Маданият ва туризм вазирлиги таклиф қилган лойиҳа қайси шоввозга хизмат қилади?
Жорж Оруэлнинг “1984” асаридаги аҳмоқона, аммо қўрқинчли ғоялар Ўзбекистонда ҳам татбиқ этилиши мумкин. Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ҳар бир ишхонада одамларга мажбуран мусиқа ва аския эшиттиришни қонун билан белгилаб қўймоқчи.
“1984” асарида тасвирланган тоталитор тузум шароитида ҳар бир одамнинг уйига телеэкран (telescreen) қўйиб қўйилади. Бу экранни ўчириб қўйиш тақиқланади, фақат овозини бироз пастлатиб қўйиш мумкин. Ким ўчириб қўйса жазога тортилади. Экрандан эса мунтазам равишда халқ онгини “ювадиган “, ҳукуматга муте қилиб тарбиялашга хизмат қилувчи дастурлар бериб турилади.
Совет даврида, ҳали америкаликлар компьютер ва интернетни ихтиро қилишмаган пайтда ҳам шундай радиоузеллар бўларди. Ҳар бир хонадонга сим билан туширилган, совет пулида 5 рубл турадиган бундай радио қабул қилгичлардан фақат битта радиоканални эшитса бўларди. Ора-сира бу симга колхоз радиоузели ҳам уланиб, пахта режасини бажарамаётган ёки мол-қўйлари пахтазорга кириб пайҳон қилган одамларни сўкиб туришарди.
40-70-йилларда – ҳали совет халқининг радио сотиб олишга қурби етмаган пайтларда эса қишлоқларнинг гузарларида доимий варанглаб турадиган радиокарнайлар бўларди. Улардан ҳам доим битта радиоканал эшиттирилар эди. Тарихий бадиий фильмларда одамлар шу карнай тагида тўпланиб, Советинформбюросининг уруш майдонларидан ҳарбий сводкаларини эшитиб туришганини кўрсангиз бўлади.
Буларнинг барчаси албатта ўша даврда тоталитар тузумнинг манфаатига хизмат қилган. Пропаганда билан халқ онгини заҳарлаш устувор вазифа бўлган.
Бироқ ҳозир, 2023 йилда, интернет ва компьютер замонида, сунъий интеллект, нейротизимлар, GPT Сhat каби мўъжизалар одам ақлини шошираётган бир пайтда, Маданият ва туризм вазирлиги мана шу даққиюнусдан қолган усулни яна Ўзбекистонда тирилтиришни тарғиб этмоқчи. Бунга журъат этиш учун одамнинг онгги қай даражада қолоқ бўлиши керак? Ёки демократик ва илғор жамият тузишга интилаётган пайтимизда, Маданият вазирлигида янги технологияларни татбиқ этиш ўрнига, эски ва кулгили услубни тирилтиришдан бошқасига ярамайдиган мутахассислар кўпайиб кетдими?
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори сифатида 2023 йил 11 май куни куни “Ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг иш вақти ва дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш ҳамда маданий савиясини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги лойиҳа халқ муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳага кўра, “Республикада мавжуд барча ишлаб чиқариш корхоналарига иш куни бошланиши ва тугаши пайтида миллий куй ва қўшиқлар, шу жумладан, мақомнинг эшитилиб туриши амалиётини йўлга қўйилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ишлаб чиқариш корхоналарида иш куни бошланиши ва тугаши пайтида миллий куй ва қўшиқлар, шу жумладан, мақомнинг эшитилиб туришини йўлга қўйиш, зарур бўлганда, корхонада миллий қадриятларни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар эшиттириб борилиши учун радиоузел ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқариш корхоналари муассислари билан ҳамкорликда ишларни олиб бориш юклатилади”.
Энг қизиғи, ҳар ойнинг йигирманчи санасига қадар ишлаб чиқариш корхоналарига улар жойлашган ҳудудда келгуси ойда ташкил этиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳақида маълумот бериб борилиши кўзда тутилган!
Шу ўринда бир савол туғилади: нега?
Ортиқча бюрократия ва ҳисобот беришдан қутулиш ўрнига яна бир вазирликка ҳисобот бериш қайси ишлаб чиқариш корхонасига керак?
Шуни айтиш керакки, аввало, демократик жамиятда кимнинг қандай куй-қўшиқ эшитиши ҳар кимнинг ўз шахсий иши. Мана буни эшит, деб фақат қамоқхонада мажбурлаш мумкин. Лекин ҳатто шу ҳам инсон ҳуқуқларига зид.
Иккинчидан, одамга 24 соат аския ва шашмақомни эшиттирсангиз ҳам ўзгариб, яхшиланиб, маънавияти ошиб қолмайди.
Маънавият ва эзгулик қалбга солиниши керак, қулоқдан варақлатиб қуйишнинг фойдаси йўқ.