3 йил тўлган Сардоба фожиаси ва дунёдаги энг йирик сув офатлари ҳақида
Бундан роппа-роса 3 йил аввал Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори дамбаси ўпирилиб, сув тоша бошлаган. Минглаб аҳоли эвакуация қилинган, вазиятни назоратга олиш учун давлат ва ҳукумат раҳбари воқеа жойига етиб борган. Вазиятни Президент шахсан назоратга олган.
Сардоба сув омборида юз берган тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.
Сардоба сув омборидаги тўғон ўпирилиши натижасида юз берган сув тошқини оқибатида қўшни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида жойлашган бир неча овул ҳам жабрланган, 32 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган.
2020 йил 5 май куни Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш ўтказиб, барча гидроиншоотлар, тўғонлар ва ГЭСларни текширишни топширган.
Президент фармойиши билан Сирдарё вилояти бюджетига 100 миллиард сўм миқдорида пул ажратилган. Шунингдек, уй-жойларига жиддий зиён етказилган аҳоли учун 2020-2021 йилларда кўп қаватли уй-жойлар қурилган.
Россиялик миллиардер Алишер Усмонов ўша пайтда Сардоба сув тошқинидан жабр кўрганларга 15,2 миллион доллар миқдорида ёрдам ажратган. Бу пулларнинг 10 млн. доллари Сирдарёга, 5,2 млн. доллари Қозоғистон аҳлига берилган.
Сардоба тошқини юзага келгани ҳолати юзасидан дастлаб Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 23 майга келиб, Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши юзасидан 2 киши гумонланувчи тариқасида қамоққа олинган. 29 майда "Сардоба иши"га дахлдор сифатида яна 9 киши қамоққа олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 5 та (167, 205, 207, 209, 258) моддаси билан жиноий иш очилган.
2021 йил 10 май куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича ёпиқ судида Сардоба фожиаси айбдорларига нисбатан ҳам суд ҳукми эълон қилинган. Унга кўра, “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК бош директорининг ўринбосари – Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган М.Холматов узил-кесил 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Бундан ташқари, яна 3 кишига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қолган 13 кишига жарима жазоси берилган. Жазога тортилганлар ҳаммаси МЧЖ ва ДУК раҳбарлари ҳамда ўринбосарларидир.
Эслатиб ўтамиз, Сардоба сув омбори қурилишининг бош пудратчиси "Ўзбекистон темир йўллари" ҳузуридаги "Ўзтемирйўлқурилишмонтаж" корхонаси ҳисобланади. Иншоот қурилишига 404 млн. доллар маблағ ажратилган.
- Энди дунё бўйича йирик сув омбори фожиаларига тўхталамиз.
1928 йил 12 март. Калифорнияда 59 метр баландликдаги Цент-Френсис тўғони қулаб тушган.
Баландлиги 40 метргача бўлган тўғондан сув оққан ва оқимдан 25 километр пастда жойлашган электр станцияси бузилган. Водий 80 километрлик сув остида қолган. Фалокат зонасида 600 га яқин одам ҳалок бўлган.
Ушбу аварияга қурилаётган бетон тўғонда биринчи ёриқлар пайдо бўлганда муҳандислик ҳушёрлигининг етарли эмаслиги сабаб бўлган. Аммо, суд тан олганидек, давлат ташкилотларининг объектни лойиҳалаш ва қуриш устидан назорати ҳам суст эди.
1941 йил 18 август. Фашист босқинчилари билан қаттиқ жанглар пайтида Украинадаги ДнепроГЭС йўқ қилинган.
Душман ҳужумларини қайтариш учун совет раҳбарияти Днепр ГЕС ва Запорожье шаҳридаги тўғонни портлатган. Портлашдан сўнг катта тошқин бошланган. Натижада Днепрнинг қуйи оқимида кенг сел зонаси пайдо бўлган. Йирик тўлқин душманнинг бир нечта ўтиш жойларини ювиб кетган, сув тошқинларида кўплаб фашистик бўлинмалар чўккан. Аммо тошқиндан ҳўлу қуруқ баравар чўккан. Деярли ўттиз метрлик сув сатҳи Днепр текислигидан ўтиб, йўлидаги ҳамма нарсани босган. Турли товарлар, ҳарбий материаллар, ўн минглаб тонна озиқ-овқат ва бошқа мулклар бор бўлган Запорожье бир соат ичида вайрон қилинган.Қурбонлар сони ва моддий зарар ҳалокатли эди.
1959 йил 2 декабрь. Рейран дарёсида Франция жанубидаги Фрежус шаҳридан қарийб 7 километр шимолда қурилган 222 метрли бетон тўғони ўпирилган.
Сабаблари: геологик тадқиқот тўлиқ амалга оширилмаган, қурувчилар маблағ етишмаслиги туфайли сифатсиз бетон ишлатилган, тўғон яқинида ҳарбийлар портлашлар амалга оширган, портловчи моддалар ёрдамида яқин атрофда автомобил йўли қурилаётган эди, шунингдек, кучли ёмғир ҳам сув омборини босиб кетган...
Фрéжус шаҳри деярли тўлиқ сув остида қолган. Сув тошқини натижасида, расмий маълумотларга кўра, 423 киши ҳалок бўлган, етказилган зарарнинг умумий миқдори пул кўринишида қарийб 68 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
1963 йил 9 октябрь. Вайонтдаги офат — Италия Алп тоғларидаги дунёдаги энг баланд тўғонлардан бири (262 метр).
Кучли ёмғир натижасида катта тош сув омборига тушиб кетган. Баландлиги 200 метрга кўтарилган тўлқин тўғон тепасига урилган.
Сув тўғон юқори қатламининг атиги 1 метрини ювган, аммо бу ҳатто Пиаве дарёси водийсида сув тошқини туфайли 5 та қишлоқнинг вайрон бўлиши учун етарли эди, турли маълумотларга кўра, 1900 дан 2500 гача одам ҳалок бўлган.
Тўғоннинг ўзи сақланиб қолган, аммо ўшандан бери сув омбори тўлдирилмаган.
1975 йил 7 август. Хитойдаги Байнцяо ГЭСининг бузилиши. Тўғоннинг баландлиги 118 метр, сув омборининг ҳажми 375 миллион куб метрни ташкил қилган.
Йиллик ёғингарчиликнинг бир кунда ёғиши ва сув омборининг тошиб кетиши натижасида тўғон бузилиб, баландлиги 3-7 метр, кенглиги 10 километр бўлган тўлқин пайдо бўлган.
7 та туман маркази ва сон-саноқсиз қишлоқлар сув остида қолган. Расмий маълумотларга кўра, сув тошқини оқибатида жами 26 минг киши ҳалок бўлган, яна 145 минг киши очарчилик ва эпидемиялар туфайли кейинроқ вафот этган. 5960 минг уй вайрон бўлган, 11 миллион киши зарар кўрган.
1993 йил июнь. Россиянинг Свердловск вилояти Серов шаҳридан 17 километр узоқликдаги Каква дарёсидаги Киселёвское сув омборида узунлиги 2 километр ва баландлиги 17 метр бўлган тўғоннинг ёрилган.
Сув тошқинидан 6,5 минг киши жабр кўрган, 12 киши ҳалок бўлган. 1772 та уй сув остида қолган, шундан 1250 таси яшаш учун яроқсиз ҳолга келган. Темир йўл ва 5 та автомобил кўприги вайрон бўлган, магистрал темир йўлнинг 500 метр қисми ювилиб кетган.
2009 йил август. Россияда Красноярск ўлкаси ва Хакасия ўртасидаги Саяно-Шушенская ГЕСида содир бўлган авария саноат техноген офат ҳисобланади.
Ҳодиса оқибатида 75 киши ҳалок бўлган, станция жиҳозлари ва биноларига жиддий зарар етказилган. Электр энергияси ишлаб чиқарадиган станция иши тўхтатилган. Авария экологик вазиятга, минтақанинг ижтимоий ва иқтисодий соҳаларига таъсир кўрсатган. Зарар миқдори 40 миллиард рублдан ортиқни ташкил этган.
2010 йил июнь. Хитой шарқидаги Цзянси провинциясидаги Фухе дарёсида кучли ёмғир туфайли тўғон бузилган.
Дамба зонасидан 100 мингга яқин одам эвакуация қилинган. Жанубий ва Шарқий Хитойнинг ўнта ҳудудий бирлигида сел ва кўчкиларга сабаб бўлган кучли ёмғирлар туфайли жами 199 киши ҳалок бўлган, 123 киши бедарак йўқолган. Хавфли ҳудудлардан 2,4 миллионга яқин одам эвакуация қилинган. 29 миллион одам офатдан жабр кўрган. Ёмон об-ҳаводан кўрилган иқтисодий зарар қарийб 42 миллиард юанни (6,2 миллиард АҚШ доллари) ташкил этган.
2010 йил 5 август. Покистон жанубидаги Ҳинд дарёсида тўғон бузилиши.
895 мингтагача уй вайрон бўлган, 2 миллион гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган. 1700 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, сув тошқини мамлакатдаги 20 миллионга яқин одамга зарар етказган.
2011 йил 1 сентябрь. Хитой шарқидаги Чжецян провинцияси Ханчжоу шаҳри яқинидаги Цянтан дарёсида тўғон ёрилиб кетган. Бу тўлқин тўғонни бузиб, кўпчиликни оқизиб кетган.