platina.uz

“Дарахткуш”ларга қарши жарима оширилмоқда, ҳатто қамоққа олиш жазоси ҳам белгиланмоқда

“Дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилинганига қарамасдан, айрим шахслар томонидан ўсимлик дунёси объектларига зиён етказиш ҳолатлари учраб турибди” демоқда Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов. Масалан, 2022 йилда дарахтлар кесилиши билан боғлиқ 4599 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Жамият
3 май 2023 йил
“Дарахткуш”ларга қарши жарима оширилмоқда, ҳатто қамоққа олиш жазоси ҳам белгиланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонунга мувофиқ, дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорлари оширилмоқда.

Муҳокамалар чоғида Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов ахборот берди.

Қўмита раисининг ишонтиришича, экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш, уларни сақлаб қолиш борасида тизимли чоралар кўрилди.

Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги фармонига асосан ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги фармони билан мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп кўчат экилмоқда. 2022 йил давомида 588 гектардан зиёд майдонда яшил боғлар, 662 гектардан зиёл маайдонда эса яшил жамоат парклари ташкил этилган.

Бироқ дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилинганига қарамасдан, айрим шахслар томонидан ўсимлик дунёси объектларига зиён етказиш ҳолатлари учраб турибди.
Масалан, 2020 йилда 7812 туп, (шундан 3428 тупи қимматбаҳо дарахтлар), 2021 йида 8243 туп, (шундан 4182 туп қимматбаҳо дарахтлар)нинг ноқонуний кесилгани маълум бўлган.

2022 йилда дарахтлар кесилиши билан боғлиқ 4599 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Айбдорларга 7,3 миллард сўм миқдорида маъмурий жарима солинди. Моддий зарар 10 миллиард сўмга баҳоланди.
Бундай ҳолат, табиийки, қонунчиликни такомиллаштириш, юридик шахсларнинг жавобгарлигини оширишни талаб қилади.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонунга кўра, эндиликда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган қурилиш-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам киритилмоқда.

Бундан ташқари, ноқонуний дарахт кесганлик ёки кундаков қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4 та моддасида маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддаларда бир хил маъмурий ҳуқуқбузарлик учун турли миқдордаги жарималар ва номутаносиблик мавжудлиги инобатга олиниб, ўзгартишлар орқали бир турдаги маъмурий хуқуқбузарликка нисбатан битта моддада бир хил жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликлар такроран содир этилса, ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари белгиланяпти.

Сенат мажлисида таъкидланганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесилиши, кундаков қилиниши, шикастлантирилиши ёки йўқ қилиниши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратининг самарали ташкил этилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+