platina.uz

“Ойлиги ботмон босар”: катта маош ва мукофот фақат раҳбарларга ярашадими?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда гоҳ у, гоҳ бу давлат ташкилотларида раҳбарларнинг ўзларига “отнинг калласидек” маош ва мукофот пуллари ёздириб олишаётгани ҳақида хабарлар чиқиб турибди.

Мақола
18 май 2023 йил
“Ойлиги ботмон босар”: катта маош ва мукофот фақат раҳбарларга ярашадими?

“ЎзТест” раҳбари еганини “қусиши”га тўғри келди

Жумладан, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (ЎзТест) раҳбариятининг январь-февраль ойларида катта миқдорда олган ойлик маошлари ва марказ ишчилари ойликларида чекловлар юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унга кўра, муассаса бош бухгалтери январь-февраль ойларида умумий ҳисобда 469 миллион сўм, раҳбари Жамшид Ғаниев эса икки ой учун 136 миллион сўм маош олгани кўрсатилган. Энг қизиғи, Жамшид Ғаниевнинг маоши ходимларникидан 20-30 марта кўпроқ. Оддий ходимларнинг ойлик маоши 3-4 миллион сўм, холос.

Муассаса директори ва бухгалтерининг ҳаддан ортиқча маошлари фонида ижтимоий тармоқларда бошқа бир жадвал нусхаси, яъни ташкилотнинг юқори маош оладиган барча ходимлари ҳақида маълумот тарқалди. Унга кўра, икки ой давомида ташкилотдаги турли лавозим эгалари 30 миллиондан тортиб 468 миллион сўмгача маош олишган. Кейинчалик бу хабар рост экани тасдиқланиб, ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилди ва натижада “ЎзТест”нинг раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Давлат пулини “туя қилаётган” мансабдорлар рўйхати давом этади

Афтидан, бундай ҳолатлар мамлакатимиздаги бюджет ташкилотларида ҳам тизимли муаммога айланган кўринади. ЎзТест можароси тугамасидан, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги яна бир ташкилот – Ўзбекистон миллий метрология институтининг директоридан тортиб юристигача юқори маош олгани ҳақида маълумот тарқалди. Интернетга сиздирилган рўйхатда институт директорининг бир йил давомида 272 миллион, бош бухгалтерининг 303 миллион, юристининг 402 миллион ҳамда бўлим бошлиқларининг 141 ва 148 миллион сўмдан ойлик маош олгани қайд этилган.

Таъкидланишича, ходимларга Институт фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари, фаолиятни такомиллаштириш бўйича таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқишда қўшган ҳиссаси, тегишли халқаро тадбирларни (учрашув, йиғилиш, конференция ва ҳоказо) ташкиллаштиришдаги фаол иштироки, алоҳида ташаббуслари учун рағбатлантириш амалга оширилади.

Афсуски, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимидаги ушбу икки ташкилотнинг ғалваси совумасидан, яна бир давлат ташкилотида бюджет пуллари “туя қилинаётгани” ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Бу гал ижтимоий тармоқларга сиздирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Гидрометеорология агентлиги раҳбарлари ўз маошларига қўшимча равишда рағбатлантириш тайинлаган. Гидрометеорология хизмати марказининг бош директори Шерзод Ҳабибуллаев ўзини ўзи 46 миллион сўм билан рағбатлантиргани ҳақидаги буйруқ нусхаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Гидрометеорология хизмати агентлиги директори томонидан имзоланган “Ўзгидромет” ходимларининг иш ҳақига устамалар белгилаш тўғрисидаги буйруғи Ижро интизомининг ягона идоралараро электрон тизими платформасида эълон қилинган.

Ҳужжатдан кўринадики, “Ўзгидромет” раҳбари ўзи ва ўринбосарига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари (920 минг сўм), яъни 46 миллион сўм миқдорида пул мукофоти тайинлаган.

Ҳозирда Табиат ресурслари вазирлиги томонидан ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланди ва тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Раҳбарлар ўзига шунча катта ойлик ёки мукофот ёзиши мумкинми?

Албатта шаҳар бедарвоза эмас. Давлатнинг, аниқроқ айтсак, халқ пулини қаерга ва қандай ишлатишларини назорат қилувчи идоралар мавжуд. Адлия вазирлиги, прокуратура, қолаверса, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджет пуллари ноқонуний сарфланишининг олдини олишга мутасадди ташкилотлардир.

Қолаверса, Адлия вазирлиги томонидан 1995 йил 20 сентябрда 177-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисида”ги Низом бу каби ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун асосий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу Низомнинг 3.2-бандига мувофиқ, бюджет муассасалари ва ташкилотларининг юқори малакали ходимларига хизмат вазифаларини ташаббус кўрсатиб ва сидқидилдан бажаришларини рағбатлантириш мақсадида меҳнатда юқори ютуқларга эришганлик учун лавозим маоши (тариф ставкаси)нинг кўпи билан 50 фоизи миқдорида шахсий устамалар белгиланади. Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молияланадиган давлат бошқаруви органларида кўрсатилган устамалар энг юқори миқдорлар билан чекланмайди.

Демак, ўзларига “оғзиларига сиққан” миқдорда мукофот пули ёзиб олаётганларнинг бу хатти-ҳаракатларини ҳам қонунга мувофиқ, дейиш қийин.

Қолаверса, Низомга мувофиқ, кўрсатилган устамалар раҳбар ходимлар учун юқори ташкилот томонидан, қолган ходимлар учун эса муассаса ёки ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органларида аппарат ходимларига устамалар мазкур орган раҳбари томонидан белгиланади. Давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш юқори органнинг қарорига биноан амалга оширилади.

Яъни, бирор давлат ташкилотининг раҳбарини мукофотлаш унинг ўзига тегишли ваколат доирасига кирмайди. Мазкур раҳбарга мукофот ёзиш фақат ундан юқори турадиган орган раҳбарининг вазифаси ҳисобланади. Акс ҳолда, бу худди “ўзимнинг бахтимга ўзим омон бўлай, ҳурмат билан ўзим”, дея ўзини ўзи табриклашга ўхшайди.

Халқнинг пулини ўз фойдасига талон-тарож қилиш ўз йўлига, лекин халқимизда “ўғри бўл, инсофи билан бўл” деган мақол ҳам бор. Хўп, ўзингга-ку мўмай пул ёзибсан, ходимларинг “суқи” киришини ўйламадингми, дейдиган одам йўқ. Ўзларига 50 миллион сўм ёзса-ю, ходимлари 2-3 миллион маош олса, ҳеч қайси инсоф ва виждон доирасига сиғмайди, албатта.

Таъкидлаш керакки, бу каби қонунбузилишлари бугун пайдо бўлиб қолган муаммо эмас. Масалан, Адлия вазирлиги тизимида бу каби “кейс”лар аввал ҳам кўриб чиқилган ва тегишли чоралар кўрилган.

Айтайлик, Адлия вазирлиги берган маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти Ургут туман халқ таълими бўлими томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга тақдим этилган буйруқ лойиҳасида эса шу йилнинг 1 февралида бўлимнинг маънавий-ахлоқий тарбия ва таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш шўъбаси раҳбари Ш.Саитқуловни бир ойлик маош миқдорида моддий рағбатлантириш қайд қилинган. Буйруқ лойиҳаси ушбу низом талабларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли, қонунчилик ҳужжатига мувофиқ эмас, деб топилган.

Ёки Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 27 апрелдаги 210-сонли буйруғига асосан Ургут туман халқ таълими бўлимининг маънавий-ахлоқий тарбия ва таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш шўъбаси раҳбари Ш.Саидқуловга Ургут туман халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажариш юклатилган. Бу ҳам бу Низомнинг 3.2-бандига зид эканини таъкидлаш жоиз.

Мазкур воқеаларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилиб, ҳамма ўз қилмишига яраша “мукофот”ини олар, балки сувдан қуруқ ҳам чиқар. Лекин бу ҳолатлар бу айсбергнинг учи, бир тасодиф билан (ёки ходимларининг “суқи” киргани учун) ошкор бўлиб қолган ҳолатлар эканини назардан соқит қилмаслик керак.

Коррупция агентлиги, бормисиз, омонмисиз?

Аслида бу ҳолатлар давлат органларидаги коррупциянинг яққол бир исботи. Лекин Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ёки бу воқеалардан бехабар, ёки билиб- билмасликка оляпти ўзини. Чунки битта ҳолатнинг ўзи, дейлик ЎзТЕСТ раҳбарининг қилмиши махсус назорат ваколатига эга агентлик учун барча давлат органларининг раҳбарлари олаётган маош ва мукофотлар, рағбатлантиришларни ғалвирдан ўтказишга кифоя қилиши керак бизнингча. Ҳали фош бўлмаган, пана-пастқамда халқ пулини кемираётганлари қанча бўлса?! Қолаверса, бундай ҳолатлар жиддий назоратга олинмаса, уларнинг илдизи қирқилмаса, келажакда яна давом этиши ва баттар томир отиши турган гап.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+