Фарғонада 80 минг АҚШ долларига ерни сотмоқчи бўлган ферма раиси ушланди
Бувайда туманида боғдорчилик учун ажратилган 0,75 гектар ерни ноқонуний сотмоқчи бўлган фермер хўжалиги раҳбари қўлга олинди.
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида фермер хўжалигига ажратилган ер майдонини ноқонуний сотишга уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
“Sh.S.” фермер хўжалиги раҳбари Ф.М. “Ғ.” ММТП ҳудудидан боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ажратилган суғориладиган ер майдонининг 0,75 гектарини фуқаро Г.Б.га 80 000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.