platina.uz
Мақола

Тарихдаги энг катта қирғин ёхуд Тошкентда 87 йил аввал қатлгоҳ бўлган ҳудуд бугун қандай кўринишда?

1937-38 йилларда 6920 нафар беайб отилганар, 3 қатлгоҳ ҳудудларини бирлаштирган макон ва пойтахт марказида 23 йил аввал ташкил этилган мажмуадаги рамзий қабр ҳақида.

Халқ тилида “Шаҳидлар хиёбони” номи билан машҳур “Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуи” бунёд этилганига бугун роппа роса 23 йил бўлди.

2000 йилнинг 12 майда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан барпо этилган мажмуа Тошкентнинг Бўзсув канали соҳилидан жой олган.

Майдони 16,5 га. Мажмуа марказида баландлиги 27 метрли ротонда жойлашган бўлиб, гумбазининг ички қисми ганч ўймакорлиги билан безатилган.

Унда икки – ўзбек ва инглиз тилларида "Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган шаҳидлар хотираси мангу яшайди", деган ёзув битилган.

Тарихдан маълумки, ёдгорлик мажмуи ва музей барпо этилган жой ХХ асрнинг 20-йилларидан то Иккинчи жаҳон уруши бошлангунига қадар совет давлатининг жазо органларига қатлгоҳ бўлиб хизмат қилган.

Тошкент шаҳрида отилган қатағон қурбонлари шу ердаги учта қатлгоҳга дафн этилганлар. Ёдгорлик мажмуи ана шу собиқ 3 қатлгоҳ ҳудудларини ўзаро бирлаштириб туради. Бугунги кунда эса мажмуа пойтахтнинг диққатга сазовор энг сўлим гўшаларидан бирига айланган.

Азиза АҲРОРОВА, "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи экскурсоводлар бўлими бошлиғи:

- 1937-38-йиллардаги қатллар тарихга катта қирғин номи билан киритилган. Сабаби фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа ҳудудларда ҳам қирғин бўлган. Худди шу ер қатлгоҳ сифатида танлаб олинган. Худди шу ерда ўша йиллари 6920 нафар одам беайб отиб ташланган.

Булар ичида бизга таниш бўлган Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпонлар ҳам бўлган. Шунинг учун мажмуа айнан шу ҳудудда ташкил этилган.

Ушбу мажмуа қурилиши жараёнида бу ердан одам суяклари топилган. Бу суяклар Юнусобод туманидаги Оқил ота қабристонига кўмилган. Бу ерда эса рамзий қабр тоши ўрнатилган.

Шунингдек, мажмуа таркибида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ҳам ташкил қилинди. 2002 йилдан буён 31 августни Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаш эса эзгу анъанага айланди. Ушбу тарихий мажмуада ўша давр ўзбек зиёлиларининг энг сара вакиллари – шоирлар, олимлар, адабиётшунослар, актёрлар ва муҳандислар ҳам пинҳона йўқ қилинган.

Мунаввақори Абдурашидхонов 1931 йил 23 майда Москвада отиб ташланган. Бундан ташқари 1930 йилда 23-24 ёшидаёқ маориф халқ комиссари ўринбосари лавозимини эгаллаган Боту Маҳмуд Ходиев 1930 йилда қамоққа олиниб, 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин муддати етмасдан 1938 йилда Москвада отиб ташланган. Яна аёли Валинтина Петровна Василова 1941 йилда қамоққа олинган. У Ботуга садоқат билан умр кечирган.

Икки фарзанди бўлган Эркли Маҳмудов ва Наима Маҳмудова, давлат арбобларимиз Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Нормат Исроилов (шоира Зулфия Исроилованинг акаси)лар ҳам қатағон қурбони бўлганлар. Юқорида айтиб ўтганларимнинг ҳаммаси кейинчалик оқланган. Бироқ, унда кеч бўлган эди.

Булар орасида аёлларимиз ҳам бўлгани аянчли. Масалан, самарқандлик Раҳима Исломова. 18-19 ёшларида Файзулла Хўжаев билан гаплашгани учун қамоққа олинган. Уни “карсер”га олиб боришган. Тик тураверганидан оёғи ёрилиб кетган. Оёғини қамоқхонада операция қилишган. Озодликка чиққандан кейин ҳам кўп яшамаган.

Ўша давр сиёсатига кўра тарих, тил, дин ҳақида гаплар бўлиши керак бўлмаган.

Тарихсиз келажак йўқ. Пойтахтимизнинг марказида жойлашган ушбу хиёбонда Ватан озодлиги учун курашган, ҳақиқат сабаб қатағон қурбонига айланган минглаб ҳамюртларимиз хотираси мужассам. Уларнинг ўчмас ёди қалбимизда мангу яшайди.

Одинахон ДЕҲҚОНОВА тайёрлади

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid