platina.uz

Алоқачи, учувчи, мерган, тиббиётчи, разведкачи... Фронт ортида жасорат кўрсатган ўзбек аёллари

Иккинчи жаҳон урушнинг илк кунларидан нафақат йигитлар, балки аёлларни ҳам урушга юбориш борасида бир қатор қарорлар қабул қилинган. Гарчи аввалига фронтга бориш кўнгилли бўлган бўлса-да, 1942 йил баҳоридан бошлаб ҳаракатдаги қўшин сафига аёлларни оммавий равишда сафарбар этиш бўйича бир тўхтамга келингани маълум.

Жамият
9 май 2023 йил
Алоқачи, учувчи, мерган, тиббиётчи, разведкачи... Фронт ортида жасорат кўрсатган ўзбек аёллари

Иккинчи жаҳон уруши йиллари эркаклар билан бир сафда хизмат қилган аёлларнинг жасорати ва фронт ортидаги ҳаёти, оғир меҳнати мавзуси ҳозирги кунда жуда ҳам долзарб. Биз ушбу мавзулар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти Мадина АБДУРАХМАНОВА platina.uz учун урушда қатнашган аёллар ҳақида гапириб берди.

- Иккинчи жаҳон урушида бевосита жанговар ҳаракатларда аёллар ҳам қатнашганлар. Давлат мудофаа қўмитаси урушнинг илк кунларидан бошлаб аёлларни ҳам урушга юбориш борасида бир қатор қарорлар қабул қилган.

Гарчи аввалига фронтга бориш кўнгилли бўлган бўлса-да, 1942 йил баҳоридан бошлаб ҳаракатдаги қўшин сафига аёлларни оммавий равишда сафарбар этиш бўйича бир тўхтамга келингани маълум.

Ўзбекистондан 4555 нафар аёл урушда қатнашган, уларнинг орасида алоқачи, учувчи, мерган, зенитчи, тиббий ходим ва разведкачилар бор эди. Ўзбекистонлик Зебо Ғаниева, Олга Санфирова, Елена Стемпковскаялар Совет Иттифоки Қаҳрамони унвонига сазовор бўлганлар.

Уруш аёлларининг катта қисмини тиббиёт ходимлари ташкил этган. Жумладан, совет қўшинларидаги 700 000 нафар олий маълумотли шифокорнинг 42 фоизи ва 2 000 000 нафардан ортиқ ўрта ва кичик тиббий ходимларнинг 80 фоизи аёллар эдилар.

Масалан, 1943 йилнинг октябрида Ўзбекистондан Белоруссия, Украина ва Россиянинг душмандан тозаланган ҳудудларига 800 шифокор сафарбар қилинган.

Самолётни уриб туширган ҳамшира аёл

1924 йили Тошкентда туғилган Азизахон Қаландарова тиббиёт билим юртини тамомлагач, урушга кетиш учун ариза ёзади. Бироқ ёши етмагани сабабли тажриба орттириш учун Тошкент ҳарбий касалхонасига ҳамшира бўлиб ишга киради.

1941 йил сентябридан Зенит артиллерия мактаби қошидаги зенитчилар тайёрлаш курсида ўқишни бошлайди. 18 ёшли Азиза урушга боргач, 430-артиллерия дивизияси таркибида 2-Украина фронтида Волгадан Одергача бўлган ҳудудларда жангларда мўлжалчи бўлиб қатнашади.

1943 йил 8 июнда Орел яқинидаги жангда моҳир зенитчилар душманнинг 8 та самолётини уриб туширадилар. Улардан биринчисини Азизахон Қаландарова мўлжалга олиб урган эди. Ўша куннинг ўзида ҳарбий кўмондонлик томонидан уни "Красная Звезда” ордени билан мукофотлаш учун такдимнома берилади.

Бундан ташқари, Азизахон Қаландарова Украина ва Руминияни озод қилиш учун олиб борилган жангларда ўқчи зенитчи, батарея йўлбошчиси, артиллерия разведкачиси сифатида хизмат қилиб, офицер унвонига сазовор бўлади.

Кўрсатган қаҳрамонликлари учун "За отвагу", "За боевые заслуги", "За взятие Будапешта" ва "За взятие Берлина" медаллари билан тақдирланган.

Жангларда икки марта ярадор ва учинчи марта контузия" бўлган офицер Азизахон Каландарова урушдан сўнг Тошкентга қайтиб келиб, Уруш фахрийлари - аёллари республика ташкилий кенгаши раиси сифатида фаолият олиб боради.

Днепрдан Дунайгача йўл босган Собира

1942 йил баҳорида 20 ёшида Собира Мажидова Тошкент тиббиёт институтининг жанговар фаолиятини Брянскдаги махсус муҳандис-сапёрлик батальони шифокори сифатида бошлайди.

Унинг асосий вазифаси тинимсиз отилаётган ўқлар ва бомба портлаши хавфи остида юриб, йўлларни миналардан тозаловчи, кўприкларни таъмирловчи, кечувлар қуришда иштирок этаётган аскарлар билан бир сафда бориш ва зарурий вақтда ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлган.

У 68-дивизия таркибида Днепрдан Дунайгача бўлган жанговар йўлни босиб ўтган. Днепр дарёси бўйида олиб борилган жангларда кўрсатган мардлиги учун "За боевые заслуги" медали билан тақдирланади.

Жасур қиз ғалабани Австрияда кутиб олган. Урушдан кейин Ўзбекистонга қайтгач, Собира Мажидова шифокорлик фаолиятини давом эттиради, Соғлиқни сақлаш аълочиси даражасига эришади.

Разведкачи “Роза”

1925 йил Хоразм вилоятида туғилган Наргиза Иброҳимовани сафдошлари "Роза" деб атар эдилар. У 1942 йили Тошкент тиббиёт билим юртини қисқа фурсатда тамомлаб, урушга кетади.

Аввалига 1943 йили алоқачилар тайёрлаш қисқа курсида ўқишни давом эттиради. Шунингдек, тез фурсатда немис тилини мукаммал эгаллаш билан бирга парашютдан сакраш, хаттоки танк бошқаришни ҳам ўрганишга муваффақ бўлади.

3-Белоруссия фронти таркибида эркак жангчилар билан бирга радиоразведкачи вазифасини бажаради. 1944 йил баҳорида жасур ўзбек аёли дастлаб Москва якинидаги алоҳида дивизияда, сўнг 4-танкчилар гуруҳида ҳарбий хизматни бошлайди.

Жанговар топшириқларнинг бирида Наргиза Иброҳимова бир неча разведкачилар билан бирга ёвнинг қурол-яроқ ва ёқилғи сақланувчи омборхоналари чизмасини тузишга боради.

Белгиланган мақсад бажарилиб қайтилаётганда улар душман пистирмасига дуч келадилар ва жанг қилиб, ўрмон ичида яширинган танкка етиб борадилар. Шу пайт танкка снаряд келиб тушиб, уни аланга қамраб олади. Танк ичида қолиб кетган қўмондон ва муҳим ҳужжатларни олиб чиқиш вазифаси Наргиза Иброҳимовага юклатилади.

Тирик қолган уч нафар разведкачи эса душманни чалғитиб турадилар. Қўмондонни олиб, буталар орасига яширинишга уринаётган вақтда навбатдаги снаряд келиб портлайди. Натижада Наргиза Иброғимова ярадор бўлиб, ҳушидан кетади. Тиббий санитария батальонида ўзига келганида, қўмондон ҳаётини сақлаб қолганига "За боевые заслуги" медали билан мукофотланганини билади.

Даволаниб чиққач, разведкачи қиз партизанлар отрядида "Катта ер" орасида мунтазам алоқа ўрнатиш билан шуғулланади.

Наргизанинг жанговар йўли Смоленск шаҳридан бошланиб, Орша, Минск, Витебск, Литва, Латвия, Полша, Шарқий Пруссиягача давом этади. Польшани озод этиш вақтида алоқачи Наргиза Иброҳимова янги топшириқ олади.

Унга кўра, разведкачилар гуруҳи душман эгаллаб турган аҳоли яшаш ерларидан бирида қолиб, ҳужум қилиб келаётган совет қисмларига қўшилиши лозим эди. Вайрон бўлган черков ичида ўрнашиб, тез орада Наргиза Иброҳимова ўзлари жойлашган манзил координатини рация орқали маълум қилади.

Тонг пайтида фашист аскарларининг ўзаро суҳбатидан совет қўшинлари яқинлашиб келаётганини англаган гуруҳ қўмондони артиллерияга ўт очиш ҳақида буйруқ беради. Бу хабарни Наргиза Иброҳимова рация орқали жангчилар қисмига етказади.

Етиб келган совет қўшинлари вайроналар ичида қолган разведкачиларга чиқишларига ёрдам беради. Ўзбек қизи одамларнинг юзини кўрар, лекин хеч нарсани эшитмас эди, чунки у контузияга учраган эди.

1945 йил мартида ҳарбий касалхонадан чиққан Наргиза Иброҳимова ўз ҳарбий қисмига келиб қўшилади ва Берлин учун олиб борилган жангларда мардонавор қатнашади.

Наргиза Иброҳимова кўрсатган жасорати учун "Красная Звезда" ордени, "За взятие Кенигсберга" ва "За победу над Германией" медаллари билан такдирланган, урушдан кейин эса, ўз Ватанига қайтиб келиб, туғруқхоналарнинг бирида доялик фаолиятини олиб боради.

Хулоса килиб айтганда, ўзбек аёллари жанг майдонларида жон бериб-жон олиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ва тенгсиз ҳисса қўшганлар. Ва улар бу йўлда, бугунги замонамиз қизлари учун тенгсиз ибрат ва ўрнак бўла оладилар.

Одинахон ДЕҲҚОНОВА тайёрлади

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+