Табиат ресурслари вазирлиги 10 майга қадар ҳар жумани "Автомобилсиз кун" сифатида ўтказишга чақирди

Табиат ресурслари вазирлиги 10 апрелдан 10 майга қадар Республика бўйлаб "Тоза ҳаво" ойлиги муносабати билан барча вазирлик, идоралар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларини "Тоза ҳаво" ойлиги доирасида ҳафтанинг маълум бир кунини "Автомобилсиз кун" сифатида нишонлашга чақирмоқда.
"Бундан мақсад автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга таъсирини янада камайтиришдир", дейилади хабарда.
Ҳар ҳафтанинг жума куни давлат ташкилотлари, аҳолининг кенг қатлами орасида шахсий автомобиллардан воз кечиш ва жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланишни таъминлаш, инсонларнинг соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳолда велосипеддан фойдаланишларини ташкил этиш, аҳоли орасида велосипеднинг саломатлик ва атроф-муҳитга фойдали эканлиги юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш тавсия этилади.
