Қозоғистон ҳеч бир давлатлар иттифоқига аъзо бўлмайди
Қозоғистон президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай Қосим-Жомарт Токаевнинг Москвада бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий форумидаги баёнотларига изоҳ берди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев таъкидлаганидек, ЕОИИ доирасидаги интеграция фақат иқтисодий ўзанда давом этиши мумкин ва шундай бўлиши шарт.
Матбуот котибининг айтишича, давлат раҳбарининг асосий муждаси шуки, ЕОИИ доирасидаги интеграция фақат иқтисодий ўзанда давом этиши мумкин ва шундай бўлиши шарт. Бу доирадан четлашиш ташкилотнинг низом ҳужжатларининг мақсадлари, тамойиллари ва вазифаларига зид келади.
"Президент таъкидлаганидек, иқтисодий интеграция бу асил мақсад эмас, балки иқтисодиётни ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини ошириш воситаларидан биридир. Яъни, ассоциация доирасида қабул қилинган ҳар қандай қарор ҳар бир инсон учун - индивидуал иштирокчи ва биринчи навбатда, барча ЕОИИ давлатлари фуқаролари учун ўз самарасини бериши керак", дея тушунтирган Руслан Желдибай.
Матбуот котиби, шунингдек, кўп босқичли интеграция деб аталадиган масалага ҳам тўхталиб ўтди.
"Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда ЕОИИнинг икки аъзоси - Россия ва Белоруссия янада юқори ва бақамти яқинлашув даражасини намоён этмоқда. Бу ўзига хос прецедент ҳисобланади. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, аслида гап бир халқ ва давлат ҳақида кетмоқда. Шу нуқтаи назардан, бир-биридан мутлақо бошқа мақсадларга эга бўлган иккита интеграция лойиҳаси доирасидаги ташаббусларни фарқлаш жуда муҳим вазифа. Қозоғистон ҳеч қандай давлатлар иттифоқини яратиш ёки унга қўшилиш ниятида эмас ва буни режалаштирмаяпти ҳам”, деган Қозоғистон президентининг матбуот котиби.