platina.uz

Миллиону миллиард сўмлик байроқларнинг устунлари тиллоданми?

Навоийда ободонлаштириш бошқармаси 71,6 млн сўмга байроқ сотиб олгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Жамият
22 апрель 2023 йил
Миллиону миллиард сўмлик байроқларнинг устунлари тиллоданми?

UzЕх тендерда эълон қилинган маълумотларга кўра, Навоий вилояти Қизилтепа Туман ободонлаштириш бошқармаси 71,6 миллион сўмга Ўзбекистоннинг 4 та байроғини сотиб олган. 16х8 метр ҳажмдаги битта байроқнинг нархи 16 миллион сўмга баҳоланган. Тендер ғолиби сифатида “Қизилтепа Элга Сервис” компанияси, захира ижрочиси “Чўлпон Савдо Сервис” тан олинган.

Бу хабар жамоатчилик норозилигига учраши табиий ҳол, албатта. Негаки давлат бюджетининг бу тарзда мақсадсиз сарфланиши, коррупцион ҳолатларга биринчи марта дуч келмаяпмиз.

2018 йилда Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудига баландлиги тутқичи ҳамда устуни билан биргаликда 62,5 метр, оғирлиги 20 тонналик улкан байроқ илинган. Ўрнатиш ишларига оз эмас, кўп эмас, жами 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Шундан сўнг миллиардларни байроқбозлик учун сарфлашга рақобат бошланди. Тошкент шаҳрида 65 метр, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида 50 метр, Фарғонада 67 метр, Андижонда 64 метр, Бухорода 65 метр, Навоийда 62,5 метр, Самарқандда 60 метр ва Ургутда 62 метр баландликда байроқ ўрнатилган.

Байроғимиз ғурур ва фахримиз тимсоли, Ватанимизнинг беқиёс рамзи эканлиги ҳақиқат. Лекин масаланинг яна бир томони — атига 62 метр баландликда байроқ ўрнатиш учун шунча маблағ сарфланиши тўғрими? 62 метр устун тиллодан бўлармикан? Ёки донаси 16 миллионлик байроқларнинг қиймати нега бунчалик баланд? Бунинг учун маблағ қаердан олинади? Давлат бюджетидан, албатта, бу эса халқнинг пулидир. Очиғи, бюджетнинг даромад қисми олис қишлоқдаги одамлар ҳаётини яхшилаш, қанча беморга, мискинга ёрдам бериш қолиб, бундай ишларга сарфланиши, чиндан-да, ҳам кулгули, ҳам ачинарлидир.

Пулни қаерга сарфлаш — бу жуда нозик мавзу, барча фуқароларнинг пулларини қаерга сарф қилиш эса ундан ҳам нозикроқ масала. Шунинг учун ҳам цвилизациялашган жамиятлар давлат пулларини фақат ушбу жамият аъзолари энг муҳим, деб ҳисоблаган эҳтиёжларга сарфлаш керак, деган хулосага келишган. Айтайлик, мен солиқларимнинг жамоат истироҳат боғларига сарфланиши тарафдориман, лекин кимдир давлат пуллари мактаблар қурилиши учун сарфланишини хоҳлайди. Жамият ўз вакилларини сайлаш орқали пул маблағларини истироҳат боғлари ва мактаблар қурилиши ўртасида қандай тақсимланишини ҳал қилади.
Аммо бюджет тақчиллиги ортиб бораётган бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётида харажатлар нисбатини тўғри йўналтириш ҳақида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ. Худди давлат бюджети катта бобосидан мерос қолган-у, уни хоҳлаганча, ўз манфаатлари юзасидан сарфлайверади. Ҳай дегани хожиси бўлмаганидан кейин, ким нимадан қўрқади? Асоссиз ва самарасиз тикилган пуллар эса бюджет тақчиллигига олиб келаверади.

Масалан, 2021 йилда бюджет тақчиллиги 37,5 трлн сўмни (ЯИМ 5,4%) ташкил этган. Тўғрида, давлат бюджети қайнар хумчамидики, битта тангани олсангиз, иккитаси чиқиб турса? Бирор наф келтирмаган, кераксиз форум, баланддан-баланд байроқ, тадбирларга, тонналаб ошлар, мега таомлар тайёрлашга сарфланган маблағларнинг на бир аниқ суммаси бор, на сиз-у бизга фойдаси.

Ҳар йили давлат бюджетининг ярмидан зиёди ижтимоий соҳаларни молиялаштиришга сарфланса-да, соҳада муаммолар талайгина. Хўш, нега? Маблағлар керакли жойга етиб бормаётганидан, албатта. Қурилиш соҳасида нималардан нолиймиз? Малакасиз ишчилар, сифатсиз материаллар, пала-партишлик, назоратсизлик... Шу муаммоларнинг илдизига қарайлик. Ҳаммаси бюджетдан пул ажратилганда бошланади. Шунча муаммонинг илдизи бўлган давлат бюджетини ўғирликлардан асраш ва мақсадли сарфланиши, ўз ўрнига етиб бориши устидан назорат олиб бориш шунчалик имконсизми? Қолаверса, ҳокимларимиз ҳам бундай пулларни ҳақиқатда муаммоли саналган масалаларга сарфлашни қачон ўрганади? Бу борада давлат мониторинги тизимли ва қатъий бўлиши, жамоатчилик назорати кучайтирилиши даркор.

Шаҳруза Саъдулло қизи

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+