Солиқчиларнинг ташаббуси яширин иқтисодиётга йўл очмаслигига кафолат борми?
Мамлакатимиз солиқчилари ташаббуси билан қонунчиликка киритилган охирги ўзгартиришлардан нафақат жамоатчилик, балки Марказий банк ҳам хавотирдалиги маълум бўлди.
Мамлакатимиз солиқчилари ташаббуси билан қонунчиликка киритилган охирги ўзгартиришлар тадбиркорларни ҳам, банк карталари фойдаланувчиларини ҳам оғир аҳволга солиб қўйиши мумкин.
Гап шундаки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сўнгги пайтларда солиқ тушуми пасайиб кетаётгани ҳақида бонг уриб келаётганди.
Солиқчилар ҳамма муаммо тадбиркорларнинг мижоздан пул олишда банк карталаридан фаол фойдаланаётганида, деган хулосага келди ва раҳбариятни бунга ишонтиришга уринмоқда.
Уларнинг иддао қилишича, картадан картага ўтказилаётган пуллар касса аппаратларини айланиб ўтаётгани боис солиққа тортилмай қолмоқда ва пировардида солиқ тушумлари ҳам камаймоқда.
Хўш, бундай шароитда нима қилиш мумкин?
Солиқчиларимиз соҳадаги сиёсатни такомиллаштириш ўрнига ушбу муаммога эскидан қолган услубда ёндошишди: қўлдан чиққан чипқонни даволаш, унинг сабабларини ўрганиб, бошқа пайдо бўлишига йўл қўймаслик чораларини кўриш ўрнига, қўлни таги билан кесиб ташлашни маъқул кўришди.
Яъни, картадан картага ўтказилаётган пуллар ҳақидаги маълумотларни олиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Бу пулларни даромад деб ҳисоблаб, солиққа тортиш афзаллигига мутасаддиларни ишонтириш ва тегишли қонун ости актларини чиқартириб олишга ҳам улгуришди.
Албатта бу борада тизим фаолларига картадан картага пул ўтказиш, яъни Р2Р назорати барибир иш бермаслигини, солиқдан қочувчи тадбиркорлар энди картани эмас, нақд пулни олишга ўтишларини тушунтириб бўлмайди.
Яна ҳар доимгидек сценарий қайтарилади – аввал бирор ноқис қонун чиқаришади, агар халқ чидаб берса ёки вазият сал бўлса-да яхшиланса, ақлларининг ўткирлигидан мамнун бўлиб, бундан баттар ташаббусларга ҳам қўл уришади.
Уларга банк сири нималигини айтишнинг эса умуман фойдаси йўқ.
Банк сирига оид маълумотлар, жумладан, Р2Р ахборот базаси уни қўлга киритган ва назорат қиладиган шоввозлар учун катта имкониятлар беради.
Ўзларига ёки таниш-қариндошларига ёқмаган одамларнинг суробини тўғрилаш, ёки бирор тадбиркорнинг рақобатчисига “ёрдамлашиб юбориш” учун бу маълумотлар қанчалик асқотишини эса тасаввур ҳам қила олмаймиз.
Албатта ижтимоий тармоқлар бу қарордан норозилик ва ғазабдан бўғриқиб қайнамоқда (гарчи уларнинг фикрини ҳеч ким инобатга олмаса ҳам).
Марказий банк Бошқарувининг бугунги йиғилишида ҳам кўндаланг қўйилган саволлардан бири шу бўлди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг жисмоний шахслар банк карталари орқали амалга оширилган пул ўтказмаларини назорат қилиш ташаббуси ҳақида сўралди.
Марказий банк Раиси Мамаризо Нурмуратовнинг билдиришича, идора бу борада вазирликка ўз салбий қарашларини етказган.
“Р2Р ўтказмалари бўйича банк сирига оид маълумотларнинг солиқ органлари назоратига ўтиши бўйича Марказий банк Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўзининг салбий қарашларини етказган.
Бу бўйича Марказий банк позицияси ОАВларда янграётган фикрлардан кўра қатъийроқ”, – дейди Нурмуратов.
Марказий Банк бошқарувининг бу баёноти шунчаки ваҳимани пасайтириш учун айтилгандек кўринади.
Бу сўзлар танқид ҳамда норозиликлар босимини енгиллатиб, халқни чалғитиш учун хизмат қилади холос.
Чунки қонунчилигимиз тажрибасидан маълумки, бизда бирор гуруҳнинг манфааталарни (халқ ва давлат зарарига) ҳимоя қилувчи қонун ва қарорларни чиқариш осон.
Уларни бекор қилишга эса йиллаб вақт ҳамда тонналаб асаб кетади. Бу орада халқ ва давлат мисли кўрилмаган зарар кўради.
Ҳатто бу қарор хато экани аниқланиб, бекор қилишга розилик беришганида ҳам тўлиқ бекор қилинмайди.
Худди саратон операция қилинса бошқа аъзоларда ва қонда қолиб кетадиган метастазалар каби бу ноқис қонунларнинг айрим элементлари ҳам тараққиётимизга ғов бўлишда давом этаверади.