platina.uz

Бугун Тошкент зилзиласига 57 йил бўлди

Маълумотларга кўра, пойтахтда кузатилган зилзила кучи ўша даврда паст қилиб кўрсатилган. Бунинг сабаби ва 57 йил аввал пойтахтда кузатилган кучли зилзиланинг асл ҳақиқатларини билиш учун Тошкент шаҳар марказий давлат архивида сақланаётган маълумотлар ва архившунос фикрлари асосида тарихга қайтишга қарор қилдик.
Сиёсат
26 апрель 2023 йил
Бугун Тошкент зилзиласига 57 йил бўлди

1966 йил 26 апрель. Соат 5 дан 22 дақиқа 52 сония ўтганда Тошкентда кучли зилзила содир бўлган. Маълумотларда қурбонлар ва каттагина талафотларга сабаб бўлган ушбу зилзила 8 балл қилиб кўрсатилган.

Бугун 57 йил тўладиган пойтахтда кузатилган кучли зилзиланинг асл ҳақиқатларини билиш учун Тошкент шаҳар марказий давлат архивида сақланаётган маълумотлар ва архившунос фикрлари асосида тарихга қайтишга қарор қилдик.

Муштарий ЭРМАТОВА, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви етакчи ходими:
– Умуман олганда Тошкент шаҳрида сўнгги 150 йил давомида 10 га яқин йирик зилзилалар содир бўлган. Бу зилзилалар орасида 1966 йил 26 апрелдаги тонгги соат 5:22 да рўй берган 8 баллик зилзила ҳам мавжуд. Табиийки, у пойтахтга жиддий зарар етказган. Мазкур зилзиланинг асосий ўчоқлари Тошкентнинг Қашқар маҳалласи ва Лабзак бўлган.

Мана шу зилзиладан сўнг, Тошкент ва унга туташ ҳудудларнинг ер қимирлаш хавфини аниқлашга доир ишларни олиб бориш учун “Тошкент” сейсмология станцияси базасида Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти ташкил этилган.

Тошкент шаҳар марказий давлат архивининг 10-фондида сақланаётган маълумотларда қайд этилишича, 1966 йилдан кейин пойтахтда ер ости силкинишлари бир неча йил давом этган. 1969 йилгача сейсмологлар 1100 такрорий силкинишларни қайд этишган. Энг кучлиллари 1966 йилнинг май, июн ойларида ҳамда 1967 йилнинг март ойларида кузатилган.

Манбаларда қайд этилишича, 57 йил аввал пойтахтимизда кузатилган зилзила шаҳарга катта талафот етказган. Айниқса шаҳар маркази қаттиқ шикастланган. Шаҳар бош режасига тузатишлар киритилиши ҳам зилзиладан кейинги қурилиш ишларининг кучайиши билан боғлиқ бўлган.

1970 йилда тасдиқланган шаҳарни қайта қуриш Бош режасига кўра, шаҳар ҳудудини 25 минг гектаргача кенгайтириш, аҳоли сони 1,5 млн га кўпайиши назарда тутилган.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, зилзилага қадар Тошкент шаҳрида 183 минг 775 та уй жой бинолари мавжуд бўлган бўлса, зилзиладан кейинги (1966 йилнинг 15 май) ҳолатига кўра, улардан 62 минг 994 таси жиддий зарар кўрган.


Зилзила оқибатида Тошкентда истиқомат қилаётган 1,5 млн аҳолидан 300 минг киши ёки 78 минг оила бошпанасиз қолган. Қурбонлар бўлган.
Агар мазкур кўрсаткични туманлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрининг Киров (ҳозирги Юнусобод) ва Октябр (ҳозирги Шайхонтоҳур) туманларида жиддий зарар етганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бундан ташқари бинолар ичида нафақат турар жой бинолари, балки турли хилдаги бинолар: маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, олий ўқув юртлари, таълим муассасалари ҳам зарар кўрган.

МАЪЛУМОТ УЧУН: жадвалда зилзиладан зарарланган Тошкент шаҳридаги уй-жойлар келтирилган*

Районлар

Зилзиладан олдинги мавжуд уй жойлар

Уй жойларга етказилган зарар даражаси

Жами зарарланган уйлар

Авария ҳолатидаги

Капитал таъмирталаб

Киров райони

24561

14406

4240

18646

Октябрь райони

55023

8844

7659

16503

Куйбишев райони

33400

4640

6570

11216

Ленин райони

31652

6404

4156

10560

Чилонзор райони

21545

1655

2087

3742

Фрунзе райони

17594

1124

1203

2327

Шаҳарда жами:

183775

37073

25921

62994

Айнан мазкур табиий офатдан сўнг Тошкент шаҳрида қайта қурилиш ишлари бошланди. Москва, Ленинград ва бошқа Совет Иттифоқи давлатларидан ёрдам бериш мақсадида меъморлар ва қурувчилар кела бошлашди. Улар ёрдамида пойтахтда тўрт, беш, етти ва тўққиз қаватли бинолар қурила бошлади.

Бундан ташқари 2 қаватли блоклаштирилган уйлар ҳам қурилган. Бундай биноларнинг қурилишида М.Владимирова, Б.Зингер, В. Коробов ва бошқа меъморларнинг хизматлари катта бўлган.

Қурилишлардан сўнг Тошкент шаҳрида қатор кенгайтиришлар амалга оширилган. Тошкент вилоятига қарашли бўлган Калинин (ҳозирги Зангиота) ва Қибрай туманларининг бир қисми пойтахтга қўшиб олинган. Зилзиладан кейин Юнусобод, Қорақамиш янги турар жой районлари қурилиши билан бир қаторда Ўзбек миллий академик драма театри, Тошкент метрополитени (1973 йил қурилиши бошланиб, 1977 йил 6 ноябрда ишга туширилган), Хадра майдонида цирк биноси (1975 йил), Халқлар дўстлиги саройи (1981 йил) ва бошқалар қурилган.

Архивдаги Меҳнаткашлар депутатининг Тошкент шаҳар Совети ижроия комитетининг 1966 йил 4 майдаги 207 сонли “Зилзиладан жабрланган оилалар фарзандларининг ёзги таътилини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Маданият ва истироҳат боғлари ҳудудида “Тельман” ва “1 май” ёзги кинотеатрларда фильмларнинг намойиши тўхтатилиб, ушбу паркларда зилзиладан жабр кўрган оилалар фарзандлари учун болалар оромгоғлари ташкил этилган (1966 йил, 27 май, 243-сонли қарор).

Аммо мазкур ҳодиса таҳлиллари зилзила кучи бу кўрсаткичдан юқори бўлганига шубҳа қолдирмайди. Ушбу зилзила оқибатлари устида ўрганиш олиб борган мутахассислар, тадқиқотчилар фикрича, ўша пайтда зилзила кучини пасайтириб кўрсатиш зарурат эди. Сабаби...

Дилдора ҲАСАНОВА, журналист, манбашунос:
– Ўша пайтда айнан Тошкент ҳудуди учун қўш синч уйлар қурилган. Шунинг учун уйлар тубдан яксон бўлиб кетмаган, гарчи зилзила кўрсаткичи 8 баллни ташкил этган бўлса ҳам. Аслида 9 баллгача ҳам кўтарилган. Бу ҳақида кўрсатув ҳам тайёрлаганман. Шу кўрсатувда Совет Иттифоқи даврида зилзила балини камайтириб кўрсатиш табиий офатдан юзага келган талафотларга маблағни кам ажратиш учун баҳона бўлган, деган маълумотга эга бўлган эдим. Лекин академиклар ҳақиқатда 8 баллдан юқори балли зилзила содир бўлганини исботлашган.

Одинахон ДЕҲҚОНОВА

*Фотосуратлар ва маълумотлар Тошкент шаҳар марказий давлат архивидан олинди

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+