platina.uz

Кечиккан Ўзбекистон: Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик нега қарийб 30 йил ортга суриб келинди?

Нега 164 дан ошиқ мамлакатлар аъзо бўлган Жаҳон савдо ташкилотига Ўзбекистон энди қўшилмоқчи? Ўтган йилларда бу қарорга келиши учун қандай тўсиқлар ва муаммолар бор эди? Энди нима бўлади? Ўзбекистон бугун қай даражада тайёр бу ташкилотга аъзо бўлишга? Ташкилотнинг талабларини бажара оладими?

Жамият
10 май 2023 йил

“Халқона” лойиҳасининг илк сонида ана шу каби саволлар доирасида фикрлашамиз.

Лойиҳа эксперти Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори Нодиржон РАСУЛОВ. Суҳбатни журналист Карим БАҲРИЕВ олиб борди.

Нодиржон РАСУЛОВнинг қайд этишича, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) 1994 йилда ташкил топган. 1995 йил 1 январдан бошлаб фаолиятини бошлаган. Ушбу ташкилотга бугунги кунда 164 дан ошиқ мамлакатлар аъзо.

Бу ташкилотнинг бажарадиган миссиясини ўз номидан ҳам билишимиз мумкин, мамлакатлар ўртасида савдо-сотиқни тартибга солиш, мамлакатлардаги халқаро меҳнат тақсимотини ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат.

Қолаверса, дунёдаги мамлакатлар ўртасида бўладиган савдонинг шаффоф бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

- Бугун ушбу масала актуал бўлгани билан, яқин 25 йилдан бери ЖСТга мамалакитимизнинг аъзо бўлиши ҳақидаги масала кўтарилиб келади. Нимага шунча йилдан бери Ўзбекистон мазкур ташкилотга аъзо бўлмаган? Бунга кимлар ёки нималар тўсқинлик қилган? Умуман олганда ЖСТга аъзо бўлиш учун белгиланган талаблар қандай?

- Биз бу ҳаракатни 1994 йилда бошлаганмиз. Ўзи ушбу ташкилотга аъзо бўлиш жуда ҳам узоқ жараённи босиб ўтади. Бу ерда асосий манфаатдор ЖСТ эмас, унга аъзо бўлган мамлакат ҳисобланади.

Савдода асосан 4 та жиҳат, маҳсулот, хизматлар, ишчи кучи ҳамда молиявий ресурслар муҳим саналади. ЖСТга аъзо бўлган мамлакатлар энг аввало ана шу жараёнларда эркин ҳаракатланиши таъминланган бўлиши лозим.

Айрим ҳолларда ички ишлаб чиқарувчи корхоналаримизни ҳимоя қилиш мақсадида, ташқаридан келаётган товарларга турли хил божларнинг белгиланиши ва шунга ўхшаш жараёнлар бизда анча чўзилиб кетиши мамлакатимизда монопол ташкилотларнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлди.

Баъзи корхоналарнинг давлат имтиёзлари эвазига фаолият юритиши, ёки ЖСТга аъзо бўлиш шу сингари айрим корхоналарга мос келмаслиги ҳам анча йилдан бери бизни ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишимизга халал берди.

Яна бир жиҳат, бизда ушбу ташкилотга аъзо бўлиш учун сиёсий ирода ҳам етишмади, деб ўйлайман.

Аввало бу ташкилотга аъзо мамлакатлардаги корхоналар рақобатга чидамли бўлиши, дунё бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаши лозим.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари, “Ўзбекистон темир йўллари” ва шунга ўхшаш бир қатор корхоналар фаолиятида ҳам буни кўришимиз мумкин. Айрим юртдошларимиз чет элга авиачипталарни Қозоғистон ёки Қирғизистондан сотиб олиб кетиши фикримизнинг исботи.

- Ўз пайтида одамнинг ярасига тегдингиз. Бундан бир неч йил илгари "Боқиманда иқтисод мурғаклигича қолади" деб номланган сарлавҳа остида бир мақола ёзгандим. Унда ҳам айни сиз санаб ўтган ва бошқа бир қатор монопол корхоналар ҳамда уларнинг атрофидаги ширкатлар фаолияти орқали давлатларнинг иқтисоди сезиларли даражада ўсмаслиги келтириб ўтилган.

Масалан, ўзбек халқи Чимкентдан бориб чет элга учади, дейилганда ҳам Ўзбекистон ҳаво йўллари монопол корхона бўлгани учун бошқа компанияларни киргани қўймайди. Демакки, иқтисодни монопол ушлаб туришда мамлакат иқтисоди фойда кўрмайди.

Агарки биз кириш божини 5,7,10 гача туширсак, балки миллиардлаб фойда оламиз ва бу бюджетга тушади. Энг қизиғи, бу монопол корхоналарни президентимиз ҳам “Асакадаги заводдан шунча йил бир фойда кўрмадик” деб жаҳл билан танқид қилган.

Шу монопол корхоналарга барҳам беришда сиёсий ирода борми, шуни сезасизми? ЖСТга киришда бу жиҳатлар инобатга олиняптими?

- Айни пайтда давлатимиз раҳбари томонидан ЖСТга тезроқ кириш масалалари кўриляпти. Бу бўйича 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳам чиқиб, алоҳида комиссия тузилди. Яъни ЖСТга кириш талаблари хусусида.

2017-2021 йилда мамлакатимизни ривожлантириш Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган. Стратегияда босқичма-босқич монополияни қисқартириш, яъни давлатни иқтисодиётга аралашувини қисқартириш масаласи бўйича 2022-2026 йиллар учун Тараққиёт стратегиясида 100 та мақсад белгиланган.

100 та мақсадда асосий масала мамлакатимизда 2022 йил якуни бўйича мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулот ҳажми 80 млрд АҚШ долларидан ошган бўлса, 2026 йил якунига қадар бу кўрсаткични 100 млрд АҚШ долларига етказиш, экспортни эса 2022 йил якуни бўйича 19 млрд АҚШ долларидан 30 млрд АҚШ долларига етказиш ва бошқа шу каби рақамлар юртимиз иқтисодиётида сезиларли ўзгаришлар бўлаётганига оддий бир мисол.

Бу каби қатор мақсадларга эришишимиз учун биз албатта ЖСТга аъзо бўлишимиз шарт. Юқорида айтилган 100 та мақсаднинг 97-си айнан шу ЖСТга киришдир. Айни кунларда Президентимиз томонидан ЖСТга тезроқ кириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

- Кўп йиллардан бери кузатамиз: ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Яъники, ЖСТга аъзо бўлсак, бу нафақат бизнинг нарсаларимизни сотиб олади, бизга ҳам дунё бозорларини очади. Бизга ҳам бир бозор сифатида қарайди ва маҳсулотларини сотади.

Бу талаблар орасида коррупция ҳақида ҳам бор. Шу масала ҳам ўйланяптими? Тўғрироғи, коррупция ҳам тугаши керак дунёга аъзо бўлишимиз учун. Ҳеч ким биз билан савдо қилмайди, коррупция баланд даражада турса.

- Албатта бу бирламчи талаблардан бири ҳисобланади. Шунинг учун уларнинг монополия ва коррупциядан ташқари бир қанча шарти бор, яъни хуфёна иқтисодиёт ва контрабанда.

Агар биз юқоридаги монопол ҳолатларни давом эттириб, ЖСТга аъзо бўлмасак, хорижад келадиган товарларга божларни юқори қиладиган бўлсак, хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, мамлакатда контрабанда кучайиб кетиши мумкин

Таҳлил натижаларига кўра ушбу ташкилотга аъзо мамлакатларда ана шу жиҳатлар, яъни хуфёна иқтисодиёт, монополия, коррупция, контрабанда билан боғлиқ бўлган ҳолатлар нисбатан анча пасайган.

Агарда биз бу ташкилотга аъзо бўладиган бўлсак, улар жуда қаттиқ талаблар қўяди ва уни бажаришимизга тўғри келади. Бу ерда халқаро ташкилотларнинг ҳеч қандай босими эмас, балки биз ЖСТ га аъзо бўлишга объектив мажбурмиз. Нима учун?

Бу дунёдаги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар, энергетика ҳамда глобал иқлим ўзгариши...

- Марказий Осиёдаги сув муаммолари...

- Ҳа ва шунга ўхшаш қатор муаммоларга бир қадар ечим топиш учун ҳам қулай йўл ҳисобланади. Агар қўшниларимиз ЖСТга аъзо бўлган бўлса-ю, биз четда турсак, баъзи маҳсулотларимизни экспорт қилишда чекловларга дуч келамиз.

Мамлакатимизда кўплаб халқаро ташкилотларнинг тавсияларини амалга ошириш натижасида 2021 йилда JSP+ орқали Европа Иттифоқи бозорларига кириш бўйича 6200 га яқин товарларимизни божсиз уларнинг бозорига олиб кириш учун имтиёзга эга бўлдик.

Бу мамлакатимиз 27 га яқин халқаро ташкилотларнинг конвенцияларини ратификация қилиш эвазига амалга оширилди.

Қўшимча тарзда айтиш мумкинки, яна юртимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг тугатилганлиги ҳам бунда бизга жуда қўл келди. Бу мисолларни Ўзбекистон ЖСТга аъзоликка қанчалик яқин деган саволингизга жавобан келтиряпман.

Аслида ҳам бу халқаро ташкилотга аъзолик узоқ вақтни талаб қилади. Масалан, Хитой 15 йил, Россия эса 19 йилда ушбу ташкилотга аъзо бўлди.

ЖСТнинг дастлабки талабларидан бири мамлакат қонунларини ушбу халқаро ташкилотларга мослаштириш ва бу қонунларни улар тан олиб, эътироф этиши лозим. Асосийси, халқаро ташкилотлар билан келишувларга эришгач, буни парламентимиз томонидан ратификация қилиш ва қонунни қабул қилиш лозим. Бу тез бўладиган нарса...

Бу борада фуқаролар ҳам ҳуқуқини талаб қилиши лозим. Дейлик, меҳнатга муносиб ҳақ олиш ёки ЖСТга кириш ҳам давлатнинг катта сиёсий иродаси. Бу сингари имтиёзларни талаб қилиш бевосита депутатлар орқали амалга оширилади.

- ЖСТга кириб улар билан тенг савдога киришиш масаласи коррупцияга қарши кураш, халқаро ҳуқуқни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва шу билан бир қаторда мамлакатимизда кечаётган сиёсий, маъмурий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари, дейлик, ернинг мулк сифатида тан олиниши муҳим аҳамиятга эга.

Афсуски, мустақилликдан кейин ҳам ер бу давлат мулки бўлиб келди. Умумхалқ мулки деган ном бор-у, аммо деҳқон ўзининг ерига ҳам эгалик қилолмади.

Халқаро бир гап бор: ярим иккиқат бўлиб бўлмайди. Яъни ислоҳотларнинг бирини ўтказиб, иккинчисини ўтказмаслик мумкин эмас.

Муайян маънода Чили давлати диктатура остида жуда катта иқтисодга эришди. Биз ҳам вақтида диктатура бўлса бўлсин, бироқ фаровон яшайлик, деган қараш бўлган. Сиёсий ҳуқуқ бўлмаса ҳам нон етарли бўлса бўлди, деган туйғу бўлди. Бу шунга олиб келдики, сизда сиёсий ҳуқуқ бўлмаса, истаган фикрингизни гапира олмасангиз, халқдаги ташаббус ҳам ўлди.

Сиёсий ислоҳот бўлмаган жойда эса талантли, билимли, ақлли одам эмас, садоқатли, билими бўлмаса ҳам олди-бердини биладиган, коррупциялашган одамлар тепага қараб кетиб қолади, яъни сиёсий ислоҳотларнинг йўқлиги иқтисод ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Яъни сиёсий ислоҳотни ўтказмай туриб, иқтисодни дуруст қилиб бўлмайди. Демак, сиёсий, маъмурий ислоҳотларсиз иқтисодий ислоҳотлар бўлмайди. Жаҳон савдо ташкилоти ҳам шунинг учун шартлар қўяди. Шу боис тафаккурга келдикки, бу ислоҳотлар универсал, бирини бирисиз қилиб бўлмайди.

Бугунги кунда сиёсий ирода шуни намоён этяпти. Президентимиз ҳам қатъий қарорни айтди. Жаҳон савдо ташкилоти улкан Хитойдек катта мамлакатни ўзининг йўриғига юритдими, демак дунё билан баравар бўлишимиз учун ЖСТ га киришимиз керак.

Бу аъзолик албатта халқимизга жуда катта фойда бўлади. Албатта 4-5 та монополист, коррупционерга зарар бўлиши мумкин. Аммо улардан кўра халқнинг иродаси кучлироқ. Шундай эмасми?

- Биринчидан ушбу ташкилотга киришимиз мамлакатимиз иқтисодиётида янги даврни бошлаб беради.

Иккинчидан, бизда фойдаланилмаётган жуда кўп имкониятларимиз бор, ана шу имкониятларимизни ишга солади.

Учинчидан, халқимиз жаҳон бозорларида сотилаётган сифатли ва арзон маҳсулотларни сотиб олиш имкони мавжуд бўлади.

Ва яна бир муҳим жиҳат рақобат муҳити шаклланади. Келгусида бу орқали аҳолимизнинг турмуш даражаси янада яхшиланишига хизмат қилади.

“Халқона” лойиҳаси

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+