар “нархни 2 баравар кўтарсак, ҳажми ҳам 2 баравар кўпаяди”, деб ўйлашади. Лекин экспортчилар аввало тадбиркор, улар доимо айланиб ўтиш йўлларини топишади дарров. Ахир шу маҳсулот қўшниларда 1,5 доллар бўлса, 2 доллардан сота олмаймиз-ку? Кейин экспортчилар бу муаммони кўтараверишганидан кейин, 1-2 ой ичида бу талаб олиб ташланган. Ҳозир минимал нарх масалан 20 цент. Шундан кам бўлмасин, дейишади.
– Бу йилги прогнозларга қараганда, Ўзбекистонда 7 миллиард кўп сув етишмаслиги айтилмоқда. Сув жуда кам бўлади. Маҳсулот кам бўлади. Шундай шароитда экспорт ҳажми пасайиб кетмайдими?
– Биз ҳали экспорт “шифти”га етиб бормадик. Маҳсулот етишмайдиган даражага ҳали-бери етиб бормаймиз. Маҳсулот жуда кўп. Бу ишимизга муаммо туғдирмайди.
– 2015 йил сентябр ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мева-сабзавотларни юк машиналарида экспорт қилишни тақиқлаб қўйишди. Фақат самолёт ва поездга рухсат берилди...
– Поезд ва самолётда юклаш-тушириш ишлари ва босқичлари кўпайиб кетади. Самолётдан тушириб, дарров музлатгичга солиб қўя олмайсиз. Юк машинаси қулай. Чунки бунда “совуқлик занжири” бузилмайди. Юк машинаси музлатгич ёнига бақамти қўйилади. Дарҳол мижоз омборига юклайсиз. Лекин Тошкент аэропортида маҳсулот самолётдан туширилгач, маҳсулот 20 дақиқача иссиқда қолиб кетади.
– Экспорт соҳасида монополия борми?
– 100 фоиз ишонч билан айтаманки, Ўзбекистонда бу борада монополия йўқ. Бизда ҳамма давлат ташкилотларига, ҳатто экспорт билан боғлиқ бўлмаса ҳам, экспортни оширишга ёрдам бериш режаси қўйилган. Улар бажонидил ёрдам беришади. Бу борада бизда муаммо йўқ.
– Хабарингиз бор, Европа Иттифоқининг GSP+ дастури мавжуд, 2021 йил 10 апрелдан кучга кирди. Унга кўра, Ўзбекистон ва яна 9 та давлатнинг маҳсулотлари Европа Итифоқига киритилишида имтиёзлар белгиланган. Аввал 3200 турдаги маҳсулот божхона тўловисиз, 3000 турдаги товарлар божхона тўловлари арзонлаштирилган ҳолда киритилган бўлса, энди 6200 турдаги товарларни божхона тўловларисиз киритишимиз мумкин. Шу дастур сизга фойда бердими?
– GSP+Европа томонида кириш божхона тўловларини камайтириш ҳақида. Лекин биз божхона экспортчилари бу тўловни амалга оширмаймиз. Биз Ўзбекистондан чиқишда божхона тўловларини амалга оширамиз. Европадаги божхона ташвишлари мижозлар зиммасида.
Лекин Ўзбекистонда Европадан кўра Россияга кўпроқ маҳсулот чиқаришга ўрганган. Кўп ташвиш чекишни исташмайди. Россияда сифати яхши бўлмаса ҳам сотиб олишяптику, деб, маҳсулотларни дарров “юмалоқ-ёстиқ” қилиб жўнатишади. Аммо GSP+ бор деб Европадаги мижозларни товарни олишга мажбур қила олмайсиз. Чунки маҳсулот сифатига талаб катта. Лекин бизда бошқа муаммолар ҳам кўп. Европага чиқариш учун аввал бошқа муаммоларни ҳал қилишмиз керак.
Масалан, бизда бир технологик хато кўп учрайди. Рефрижиратор-музлаткичли фурани дала бошига олиб бориб, маҳсулотни дарров рефрижираторга юклашади. Бу жудаям нотўғри нарса. Улар “ҳечқиси йўқ, йўлда совийди” дейишади. Лекин далада ҳарорат ҳозир 30 даражадан баланд. Маҳсулотингиз эса 1 даража ҳароратда бориши керак. Бу иссиқ мевани музалатгичга солсангиз, намлик конденсатланиб, сувга айланади. Сув эса ҳўл мева учун жуда хавфли, мевани чиритади. Кейин экспортчи катта зарар кўради.
Шу боис бу соҳада “совуқ занжирини” тушуниш, базавий маълумотларга эга бўлиш керак. Биздагилар нафақат буни билишмайди, балки тушунишни ҳам исташмайди. “Совуқ занжири” – маҳсулот даладан олинганидан бошлаб, то охирги нуқтага етгунича бир хил ҳарорат мувозанатига амал қилиш лозимлигини кўзда тутади.
Ҳозирда экспортчилардаги энг катта муаммо – бу сифат. Сифатли маҳсулотни топиш учун ҳар ҳафта Самарқандга, Ургутга бораман. Бир ҳафта ўша ерда қоламиз. Сурхондарёга боришимиз керак. Ҳамма жойларга бориб келишимиз керак. Биринчи иш бошлаганимизда, бир йилда 365 кун бўлса, шунинг 350 кунини вилоятларда ўтказганман. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларида бўлганман. Бу албатта осон эмас. Лекин ўртакаш воситачилар билан ишласангиз, маҳсулотингиз сифати йўқолгани боис, қабул қилишмайди. Чунки воситачилар “совуқ занжир”ини билишмайди ва бунга амал қилишмайди. Шунинг учун технологлар етарли бўлса, ойига 100 та фура маҳсулот ҳам экспорт қила оламан.
Ҳозир Ўзбекистонда мева-сабзавотлар жуда кўп. Музлаткич мажмуалари жуда кўп, бўш ётибди. Фуралар жуда кўп. Бу борада муаммо йўқ. Лекин экспортчи учун муҳим омил бу – технологиялар! Фақат тизимнинг тўғри ишлашини таъминлаб бера оладиган мутахассислар йўқ. Экспортчиларга ёрдам бериш учун ана шу тизимни яратиб бериш керак.
Ҳозир шунга интиляпман. Шунга эришяпман ҳам. Шу нарса экспортчиларимизга ёрдам беради. 1000 та фура келтириб, 100 000 та музлатгич сотиб олган билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди. Мутахассислар керак ҳозир.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ суҳбатлашди