Путин собиқ совет республикалари давлатчилигига шубҳа билдирди
Сўнгги пайтларда бошига тушаётган шармандалик ва муваффақиятсизликлар ҳамда бункеридаги диққинафас ҳаёт туфайли Путин реалликдан тобора узоқлашиб бораётган кўринади. Унинг яна бир баёноти шов-шувга сабаб бўлди.
Россия президенти Украина ССР ташкил этилишидан аввал тарихда Украина деган давлат бўлмаганини айтди.
Путин Россия Конституцион судининг раҳбари Валерий Зорькин билан мулоқот чоғида шундай фикр билдирган. Зорькин унга XVII аср ўрталарида, қирол Людовик XIV даврида тузилган француз харитасини кўрсатиб, унда Украина, шунингдек, бошқа совет квазидавлатлари (!) кўрсатилмаганини айтди. Путин эса унинг гапини маъқуллаб, "ҳа, албатта, бизга маълумки, бу ерлар (Украина ҳудуди - таҳр.) Реч Посполита таркибида бўлган, кейин Московия подшолиги таркибига қабул қилишларини сўраган. Кейин эса бошқа ясама ва қалбаки совет давлатлари ҳам (уларга Ўзбекистон ҳам киради - таҳр.) фақат Октябр инқилобидан кейин пайдо бўлган. Совет ҳукумати эса Украина ССРни ташкил қилган" деган.
Бу мунозарали баёнот турли сиёсатчи ва экспертлар томонидан танқидга учради. Жумладан, ўзбекистонлик эксперт олим Юлий Юсупов ўз телеграм каналида "бу миллатчилар ниҳоятда ахмоқ шекилли. Наҳотки ўша даврдаги Европа хариталарида ҳозир Россия эгаллаган ерлар Татария ёки Тартария деб кўрсатилганини билишмаса? Ҳатто 1771 йилдаги Британия энциклопедиясида ҳам бу ҳудудлар Буюк Тартария деб белгиланган. Гап шундаки, Московия қачонлардир Мўғул империясининг Жучи (Ботунинг отаси) улуси таркибида бўлган.
Кейин эса бир айланиб квазидавлатга айланиб қолган. Яхши эмас. Мўғуллар империяси таркибига қайтиш керак унда. Ворис ҳам тайёр - Си амакининг Хитой давлати ҳозиру-нозир. У тарихий адолатни тиклашга қарши бўлмайди" дея истеҳзоли муносабат қолдирган.
Гарчи охирги пайтларда "линияси"нинг тутуруғи қолмаган Путиннинг кечаги гапи бугунги гапига зид келаётган бўлса ҳам, Украина давлати ҳақидаги бундай камситиш оҳангидаги гаплари аввал ҳам янграган. Украинага бостириб киришидан бир йил аввал, 2021 йил декабр ойида берган охирги катта конференциясида Путин Украина давлати пайдо бўлишида Лениннинг ҳиссаси катта бўлганини урғулаган. Путин Украинага уруш очишидан сал аввал россияликларга қилган мурожаатида ҳам айнан Лениннинг саъй-ҳаракатлари билан Украина давлати пайдо бўлганини таъкидлаган. Бу каби илмий ва мантиқий асосга эга бўлмаган гаплари билан Путин Украина давлатининг легитим эмаслигини исботлашга, уни босиб олишга уринишини қонунийлаштиришга, ҳаракат қиляпти. Ўзини тарихий адолатни тиклаётган қаҳрамон қилиб кўрсатишга уриняпти. Худдики, "аввал менга тегишли бўлган нарсани оляпман", демоқчидек. Бироқ ҳамма кўриб турган оқ чойнакнинг қоралигини исботлашдан фойда йўқ. Чунки оқни миллион марта қора, деган билан қорайиб қолмайди барибир.
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, "Украина – бу «протекторат эмас, губерния, вилоят ёки кронланд ҳам эмас, бегона империяларнинг бир қисми эмас, бирор давлат таркибидаги "ерлар" эмас, иттифоқдош республика эмас, мухторият ёки провинция ҳам эмас. Украина бу эркин, суверен, бўлинмас ва мустақил давлат". "Биз бўлганмиз, бормиз ва бўламиз", деган Зеленский.
Қайд этиш жоиз, собиқ совет давлатларининг легитимлигига эътироз биринчи марта ошкор қилинаётгани йўқ. Хитойнинг Франциядаги элчиси ҳам шу ой бошида "собиқ совет республикалари тузилиши легитим эмас, уларни давлат сифатида ташкил этилганига оид бирорта салмоқли халқаро ҳужжат йўқ", дея таъкидлаганди. Албатта бу расмий Хитой муносабати бўлмасада, расмий ҳукумат уни рад этмаган ва маъқулламаган ҳам.