Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги аҳолига мурожаат қилди
Айрим хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларни алдаш ва ишончини суистеъмол қилиш ҳолатлари содир этилгани маълум бўлди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги аҳолини сохта ташкилотлар билан шартнома имзоламасликка чақирмоқда.
Амалдаги тартибга кўра:
- фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича лицензияга эга ХБА ахборот ва маслаҳат хизматлари учун БҲМнинг бир бараваридан, яъни 330 минг сўмдан кўп пул олиши мумкин эмас.
- шунингдек, чет эллик иш берувчи ва ҳамкори билан шартномалар тузмасдан, фуқароларга хизмат кўрсатиш тақиқланади ҳамда ушбу шартномалар ХБАнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.
Ўтган давр мобайнида XBA реестридан 118 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳозирги кунда улардан 9 таси фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга.
"Шу муносабат билан, хорижда ишга жойлаштириш ваколатига эга бўлмаган ташкилотлар ёки шахсларга ишонмасликка, турли кўринишдаги шартномаларни тузмасликка ва тўловларни амалга оширмасликка чақирамиз.
Хорижда иш таклиф қилаётган ташкилотларнинг лицензияси борлигига ишонч ҳосил қилинг. Шартнома тузаётганда, унинг шартларини ўқиб, тўлиқ тушуниб имзо қўйинг.
Агар ХБА билан низоли вазиятларга дуч келсангиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига мурожаат қилишингиз мумкин", дейилади хабарда.
