platina.uz

Зўравонликсиз ҳаётга катта қадам: хотин-қизлар ўзларининг қонуний кучли ҳимоясидан хабардорми?

Даҳшатли рақамлар: оилавий зўравонлик, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик бўйича юртимизга оид статистика кейинги 2 йилда вазият кескин салбий тус олганини кўрсатди.
Жамият
18 апрель 2023 йил

Оилавий зўравонлик, хотин-қизларга бўлган тазйиқ, ҳатто вояга етмаган болаларга нисбатан жисмоний ҳамда жинсий таҳдидлар ижтимоий тармоқларда кўп тарқалмоқда.

Яқинда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган пойтахтда 12 ёшли ўсмир қизнинг ўлими, Сергелида она ўзи ва 3 фарзанди жонига қасд қилгани, “Хоразм иши”, Қашқадарёдаги ҳолат, Қўқон давлат педагогика институтининг ётоқхонасида талаба қизлар хонасига қўйилган камера воқеаси... кабилар шулар жумласидан.

Биз жамоатчилик назорати сабаб бу каби ҳолатларнинг бир нечтасидан хабардормиз, холос. Ачинарлиси, бундай жараёнлардан сиз ва биз хабар топмаганимиз қанча?

Яқинда бўлиб ўтган Сенатнинг ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Нарбоева очиқлаган маълумотлар вазият ўта жиддийлигини кўрсатган.

“2021-2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 72 000 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Уларнинг 61 мингдан кўпи ёки қарийб 85 фоизи оилада содир бўлган. Бироқ афсуски, шу кунгача Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик бўйича жавобгарликка тортувчи алоҳида норма бўлмаган. Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ён-атрофимизда бўлаётган мудҳиш ва жирканч ҳолатларни олайлик. 2020 йилда 156 та, 2021 йилда 243 та номусга тегиш жинояти содир этилган.
Яна маълумотларга кўра, 2022 йилда 73 та 14 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқага киришиш жинояти содир этилган.
Бу кўрсаткич 2019 йилда – 52, 2020 йилда – 35, 2021 йилда – 57 тани ташкил этган, яъни кейинги 2 йилда вазият кескин салбий тус олганини кўриш мумкин.

Сенат раиси таъкидлаганидек, бу рақамлар ва таҳлиллар жамиятимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган ҳамда вояга етмаган болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши турадиган янада мустаҳкам ва қатъий қонунларга эҳтиёж борлигига етарли асос, бизнингча.

Бугун жамиятда ана шундай мудҳиш ҳолатларнинг содир бўлиши унга нисбатан қўлланиладиган жазо чорасини янада кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда. Шунга кўра, яқинда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан хотин-қизлар ҳамда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга доир қонун имзоланди. Янги имзоланган қонун билан эса ана шундай нохуш ҳолатлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Муҳим қонун 11 апрелда имзоланди. Кенг таҳлил ва катта баҳсу мунозаралардан ўтиб имзоланган қонун ҳақида фуқароларимиз, айниқса хотин-қизларимиз қанчалик хабардор? Platina.uz жамоаси муҳим қонундаги бундай ўзгаришларга аҳолининг муносабати қандай эканлигини ўрганди.
Пойтахтимиздаги бир қанча аҳоли ўртасида ўтказган ижтимоий сўровнома орқали амин бўлдикки, баъзиларнинг бундан хабари йўқ. Бу ўз-ўзидан қонундаги янгиланишларни янада кенгроқ тарғиб этиш лозимлигини англатади. Токи, ҳар бир аёл ва ёшлар ўзининг ҳақ-ҳуқуқини янада чуқурроқ англаб, уни талаб қила олсин.
Зеро, зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши жиноят! Саида Мирзиёева таъкидлаганидек, зўравонлик — бизнинг маданиятимиз эмас!

Аббосжон ИМОМОВ

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+