platina.uz

Яшаш қимматга тушяпти, айниқса шаҳарда

Бугунги кунда шаҳарда яшаш инсонларга жуда қимматга тушяпти. Моддий қийинчилигу қимматчилик бир ёндан чўнтагимизни кемирса, экологик муаммолар, турли-туман шовқинлар бир томондан соғлигимизни емиряпти.

Мақола
21 май 2023 йил
Яшаш қимматга тушяпти, айниқса шаҳарда

Кечаю кундузнинг фарқи йўқ

Бугун Ўзбекистон катта қурилиш майдонига айланган, айниқса пойтахт Тошкентда бу жараён жадал кетмоқда. Уй қуриб сотиш, осмонўпар бинолар тиклаш тадбиркорларга яхшигина фойда келтираётгани аниқ, аммо бу оддий аҳолига жуда қимматга тушяпти. Бу қурилишлардан чиқадиган чанг бир муаммога айланган бўлса, энди қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида ҳосил бўладиган шовқинлар ҳам аҳолини безовта қилиб қўймоқда. Қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда яшовчилар доимий шовқиндан норози.

Мен Янгиҳаёт туманида яшайман. Бу ерда ҳали уйлар қурилиши давом этяпти. Исталган вақтда тақирлатишни бошлайди, бу ерда тун бўйи ҳам қурилиш қилишади. Қурилиш яқин масофада бўлгани учун деразани очсак, шовқини жуда баланд эшитилади. Ухлай олмай, неча марта жанжал қилган ҳолатларимиз ҳам бўлган”, - дейди Акбар Эшонқулов.

Яна бир муаммо нафақат қурилиш давомида, умуман қўшинларимиз ҳам уйида таъмирлаш ишларини қилса, бошқаларни огоҳлантирмайди. Бу эса келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Дрел ва турли шовқинлар сабаб чақалоқларнинг уйқуси бузилади. Болам энди ухлаганда дрил овози эшитилиб қолади. Қўрқиб уйғониб кетади. Бир девор нарида эшитилгани учун овози жуда баланд. Бу ёш болаларнинг психологиясига жуда ёмон таъсир қилади. Ҳатто катта одам чўчиб уйғонса, қандай ёмон бўлади. Ёш болани тасаввур қилаверинг”, - дейди Учтепа туманида яшовчи Гулчеҳра Жамолова.

Чилонзор туманида яшовчи Жавоҳир Эгамбердиев эса туни билан машиналар шовқинидан арзи-ҳол қилади.

Уйимиз катта йўл яқинида жойлашган. Туни билан машиналарнинг сигнал товушлари, кескин тўхташларию, юк машиналарининг ерни титратиб кетиши эшитилиб туради. Ухлолмай, асабларимиз таранглашиб кетади”, - дейди у.

Ҳар бештадан битта руҳий касаллик шовқин туфайли юзага келади

Урбанизациялашган шаҳарларда шовқин-сурон жуда кўп асаб касалликларини келтириб чиқаради. Япония миллий ҳисоботи далилларига кўра, мамлакат аҳолисини энг кўп безовта қиладиган унсур шовқин экан. Англиядаги шифокорларнинг таҳлилига кўра, эркакларнинг тўртдан бир ва аёлларнинг учдан бири шовқин оқибатида асаб касалликларига учрар экан. Француз руҳшуносларининг билдиришича, руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётган беморларнинг ҳар бештасидан биттаси шовқин туфайли ақлидан ажраган экан.

Шовқиннинг асаб тизимига салбий таъсири иш жараёнидаги ўта асабийлашиш билан бир хил экани тадқиқотларда исботланган. Юқори даражадаги шовқин ҳомилага ҳам ўта салбий таъсир кўрсатиши аниқланган бўлиб, туғилажак чақалоқларда турли нуқсон ва туғма касалликларни келтириб чиқарар экан.

Шовқин таъсирига қарши курашиш зарурати бор

Кишилар онгига таъсир қилувчи шовқин таъсирига қарши курашиш зарурати халқаро даражада эътироф этилган. Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 2021 йил 5 октябрдаги 48-сессиясида инсоннинг хавфсиз, тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини умуминсоний ҳуқуқ сифатида эътироф этган резолюция қабул қилинди.

Ўзбекистонда эса фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш соҳасида қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, бугунги кунга қадар мамлакатимизда зарарли шовқин таъсирига қарши курашиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

Мисол учун, “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, автотранспорт воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик талабларига, шунингдек, стандартлар ва техник шартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак. Айни пайтда, “тунги вақт” бўйича ягона тушунча ҳам мавжуд эмас. Масалан, ушбу вақт Меҳнат кодексининг 188-моддасига мувофиқ – соат 22:00 дан 06:00 гача, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига мувофиқ 23:00 дан 06:00 гача, “Турар жой биноларида, жамоат бинолари ва уй- жой қурилиши ҳудудларида рухсат этиладиган шовқин меъёрларидан ошмаслигини таъминлашга қўйиладиган санитария қоидалари ва нормалари”га (СанПиН 0267-09-сон) мувофиқ эса – 23:00 дан 07:00 гача деб белгиланган.

Шунингдек, ушбу соҳада маълум илмий изланишлар мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлаш зарур. Маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида шовқин соҳасида фақат битта кенг қамровли тадқиқот ўтказилган.

Шуни таъкидлаш керакки, бир қатор хорижий мамлакатларда шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Мисол учун, Японияда 1968 йилги “Шовқинни тартибга солиш тўғрисида”, Америка Қўшма Штатларида 1972 йилги “Шовқинни назорат қилиш тўғрисида”, Буюк Британияда 1996 йилги “Шовқин тўғрисида” қонунлар мавжуд.

Германияда транспорт ҳаракати шовқинига қарши курашда йўллар четидаги шовқин даражасини аниқлаш ускуналаридан фаол фойдаланилади.

Францияда автоматик фото-видеокамералар шовқин даражаси кучли бўлган автомашинани таниб олиш, автоматик равишда суратга олиш ва унинг рақамини ўқиш қобилиятига эга шовқин радарлари билан жиҳозланган, ушбу тизим автотранспорт эгасига жарима тўлаш зарурлиги ҳақида хатни автоматик равишда юборади.

Хориж тажрибасини ўрганиш асосида юртимизда ҳам бир неча тартиб, қоидаларни ишлаб чиқиш зарур. Энг аввало, шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашишни янада пухта ва аниқ тартибга солиш лозим. Шунингдек, рухсат этилган шовқин даражасига аниқлик киритиш, белгиланган даражадан ортиқ шовқин таъсири учун товон тўлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш керак.

Ушбу ташаббусларнинг имкон қадар тезкорлик билан амалга оширилиши жамият ҳаётини яхшилаш, шовқиннинг салбий таъсирига барҳам бериш, шунингдек, зарарли меҳнат шароитларига эга ишчилар ҳамда шовқин таъсири мавжуд ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳоли учун адолатли компенсация тўловлари жорий этилишига хизмат қилади.

Шаҳруза Саъдулло қизи

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+