platina.uz

Олий таълим ҳам “Open budget”га қараб қолганми?

Нега олий таълим даргоҳлари ўзларида даромад манбаи, дейлик, тўлов-шартномадан тушадиган ёки бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўла туриб, иситиш тизимини таъмирлаш ёки янгилаш, лаборатор жиҳозлар сотиб олиш каби масалалар билан рақобатни кучайтириб “Open budget”да иштирок этишяпти?
Жамият
12 апрель 2023 йил
Олий таълим ҳам “Open budget”га қараб қолганми?

Айни пайтда юртимизда “Open budget”нинг 1 мавсуми 3 босқичи, яъни овоз бериш жараёни якунига етди. Таклиф қилинган лойиҳалар орасида олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, иситиш тизимларини яхшилаш кабилар ҳам учради. Аслида олий таълим муассасаларининг бундай муаммоларига маблағлар давлат бюджетидан қопланмайдими? Боз устига олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосидаги маблағлар бор бўлса, наҳотки улар ҳам “Open budget”га қараб қолишган? Нега олий таълим даргоҳлари ўзларида даромад манбаи бўла туриб ҳам “Open budget” орқали рақобатни кучайтириб, иситиш тизими ёки лаборатор жиҳозлар сотиб олиш каби масалалар билан иштирок этишяпти? Шу каби саволларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан изоҳ олдик...

Мақсуджон ҲАМРАЕВ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи:
– Олий таълим муассасаларининг асосий молиявий манбалари икки турга бўлинади, жумладан, грант асосида ўқиётган талабаларнинг ўқитиш харажатларини қоплаш учун ажратилаётган давлат бюджети маблағлари ҳамда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлари.
Олий таълим муассасаларининг йиллик харажатларининг асосий қисмини яъни, ўртача 61 фоизидан ортиқроғини профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг иш хақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда талабаларга тўланадаиган стипендия харажатлари ташкил этади. Қолган қисми бошқа жорий сақлаш (коммунал тўловлар, таъмирлаш, жиҳозлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича бошқа барча) харажатларга йўналтирилади.
Албатта бугунги кунда олий таълим муассасаларида йиллик ажратилган маблағлар ҳисобидан жорий ва капитал таъмирлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва бошқа кўплаб дастурли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, барча олий таълим муассасаларида ҳам маблағлар уларнинг эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш даражасида эмас. Шу сабабли, яратилган қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали олий таълим муассасасини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тегишли таклифлар берилмоқда.

– Шу ўринда ётоқхоналар масаласи қандай ҳал этилаётгани бўйича маълумот берсангиз. Ўтган йилги вазият бу борада бугунданоқ ечимлар кўрилишини тақозо этади, шундай эмасми?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида ПФ-27-сон Фармонининг 48-мақсадида 2023 йил якунига қадар 18 000 ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш белгиланган.
Бугунги кунда, талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича жами 28 526 ўринли 58 та лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 19 576 ўринли 40 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 3 450 ўринли 7 та, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 3 900 ўринли 8 та ҳамда инвестиция дастури доирасида 1 600 ўринли 3 та.
Шундан, 18 066 ўринли 35 та лойиҳаларда қурилиш ишлари бошланган. Маълумотлардан кўриниб турибдики, бу борадаги ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.

– Олий таълим муассасалари орасида молиявий мустақиллик берилганлари ҳам бор. Олий таълим муассасалари ана шу молиявий мустақилликни қайси масалаларда қўллашяпти? Уларни даромадлари ва харажатларини ким назорат қилади?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ-61-сон қарори билан Республикадаги бир қатор давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг сони 41 тани ташкил этмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида таркиби етакчи вазирлик ва идора, компания ва салоҳиятли иш берувчилардан иборат бўлган, Кузатув кенгашлари тузилган бўлиб, уларга олий таълим муассасалари томонидан шакллантириладиган бизнес-режаси, даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш ҳамда уларнинг ижросини муҳокама қилиб бориш ваколатлари берилган.
Шунингдек, молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг давлат буюртмаси сифатида ажратилган маблағлари ҳамда тўлов-контракт маблағлари бўйича даромадлар ва харажатлар сметаси тегишлилиги бўйича юқори турувчи вазирлик ва идораларда рўйхатдан ўтказилади ҳамда белгиланган тартибда назорат қилиб борилади.
Шу билан бир қаторда, молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларига 2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатлари берилган:

  • таълим хизматлари бозоридаги талабни инобатга олган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;
  • талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;
  • таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;
  • ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган хорижий юқори малакали мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор коньюнктурасидан келиб чиқиб белгилашга оид қарорлар қабул қилиш;
  • профессор-ўқитувчилар штат бирликларини киритиш меъёрларини ишлаб чиқиш;
  • ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;
  • хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни муаллифлик ҳуқуқи бўлган ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри харид қилиш;
  • бўш турган бино ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш;
  • автотранспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити ва уларга хизмат кўрсатиш талабларини белгилаши.

Тақдим этилган маълумотлардан англаш мумкинки, ҳар бир ташкилот ва идораларда бўлгани каби олий таълим муассасаларининг ҳам қўшимча равишда “Open bydget” лойиҳасига эҳтиёжи бор ва уни чеклаш ўринсиздир. Ваҳоланки, таълимга киритилган инвестиция – келажакка қўйилган сармоядир.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1-мавсумида мамлакатимиз бўйлаб "Open Budget" портали орқали 33 680 та ташаббус учун 16 млн дан ортиқ овоз берилган. Овоз бериш жараёни якунларига кўра, 1666 та лойиҳа ғолиб деб топилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+