Айрим давлат ва назорат органлари тадбиркорлар сирини сақлолмаётгани маълум бўлди
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг қайд этишича, тадбиркорлар маблағларни ноқонуний олиб қўйиш, бошқа ҳисобларга ўтказиш ва ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари учраб турибди.
Айни дақиқаларда Олий Мажлис Сенатининг 40-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари борасида муҳокама ва мунозарлар ўтказилиб, сенаторларнинг фикр ва эътирозлари тингланмоқда. Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисоб варақаларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун кўриб чиқишмоқда.
Сенат раиси Танзила Норбоеванинг айтишича, мазкур қонун Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида кўриб чиқилган.
Қўмита раиси Эркин Гадоевнинг маълум қилишича, тадбиркорларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, мулк ва инвестицияларнинг дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланиши бўйича Президент қарор ва фармонлари эълон қилинган. Нафақат тадбиркорлик субъектлари, балки банк омонатлари ҳамда банк ҳисоб рақамларидаги маблағлар ва уларнинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни сир сақлаш кераклиги ҳам белгилаб қўйилган.
Афсуски, айрим ҳолларда давлат ва назорат органлари бунга риоя этишмаяпти. Бу маблағларни ноқонуний олиб қўйиш, бошқа ҳисобларга ўтказиш ва ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари учраб турибди. Чунки бу ҳаракатлар учун жавобгарлик чоралари белгиланмагани сабабли уларга жазо кўришнинг имкони бўлмаяпти.
Янги қонун мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинмоқда.
Мазкур қонун асосида тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб варақларидан маблағларни уларнинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик, ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаслик учун жазо чоралари белгиланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.
Эркин Гадоев айрим рақамларга йиғилиш иштирокчилари эътиборини қаратди. 2021-2022 йиллар давомида Бизнес Омбудсманга тадбиркорлик субъектларининг қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича 665 та, ортиқча тўловларни қайтариш бўйича 116 та, инкасса топшириқномаси ноқонуний қўйилганлигидан норози бўлган 69 та, жами 840 та мурожаатлар қабул қилинган. Уларнинг 557 таси ҳал қилиб берилган. Ҳал этилган мурожаатларнинг 57 таси бўйича судларга даъво аризалари киритиш орқали тадбиркорлар манфаатига 3,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ундириб берилган.