Абдуллоҳ Эгамбердиев! Ҳа, бу ўша! Бугуннинг қаҳрамони!
Ҳеч бир ихтисослашган ёки Президент мактабининг эмас, балки пойтахтдаги оддий умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси 7,5 балл билан IELTS халқаро сертификатини қўлга киритди. Пойтахтдаги оддий умумтаълим мактабининг 11 ёшли ўқувчиси бу натижага қандай эришгани ҳақида platina.uz га берган эксклюзив интервьюсида айтиб берди.
Маълум бўлишича, кун қаҳрамони Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 147-сонли умумтаълим мактабининг 4-"Б" синф ўқувчиси Абдуллоҳ Эгамбердиев. Биз уни топдик ва суҳбатлашдик.
Унинг айтишича, инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ёшлигидан мавжуд бўлиб, уйда ота-онаси билан ҳам чет тилида мулоқотда бўлар экан.
Абдуллоҳ ЭГАМБЕРДИЕВ: – Ёшлигимдан YouTube платформаси орқали мультфильмларни инглиз тилида томоша қилар эдим ва дастлаб шу орқали бу тилни ўрганганман. Кейинчалик мактабда инглиз тилини мукаммал ўрганишга киришдим. Дарсдан кейин қолиб, ўқитувчимиз билан қўшимча дарс қилар эдим. Уйга боргач, дадам ва ойим менга дарсларимда кўмаклашар, ҳатто уйдаги мулоқотимиз ҳам айнан инглиз тилида бўлар эди. Мен юқори натижаларни қўлга киритишимга асосий сабаб ҳам шу аслида.
Абдуллоҳнинг айтишича, инглиз тилини ўрганиш, имтиҳонга тайёрланиш бироз унга қийинчилик туғдирган, лекин IELTS имтиҳони вақтида ҳеч ҳам ҳаяжонга тушмаганини, айниқса, тест жараёнини осонлик билан топширганини айтиб ўтди.
Халқимизда "Устозидан ўтмаган шогирд шогирд эмас" деган нақл бор. Абдуллоҳга инглиз тилидан сабоқ берувчи ўқитувчининг IELTS кўрсаткичи 6,5 баллни ташкил қилади, ёш шогирднинг натижалари эса 7,5 балл. Аслида ўқитувчининг таълим даргоҳида таҳсил бериши учун олинган IELTS натижалари эмас, балки шогирдларининг эришаётган ютуқлари эътиборга молик жиҳат.
Райҳон КОМИЛОВА, инглиз тили фани ўқитувчиси: – Биз у билан 3-синфда ишлашни бошладик ва дастлаб умумий билимларини оширдик. 4-синф ноябрь ойидан бошлаб IELTS имтиҳони учун тайёрловни бошладик. Бу паллада дастлабки 3 ой енгил ўтди, кейин эса дастурлар қийинлашгани сари унда бироз қийинчилик бўлди. Баъзида йиғлаган ҳолатларини ҳам эслайман. Чунки бу имтиҳон жуда мураккаб. Абдуллоҳнинг вазминлиги, бирор қийинчиликка осон таслим бўлмаслиги, топшириқларни мукаммал бажариб, инглиз тилини аъло даражада ўзлаштиргани унинг юқори балл тўплашига сабаб бўлди, назаримда.
Хоразм вилоятидан келиб пойтахтда қарийб 10 йилдан буён фаолият юритаётган ўқитувчи Райҳон Комилованинг таъкидлашича, IELTS имтиҳонидан юқори натижаларга эришиш учун айнан қиммат ўқув курсларида таҳсил олиш шарт эмас. Шунчаки дарс жараёнидаги барча билимларни доимий такрорлаб, кундалик сўзлашув услубини ҳам ён-атрофидагилар билан ушбу тилда олиб борса, мақсадга мувофиқ.
Замира ИСАЕВА, 147-мактаб директори: – Мен мактабга 2021 йилда раҳбар бўлиб келганман. Ўша йили битирувчиларнинг 8 нафари ОТМ талабаси бўлди. 2022 йилда эса бу кўрсаткич 22 тани ташкил қилди. Демак, ҳар қандай муҳитда таълим сифатини оширса бўлади, деган қараш менга янада масъулият юклади. Биласизми, мен мактабимда таҳсил олаётга 700 га яқин ўқувчининг ҳар бирини шахсан танийман.
Абдуллоҳ ҳам менга фанзандимдек бўлиб қолган. Унинг бугунги кундаги ютуқлари эса мени ҳар қачонгидан қувонтирди ва мактабимиз нуфузини янада оширди. Бу учун нафақат унинг ўзига, устози ва ота-онасига ҳам алоҳида ташаккур, деб қоламан.
Аббосжон ИМОМОВ