platina.uz

Аёл менталитет қурбони(ми?)

Бугун фарзандининг келажаги, айниқса, қизларининг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-онанинг кўнглида хавотир. Ижтимоий тармоқларда кунда-кунора тарқалаётган хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонликлар, шилқимликлар жамиятнинг оғриқ нуқтасига айланиб улгурди. Ҳатто зўравонликлар ортидан кузатилаётган жонга қасд қилиш ҳолатлари ҳам тез-тез кузатиляпти.

Жамият
6 май 2023 йил
Аёл менталитет қурбони(ми?)

Аёл– ожиза, бироқ кучли,
Аёл– заифа, аммо иродали!

Сўнгги вақтларда хотин-қизлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони ортди. Хусусан, 12 ёшли Муслима, қолаверса, Хоразм вилоятида оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган уч нафар қизи мансабдор шахслар томонидан зўрлангани айтилган бўлса, орадан икки кун ўтмай 17 ёшли қиз бир неча эркак томонидан зўрлангани ҳақидаги мудҳиш хабарлар тарқалди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас 27 ёшли аёл 3 боласи билан 9-қаватдан ўзини ташлаб, ўзи ва фарзандлари жонига қасд қилди. Бироз ўтмай Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида қизларнинг хонасига яширин камера ўрнатилгани аниқланди. Яна вояга етмаган қизга тегажоғлиқ ҳамда шу кеча кундузда эса пойтахтдаги боғчаларнинг бирида вояга етмаган қизалоқларга нисбатан шилқимлик воқеаси муҳокамалар марказида бўлиб турибди.

Бугун фарзандининг келажаги, айниқса, қизларининг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ота-онанинг кўнглида хавотир. Ижтимоий тармоқларда кунда-кунора тарқалаётган бу каби зўравонликлар жамиятнинг оғриқ нуқтасига айланиб улгурди.

Таҳлилларга кўра, ўтган уч ой мобайнида ҳуқуқ тартибот идораларига зўравонликка учраган аёллар томонидан 11 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Қизларни эрта турмушга бериш, йигитларни ҳали оила масъулиятини ҳис қилмай туриб уйлантириш оқибатида ўтган вақт мобайнида ажримлар сони ҳам кескин ошиб кетди.

2021 йилда 39 минг 227 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб, 48 минг 734 тага етган. Бу кўрсаткич 1 йил ичида ажралиш ҳолати 24 фоизга ошганидан далолат беради.

Жамиятимизда бундай пасткашликлар кўпайиб кетишига асосий сабаб нима? Қонунда хотин-қизларни ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш борасида талай вазифалар белгиланган, аммо шунга қарамай зўравонликлар ортиб бораётганлиги кишини хавотирга солади. Эл орасида ушбу иллатнинг чуқур илдиз отмаслиги учун қандай зарурий чоралар кўриш керак?

Машҳура МУСАМУҲАММЕДОВА, Тошкент ислом академияси ўқитувчиси, нафақада:
– Жамиятимизда зўравонликлар кўпайишига тарбиянинг саёзлиги, оиладаги муҳитнинг нотинчлиги, бир-бирига бўлган меҳрнинг йўқлиги, ўзидан бошқа одамни ўйламаслиги, ёш болаларнинг беқаров қолиши сабаб бўлаяпти, деб ўйлайман. Ота-оналар ишда фарзанди учун меҳнат қилаётган вақтда, болалар уйда ёлғиз қоляпти, мобил телефонда бўлар-бўлмас видеолар, ҳар хил ахлоқбузар нарсалар кўриб вақт ўтказаётгани туфайли касб танлашда, ўз ўрнини топишда қийналяпти.
Болалигидан оила, ғурур тушунчасини сингдириб, ҳам дунёвий, ҳам диний билим берса, менимча, бундай омиллар кўпайишни ўрнига камайган бўлармиди.
Бунинг учун бутун жамият курашиши керак. Аёл қул эмас, кимнингдур хўрлаши учун дунёга келмаган. У оила бекаси, етук фарзандларнинг онаси бўлиши зарур ва ҳар бир инсон шундай нигоҳ билан қараши лозим!

Ризо АҲМАД, филология фанлар доктори, профессор, ёзувчи:
– Охирги вақтларда бўлаётган воқеаларни кўриб, аввал ҳам шундаймиди, деб кўп ўйлаб қоламан. Йўқ, деб ортидан жавобини ҳам айтаман. Чунки бизнинг пайтда орият деган туйғу кучли эди. Ҳозир ундай эмас, айниқса аксарият йигитларда тарбия йўқ. Аксарият ота-оналар йигитларни жуда эркин, бўш қўйишяпти, шунинг учун улар истаган ишини қилишяпти.
Бир йигит қизни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилаётганига гувоҳ бўлдим. Қиз ҳам эшитиб жим ўтирибди. Жаҳлим чиқиб кетди. Бориб: “сен има деяётганингни биляпсанми? Гапирган гапингни қулоғинг эшитяптими” – дедим. “Сизга нима, йўлингиздан қолмасангиз-чи, нима қиласиз бировларнинг ишига бурнингизни суқиб” дея йигит беҳурмат қилиб кетди.
Онага, аёлга паст назар билан қарамаслик керак. Аёл кишининг ёнида сўкиниб бўлмайди. Лекин йигитларга фарқи йўқ. Ёнида сўкинмаслик тугул ўзини сўкиб турибди.
“Бир бола учун етти маҳалла ота-она” деган нақлни эсдан чиқармаслик лозим. Ёшларнинг тарбиясига маҳалла, масъул ходимлар ҳам бефарқ бўлмасагина бу каби кўнгилсиз воқеалар бўлмайди.

Зебо ФАЗЛИДДИНОВА, турк тили фан ўқитувчиси:
– Мен Туркияда ўқиб, ишлаётган вақтларда зўравонликлар ҳақида эшитганман. Чет элда ҳам бахтсиз ҳодисалар учраб туради. Туркияда зўравонлик ҳолатлари кўп бўлгани билан чора-тадбир ҳам шунга яраша. Хотин-қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олади ва ҳаттоки, уяли алоқаларга “кадос” номли илова ўрнатилган. Хавф-хатарни сезишингиз билан ана шу илова орқали хабар берсангиз, ички ишлар ходимлари дарров етиб келади.
Интернет ривожлангандан буён зўравонликка доир воқеалар ҳам медиада ёритила бошлади ва аёлларнинг ҳуқуқи топталишига йўл қўйишмайди. “Ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолсин” деган гап йўқ. Айни вақтда Ўзбекистонда ҳам интернет анча ривожлангани сабабли бундай нохуш ҳолатларни яширишнинг иложи бўлмай қолди.

Феруза ОМОНБОЕВА, ЎзЖОКУ талабаси:
– Хотин-қизларга зўравонлик олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Шунчаки олдин интернет унчалик ривожланмагани сабаб хабарлар тез тарқалмаган. Зўравонлик кўпчилик ҳолларда оилада кузатиляпти. Оиладаги муҳит, тарбия, аёлларнинг оиладаги ўрнининг пастлиги бунга сабаб, деб ўйлайман. Мисол учун, оилада онанинг ўрни бўлса, ўғил фарзанд онасини ҳурмат қилиб, яхши кўриб вояга етса, бошқа аёлларни ҳам шундай ҳурмат қилади. Аёл қадрланган, ҳурмат қилинган муҳитда уларга нисбатан зўравонлик бўлмайди, жамиятда ҳам бу каби иллатлар камаяди.


Рақамлар фош этган ачинарли ҳақиқат

Дарҳақиқат, сўнгги вақтлардаги нохуш ҳолатлар таҳлили ҳам юртимизда бу масала энг долзарб ва жудаям ачинарли эканини кўрсатади. Айниқса, оилавий зўравонликдан ташқари вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик, шилқимлик ҳолатлари сўнгги вақтларда тез-тез учраётганига бирор изоҳ беришга қалам ҳам ожиз. Юқорида эслаб ўтганимиз каби пойтахтдаги 12 ёшли қизга зўравонлик, “Хоразм иши”, яна вояга етмаган қизга тегажоғлиқ ҳамда шу кеча-ундузда муҳокама бўлаётган Чилонзордаги боғчада кузатилган воқеа шулар жумласидан.

Ушбу мақола тайёрланиш жараёнида эса яна кетма-кет нохуш ҳолатлар ҳақида хабар тарқалди: Наманганда 26 ёшли эркак ўзининг 23 ёшли турмуш ўртоғини хўжалик пичоғи билан қасддан ўлдирган. Кейин ўз жонига қасд қилган. Хоразмда эса 18 ёшли қиз ўзини осган. Ҳозирда ўлим сабабини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Бу хабарлар этни жунжиктирмай қолмайди.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2022 йилда 73 та 14 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқага киришиш жинояти содир этилган. Бу кўрсаткич 2019 йилда – 52, 2020 йилда – 35, 2021 йилда – 57 тани ташкил этган, яъни кейинги 2 йилда вазият кескин салбий тус олганини кўриш мумкин.

Ана шундай нохуш ҳолатларга қарши кураш учун жорий йил 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Янги имзоланган қонун билан эса ана шундай нохуш ҳолатлар – хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай тури учун жазо чоралари кучайтирилмоқда. Бу чоралар эса ўз самарасини беришига умид қиламиз.

Шу ўринда эса оталар, ака-укаларга бир айтар сўз шуки, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш баробарида аёлларга хизматкор нигоҳи билан эмас, келажак авлодни тарбиялайдиган она сифатида қаранг. Қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилманг. Бир уйнинг бекаси бўладиган, Ватанимизга олим ва олималарни етиштириб берадиган қизингизни илм олиш бахтидан маҳрум қилманг. Бу улар учун ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олиши, ўзига ишонган руҳда улғайишига замин бўлади. Ахир доноларимиз: “Ўғил боланинг илм олиши – бир кишига, қиз боланинг ўқитилиши эса бутун жамиятга таълим бериш билан тенг” – деб бежизга айтишмаган бўлса керак.

Гулшаной АЛИЖОНОВА, ЎзЖОКУ талабаси

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+