Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози озодликдан маҳрум этилди
Париж апелляция суди Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини “коррупция ва ҳокимиятни пул эвазига суиистеъмол қилиш” иши юзасидан бир йилга озодликдан маҳрум қилди. The Guardian нашри шу ҳақда хабар берган.
Суд собиқ президентнинг апелляцион шикоятини қондирмади ва аввал унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди.
Саркози жазо муддатини қамоқ биносида ҳибсда эмас, уйда электрон билагузук таққан ҳолда ўтайди.
Бу электрон қурилма собиқ президентнинг уйи ва маълум радиусдан ташқарига чиқа олмаслигини назорат қилади.
Дастлаб Саркози 2021 йилда судьяга ўзи қатнашган иш юзасидан маълумот беришини сўраб, пора таклиф қилгани учун жазога тортилган эди.
Таъкидлаш керак, Франция тарихида илк марта собиқ президент коррупция учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Саркози ҳукм юзасидан шикоят киритган.
Франция республикасини 2007 йилдан 2012 йилгача бошқарган ва ҳамон обрўли шахс ҳисобланувчи 68 ёшли Саркози ўзининг айбдорлигини тан олмай келади.
Унинг адвокатлари бу қарор устидан Франция олий судига шикоят киритишларини айтган.
– Николя Саркози айбсиз, — деган журналистларга унинг адвокати Жаклин Лаффон. – Биз охиригача шу қарорда турамиз. Биз ҳозир йўлнинг бошидамиз.
Аслида Саркози уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлиб, икки йили шартли ва бир йили электрон билагузук таққан ҳолда уй қамоғи шаклида бўлиши керак эди.
Саркози, шунингдек, уч йил муддатга давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.
Агар Саркози ростдан ҳам Франция олий суд инстанциясида, кассацион судга бу ҳукм устидан шикоят киритса, токи мазкур суд тегишли қарор чиқармагунича ҳар қандай эҳтимолий жазо ижро этилмай туради.
Жиноят иши гўё Саркози ва унинг адвокати Тьерри Эрцогнинг судда Саркозининг иши ўрганилиш ҳолати ҳақида маълумот олиш борасида “коррупцион келишув” тахмини атрофида қурилган.
Терговчиларнинг аниқлашича, Саркозида икки расмий телефонидан ташқари, 2014 йилда “Пол Бисмут” номига рўйхатдан ўтказилган учинчи махфий мобил телефони бўлган.
Саркози бу телефон воситасида адвокати Эрцог билан гаплашган, чунки ўзининг номидаги телефонларини хуфёна эшитишлари мумкинлигидан қўрққан.
Бу телефонлардаги суҳбатларни тинглаш 2021 йилда коррупция ҳақида ҳукм чиқарилишига сабаб бўлган.
Ўтган йили декабр ойида ўтказилган дастлабки суд эшитувларида Саркози “ҳеч кимни ҳеч қачон “сотиб” олмаганини айтган.
Бу суд мажлиси Саркози мансабидан кетганидан бери тўхтамаётган кўп сонли судловлардан бири ҳисобланади.
Аввал уни Bygmalion деб номланган иш бўйича қайта суд қилишган эди. Бу ҳукм бўйича уни 1 йилга озодликдан маҳрум этишган.
Бу ишга кўра, Саркозининг 2012 йилдаги сайловолди кампанияси учун лимитдан ортиқча пул сарфланган ва хизмат кўрсатган фирма сифатида Bygmalion пиар компаниясидан қалбаки чеклар тақдим этилган. Саркози бу ҳолда ҳам айбини тан олмаган.
Ўтган ҳафтада эса Франция прокуратураси Саркозини 2007 йилдаги сайловолди кампанияси Ливия президенти Муаммар Қаддофий томонидан молиялаштирилгани ҳақидаги гумонлар юзасидан судга тортишни талаб қилган.
Молиявий жиноятлар бўйича прокуратуранинг маълум қилишича, Саркози ва унинг одамлари Қаддофийдан сайловолди кампанияси учун миллионлаб евро талаб қилишган. Саркози бу айбловларни ҳам рад этган.
Доимий ҳуқуқий муаммоларига қарамасдан, Николя Саркози Франция сиёсатида ҳамон обрўли шахс бўлиб қолмоқда ва амалдаги президент Эммануэл Макрон билан мунтазам мулоқот қилиб туради.