Шавкат Мирзиёев июлда ШҲТ саммитида қатнашади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 июл куни Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган ШҲТ 22-саммитида иштирок этади. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида шу ҳақда хабар берилган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг виртуал форматдаги 22-саммитига Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди раислик қилади, деб хабар берди сешанба куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябр ойида Самарқандда Ўзбекистон саккиз аъзолик Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раислик вазифасини Ҳиндистонга топширган эди.
"Саммит мавзуси - " SECURE ШҲТ сари". SECURE қисқартмаси ШҲТнинг 2018 йилги саммитида Бош вазир томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Security; Economy and Trade; Connectivity; Unity; Respect for Sovereignty and Territorial Integrity; and Environment (хавфсизлик, иқтисодиёт ва савдо; ўзаро алоқалар, бирдамлик; суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш ҳамда атроф-муҳитни) англатади. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислигимиз давомида бу мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди”, — дейилади хабарда.
Ҳиндистон шу ой бошида Гоада ШҲТ ташқи ишлар вазирларини икки кунлик мажлисда қабул қилди.
Ҳиндистон ТИВ ШҲТга аъзо барча давлатлар – Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон саммитга таклиф этилганини маълум қилди.
Aъзо давлатлардан ташқари Эрон, Беларус ва Мўғулистон ҳам кузатувчи давлатлар сифатида таклиф қилинган.
Баёнотда, "ШҲТ анъаналарига кўра, Туркманистон ҳам раис меҳмони сифатида таклиф этилган. Саммитда ШҲТнинг икки органи – Котибият ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) раҳбарлари ҳам қатнашади. Шунингдек, олтита халқаро ва минтақавий ташкилот - БМТ, AСЕAН, МДҲ, КХШТ, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгаш раҳбарлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Ҳиндистон 2022-23 йилларга мўлжалланган ШҲТнинг биринчи маданий ва сайёҳлик пойтахти доирасида Варанаси шаҳрида турли ижтимоий-маданий тадбирлар ўтказишни режалаштирмоқда”, - дейилади ТИВ хабарида.
Ҳиндистон жами 134 та учрашув ва тадбирлар, жумладан, 14 таси вазирлар даражасидаги учрашувларга мезбонлик қилган.
"Ҳиндистоннинг ШҲТга раислиги қизғин фаоллик ва аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик даври бўлди.
Ҳиндистон ташкилотда ижобий ва конструктив рол ўйнашга содиқ қолади ва раис сифатида ШҲТ саммитининг муваффақиятли ўтказилишини интиқлик билан кутади", дея қўшимча қилинган баёнотда.
Таъкидлаш керак, Ҳиндистон 2005 йилда ШҲТда кузатувчи мақомини олган ва асосан Евроосиё минтақасида хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларига бағишланган гуруҳнинг вазирлар даражасидаги йиғилишларида қатнашиб келган. 2017 йилда эса ташкилотга аъзо этиб қабул қилинган.