“Парда ортидаги гаплар”: Марказий Осиёдан ким кўпроқ манфаатдор?
“Катта еттилик” давлатлари Хитойнинг ўсиб бораётган таъсири ва иштаҳасини қисқартириш муаммоларини муҳокама қилаётган бир пайтда Хитойда Марказий Осиё минтақасидаги 5 та давлат – Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларининг раҳбарлари иштирокида "Марказий Осиё – Хитой" саммити бўлиб ўтди.
Хитой шимоли-ғарбидаги Сиан шаҳрида бўлиб ўтган икки кунлик анжуманда ХХР раиси Си Цзиньпин чегераолди савдони кенгайтириш минтақа мамлакатларига деярли 4 миллиардлик ёрдам таклиф қилди.
Халқаро тадбирда Хитой томони Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ниятини билдирди. Шунингдек, замонавий автомагистраллар ва темир йўл линияларини қуришга, газ етказиб беришга хизмат қилувчи қувурларни қуришга ваъда берди.
Пекин, шунингдек, фан ва технологиялар ёрдамида камбағалликни қисқартириш борасида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқишга қарор қилган.
Хитой етакчиси Си Ғарб давлатлари етакчиларини танқид қилиб, уларни Пекиннинг иқтисодий-сиёсий тараққиётига тўсқинлик қилишда айблади.
- Биз Глобал хавфсизлик ташаббуси доирасида ҳаракат қилишимиз ва минтақа давлатларининг ички ишларига ташқаридан бўладиган ҳар қандай таъсирга ёки “рангли инқилоблар” уюштирилишига тўсқинлик қилишимиз лозим. Биз учинчи кучлар – терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашмоғимиз ҳамда минтақада хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишимиз лозим, деган Хитой раҳбари.
ХХР раиси, шунингдек ўз нутқида «Дунё барқарор ва фаровон Марказий Осиёга муҳтож”, деди.
Экспертларнинг айтишича, Хитойда ўтказилган саммитга Россиянинг таклиф этилмагани ҳам мажозий маънога эга.
Айримлар буни Хитойнинг минтақада Россия ўрнини олишга уриниши, деб баҳолашди. Аммо аксарият экспертлар бошқача фикрда.
Марказий Осиёни шундоқ ҳам қарз тўри билан ўраб олган Хитой учун Россия ўрнини эгаллашдан манфаат йўқ. Чунки Россия барибир минтақа давлатларининг асосий савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.
Қолаверса, қарийб 6 миллионлик меҳнат мигрантлари оқимининг 90 фоизи Россияга йўналган. Минтақадаги кўпчилик стратегик корхоналар, газ ва нефт қувурлари ҳамда сақлаш омборлари Россия фуқаролари томонидан сотиб олинган.
Хитойнинг бундай шароитда Марказий Осиёдан манфаатлари асосан ўзи учун манфаатли савдо алоқалари ва хавфсизлик ҳалқасини тузишда кўринади, холос, дейишмоқда шарҳловчилар.
Қолаверса, “душманимнинг душмани – менинг дўстим” деганларидек, Хитой АҚШ ва Ғарбни ўзига рақиб, деб кўраётган бир пайтда Россия билан ҳамкорликда уларнинг таъсирига қарши курашдан манфаатдор.
Бунга сабаблар ҳам бордек. Айни пайтда Хитойнинг Тайванга таҳдиди, уйғурларни геноцид қилаётгани, мамлакат ичида миллий ва диний озчиликларни таъқиб қилиши, инсон ҳуқуқларини камситиши тизимли тус олгани боис ҳатто “Катта еттилик” G7 дан чиқаришга ҳам чақириқлар янграмоқда.
Ҳатто Британия Бош вазири Риши Сунак Хиросимада ўтган G7 саммити якунлари бўйича учрашувда Хитойни глобал хавфсизликка таҳдид деб атади.
“Хитой глобал хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги асримиздаги энг катта муаммодир”, деган у.
Бош вазирнинг айтишича, Лондоннинг бу масалага муносабати “иттифоқчилар қилаётган ишларга тўлиқ мос келади”.
Сунакнинг таъкидлашича, Лондон G7 иттифоқчилари билан биргаликда "Хитойни бошқа давлатларнинг суверен ишларига аралашиш учун иқтисодий мажбурлашдан фойдаланишнинг олдини олишни" истайди.
Хитойнинг Марказий Осиё билан ҳамкорликка катта эътибор қаратаётганига яна бир сабаб - “Бир белбоғ – бир йўл” лойиҳасидир. Хитой, Қирғизистон, Ўзбекситон, Туркманистон ҳудудларидан, яъни Россияни айланиб ўтиб, Европага йўналган темир йўл чизиғи Хитой учун ҳозирги шароитда – Россия ҳукумати ўзи бошлаган аҳмоқона уруш туфайли санкциялар ва муаммолар ботқоқоғиға ботган бир шароитда катта аҳамиятга эга.
Шунинг учун Хитой трансчегаравий юк ташиш ҳажмини оширишни, транскаспий халқаро транспорт коридорини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини билдирган. ХХР Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон автомобиль йўли ва Хитой-Тожикистон-Ўзбекистон автомобиль йўлининг ташиш имкониятини оширишга, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли бўйича маслаҳатлашувларга чақирмоқда.
Иккинчидан ва энг катта мақсад – Марказий Осиё гази ҳисобланади. Иқтисодиёти кун сайин ривожланиб, аҳолиси ўсиб бораётган Хитой учун газ янада кўпроқ керак бўлади.
Хитой-Марказий Осиё газ қувурининг тўртинчи линияси қурилишини тезлаштириш, нефть ва газ савдосини кенгайтириш, энергетика саноати занжирлари бўйлаб ҳамкорликни давом эттириш, янги энергия ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш ҳам Хитой учун устувор аҳамиятга эга.
Қолаверса, Марказий Осиё бозори ва меҳнат ресурслари ҳам камроқ бўлса-да, Хитой учун қизиқиш уйғотади. Том маънода пули кўплигидан қаерга инвестиция қўйишни билмаётган Хитой минтақада жуда йирик лойиҳаларни амалга оширишга қодир.
Минтақа давлатлари учун яна бир аҳамиятга молик ва манфаатли жиҳат – Хитойнинг ирригация соҳасига, шунингдек, Орол денгизи муаммосига доир режалари мавжудлигидир. Сув танқислиги тобора кучайиб бораётган бир шароитда бундай ташаббуслар “ярага малҳам сургандек” таъсир кўрсатади.
ХХР томонининг билдиришича, Хитой яшил инновацияларни илгари сурмоқчи. Хитой Марказий Осиё давлатлари билан шўр-ишқорли ерларни яхшилаш ва улардан фойдаланиш, сувни тежайдиган суғориш тизимини ривожлантириш, Орол денгизининг экологик инқирозини енгиш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш ниятини изҳор қилган.
Аммо Хитойдаги саммитдан ва пировардида тузилган битимлар орасида минтақа давлатлари, айниқса, Ўзбекистонни қизиқтирган жиҳат – камбағалликни қисқартириш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш ва амалга татбиқ этиш билан боғлиқ.
Ва ниҳоят, “парда ортидаги” гапларга қараганда, Хитой минтақа давлатлари билан бирга ҳарбий иттифоқ тузиш таклифини берган.
Бир сўз билан айтганда, Хитой собиқ СССР республикаларини ҳарбий ва иқтисодий «соябон» остига олиб, Марказий Осиёдаги таъсир зонасини кенгайтиришга уринмоқда.
Хитой раҳбари Си Цзинпин Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашиб, уларга ҳамкорликни, жумладан, мудофаа соҳасида ҳам кенгайтиришга таклиф қилган.
Гуруҳнинг "С5" деб ном олган илк юзма-юз саммити ўтмишда машҳур «Ипак йўли» келиб чиққан қадимий Хитой пойтахти Сиан шаҳрида бўлиб ўтгани ҳам рамзий аҳамиятга эга.
Музокаралар якунида Си Цзинпин «минтақадаги тинчликни таъминлаш» учун Марказий Осиё республикаларининг «мудофаасини кучайтириш»га ва уларнинг хавфсизлик имкониятларини оширишга Хитойнинг тайёрлигини маълум қилди.
Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё давлатларининг ва Хитойнинг ўз манфаатлари бор. Бу манфаатлар ўзаро мос келадиган жиҳатларни кучайтириш эса ҳар икки томон учун ҳам манфаатли истиқболни яратиши шубҳасиз.
Аммо шу ўринда “қарзга бўлса ҳам уйлан, хотин ёнга қолади”, деган ўзбекда мақолини эслаш жоиз. Хотинку ёнга қолар, Тожикистонга ўхшаб, қарз эвазига ердан ажралиб қолмасак бўлгани.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ шарҳлади