platina.uz

Лукашенко: “Ядро қуроли ҳамма учун бўлиши мумкин”

Россия ўтган ҳафтада Беларусда тактик ядро қуролларини жойлаштириш режасини маълум қилди. Бу Ғарбда 1991 йилда Совет Иттифоқи қулаганидан бери Кремлнинг Россиядан ташқарида бундай каллакларни биринчи марта жойлаштириши ҳисобланади. 

Жаҳон
29 май 2023 йил
Лукашенко: “Ядро қуроли ҳамма учун бўлиши мумкин”

Россия президенти Владимир Путин давлат телевидениесига берган интервьюсида Россияга қўшнилари орасидаги энг ишончли иттифоқчи Минск экани ва Москва бирлашиш учун ноёб имкониятга эгалигини “стратегик жиҳатдан тушуниш” кераклигини айтди.

Беларус президенти Александр Лукашенко, агар бошқа давлат Россия-Беларус иттифоқига қўшилишни истаса, "ядро қуроли ҳамма учун" бўлиши мумкинлигини, яъни қўшилган аъзо билан бўлишиш мумкинлигини айтди.

“Ҳеч ким – Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар ҳам Россия Федерацияси ва Беларус яқин муносабатларда бўлишига қарши эмас”, деди Лукашенко. "Агар кимдир хавотирда бўлса... (у ҳолда) йўли осон: Белоруссия ва Россия Иттифоқи давлатига қўшилинг. Ўшанда ядровий қурол ҳамма учун бўлади".

Унинг қўшимча қилишича, бу Россиянинг эмас, балки ўзининг шахсий нуқтаи назари. Россия ва Беларус расмий равишда Иттифоқ давлатининг бир қисми, икки собиқ Совет республикаси ўртасидаги чегарасиз иттифоқ давлат ҳисобланади.

20 миллионлик халқи Москва билан яқин тарихий алоқаларга эга, бироқ Россия Украинанинг бир қисмини аннексия қилганини тан олишдан бош тортган Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Лукашенконинг иттифоққа қўшилиш таклифини рад этди.

“Мен унинг ҳазилини қадрладим”, — дея унинг Теlegram’даги сўзларидан иқтибос келтирган Тўқаев маъмуриятининг вакили. У, шунингдек, Қозоғистон аллақачон Россия етакчилигидаги кенг кўламли савдо блоки — Евроосиё иқтисодий иттифоқининг аъзоси экани, шу боис бошқа интеграция шарт эмаслигини қўшимча қилган.

“Ядро қуролига келсак, у бизга керак эмас, чунки биз “Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисида”ги шартнома ва “Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисида”ги шартномага қўшилганмиз. Биз ушбу халқаро ҳужжатлардаги мажбуриятларга содиқ қоламиз”, деган у ўз нутқида.

Россия ўтган йилнинг феврал ойида умумий қўшниси Украинага бостириб кириши учун Беларус ҳудудидан старт майдончаси сифатида фойдаланган. Шундан бери уларнинг ҳарбий ҳамкорлиги фаоллашди, Беларус ҳудудида қўшма ўқув машғулотлари ўтказилди.

Беларус Мудофаа вазирлиги ер-ҳаво ракеталари асосида ишловчи С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бир қисми Москвадан етиб келганини, тизимлар тез орада жанговар навбатчиликка қўйилишини маълум қилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+