platina.uz

Матбуотимизнинг “тилларда достон” эркинлиги рақобатга бардошлими?

Ҳар йили “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ташкилоти томонидан тузиладиган “Жаҳон матбуот эркинлиги” индексининг жорий йилги рейтингида Ўзбекистон 133-ўриндан 137-поғонага тушиб қолди. Бу ўтган йилги рейтинг билан солиштирилганда, 4 поғона ёмонлашган. Ушбу натижа матбуотимизнинг “тилларда достон бўлган эркинлиги" аслида амалда мавжуд бўлмаганмиди, деган саволга сабаб бўлди.

Жамият
7 май 2023 йил
Матбуотимизнинг “тилларда достон” эркинлиги рақобатга бардошлими?

Дарҳақиқат, бугун матбуотимизда эркинлик қай даражада? Тўртинчи ҳокимият саналган ОАВ ҳақиқатдан ҳам тўртинчи ҳокимиятми?

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) медиа назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, профессор Назира ТОШПЎЛАТОВАнинг фикрича, "Матбуот тушунчаси бутун журналистикага тааллуқли. Унинг эркинлигини белгиловчи бир неча кўрсаткичлар мавжуд. Биринчи навбатда у журналистлар эркинлиги билан аниқланади. Бугун медиа маконда сўз эркинлигига ҳаракатлар бор. Таҳдидлар бўладими, босимлар бўладими, одамлар сўз эркинлигидан фойдалана оляпти. Ва бўлаётган таҳдидлар ҳам аҳолидан сир тутилмаяпти. Аввал шундай таҳдидлар, чекловлар бўлса, улар яшириларди, зимдан ўтказиларди. Ҳозир буни ҳамма билади”.

Филология фанлари номзоди, доцент Акбар НУРМАТОВ қайд этишича, “матбуот эркин бўлиши керак. У эркин бўлгандагина сўз эркинлиги ва фикр эркинлиги таъминланади. Матбуот эркинлигининг ўзи демократия. У бугун бор бўлиб эртага йўқ бўлиб қоладиган бўлса, матбуот эркинлиги бўлмайди. Бундан ташқари бизда матбуот эркинлиги деганда, ким қаттиқроқ бақирса, ўша ўзини эркинроқ ҳис этяпти. Йўқ, матбуот эркинлиги бу билан белгиланмайди”.

Дарҳақиқат, қуруқ қошиқ оғиз йиртар деганларидек, қуруқ гаплар ҳам ахборот истеъмоли учун яроқсиз ҳисобланади. Бугун бутун дунё бўйича босма ОАВ “хавф” остида. Медиа макондаги электрон рақобат натижасида “босма нашрларнинг келажаги бўладими ёки йўқ?”, деган саволлар очиқ қолмоқда. Хўш, ўзи бизда босма нашрлар аҳволи қандай?

“Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан ЭРМАТОВнинг айтишича, “Ўзбекистонда яхши газеталар бор, лекин аҳоли уларни кўрмасдан туриб баҳо беришга одатланиб қолган. Газеталарнинг сақланиб қолиши фақат газетчиларга эмас, жамият учун керак, аслида. Матбуот эркин бўлишидан аввал, унда ишлайдиган ходимларнинг ўзлари эркин бўлиши керак. Агар бизнинг газета ташқи томондан эркин эмасдек туйиладиган бўлса, демак, мен ҳали ўзим эркин бўлмаганман. Лекин мана шу охирги йилларда газетамизда юзлаб танқидий мақолалар берган бўлсак, уларнинг бирортаси бўйича эътироз, босим бўлган эмас”.

Сўнгги таҳлилларга кўра, юртимизда оммавий ахборот воситалари сони 2016 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга ортиб, 1962 тага етган. Миллий ахборот маконида интернет нашрларининг сони сўнгги 6 йилда салкам икки баробар кўпайиб, 677 та ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич ўсишда давом этиши мумкин.

Демакки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак: барчамиз демократия деб аталган буюк мактабнинг ўқувчиларимиз. Бу борада ҳали кўп нарсаларни ўрганишимиз зарур”. Ана шунда амалиётдаги ижобий кўрсаткичлар ошиши ва давлат органлари ҳамда ОАВ ўртасидаги очиқлик, ошкоралик кўприги мустаҳкам бўлиши, демократиянинг асл маданияти шаклланиши шубҳасиз. Шунингдек, жаҳон матбуот эркинлиги индексининг келгусидаги рейтингида ўзбек матбуоти сезиларли даражада юқорилашишига умид қиламиз.

Одинахон ДЕҲҚОНОВА тайёрлади

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+