platina.uz

Тақиқланган сайтлар ва саҳифалар яна эълон қилинди

Диний қўмита хулосасига кўра, Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик ва террористик контентлар: сайтлар, саҳифалар номлари оммага ошкор қилинди. Бу нашида орқали ўзи билмаган ҳолда қамалиб кетган ёшлар иши ортидан рўй беряпти.

Жамият
19 май 2023 йил
Тақиқланган сайтлар ва саҳифалар яна эълон қилинди

Бу амалиёт хорижда ҳам кенг қўлланилади. Ёшлар, аҳоли адашиб хато йўлга кириб кетмаслиги учун шундай ташкилотлар рўйхати тузилиб, оммага эълон қилиб турилади.

Мисол учун, АҚШда 68 та, Россияда 47 та, Буюк Британияда 78 та ва Туркияда 15 та экстремистик ва террористик ташкилотларнинг фаолияти тақиқланган, шу билан бирга, Россияда 5342 та, Қирғизистонда 167 та ва Тожикистонда 2417 та радикал контентлар суд томонидан тақиқланган.

Олий суднинг 60 га яқин қарори чиқарилиб, уларга мувофиқ 500 дан ортиқ контент радикал мазмунда деб топилган ҳамда уларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.

Таъкидлаш жоизки, ноқонуний деб топилган контентлардан аҳолини хабардор этиш – мазкур йўналишда олиб борилаётган фаолиятнинг самарадорлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан ҳисобланади.

Президентнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4436-сон қарорига кўра, Адлия вазирлиги ва Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизаси ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос ҳисобланиши қайд этилган.

Мазкур қарорга асосан, Дин ишлари бўйича қўмита муайян бир шахсга ёки унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан экспертлик хулосасини бермайди. Қўмита ҳуқуқ-тартибот органлари тақдим этган диний мазмундаги материалларнинг мазмуни юзасидан давлат диншунослик экспертизасини ўтказади ҳамда улар бўйича экспертлик хулосасини Ўзбекистон Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тайёрлайди.

Шу билан бирга, диний мазмундаги материаллар тегишли қонун ҳужжатларига кўра:

  • жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёки бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёхуд ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;
  • Ўзбекистоннинг мавжуд конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
  • уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек диний экстремизм ва сепаратизм ғояларини тарғиб этиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;
  • диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;
  • диндорларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;
  • фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;
  • давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш каби ғоялар акс этган материалларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш ва тарқатилишига йўл қўйилмайди.
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+