platina.uz

Болаларнинг соғлиғи ва ҳаёти билан ўйнашманг!

Қорақалпоғистонда болаларга берилган “бепул тушлик” ичидан энди қум, соч тўғноғичи, ун қопининг ипи чиққани маълум бўлди. Platina.uz эса аввалроқ Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида содир бўлган айни шундай ҳолат юзасидан масъулларга "Ушбу ҳолат бошқа ҳудудларда такрорланмаслигига кафолат борми?" деган саволни кўндаланг қўйганди. Аммо ўшанда масъуллар берган изоҳлар ўзини оқламади ва икки ой ўтмасдан “бепул тушлик”нинг яна “доғ”и кўринди.
Жамият
12 апрель 2023 йил
Болаларнинг соғлиғи ва ҳаёти билан ўйнашманг!

Бу сафар ҳам Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги 41-сонли мактабда бошланғич синф ўқувчиларига берилаётган бепул тушликларнинг сифатсизлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда видео тарқалди.

Ушбу видеомурожаат шу мактаб муассасасининг ўқитувчиси томонидан мактаб маъмурияти учун йўлланган. Унда мурожаатчи ўқитувчи президентимиз томонидан жорий этилган ташаббус орқали берилаётган озиқ-овқатлар сифати жудаям қониқарсиз эканлигини билдирган.

"Шу кунгача берилган маҳсулотлари бўйича қатор камчиликларни мактаб раҳбариятига айтиб келганман. Олмалари ювилмаган бўлса, чириган, кекс ичидан қизлар сочига тақадиган тўғноғич, ун қопининг ипи чиққан кунлар ҳам бўлган. Лекин жорий йил 7 апрел 2-Б синф ўқувчимни “конфет”идан қум аралаш тупроқ чиқди. Қиз бечора ярмини еган. Конфет ўралган қоғозини кўздан кечирсам, ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч нима ёзилмаган" дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди. Унда Хўжайли тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларининг 1-4-синфда таълим оладиган жами 8670 нафар ўқувчига 3 та кейтеринг корхонаси (“ТАББАСУМ НУКУС”, “БЕКБЕРГЕН СЕРВИС ОРАЙИ”, “АЛЛИАНСЕ АРАЛ- С”) томонидан ҳар куни белгиланган таомнома (меню) асосида озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб келинаётгани айтилган. Мутасаддиларнинг олиб борган ўрганиш ишлари натижасида Хўжайли туманидаги 41-сонли умумтаълим мактабига озиқ-овқат маҳсулотларини “БЕКБЕРГЕН СЕРВИС ОРАЙИ” МЧЖ томонидан 2023 йил 7 апрел куни эрталабки соат 9:45 да олиб келингани ҳамда ушбу маҳсулотларни махсус комиссия аъзолари Р.Ережепова, А.Абдисаметова, Д.Ниязова, Н.Авезова ва Қ.Аметовалар қабул қилиб олгани аниқланган.
Қолаверса, 2023 йил 7 апрел куни мактабга 388 нафар ўқувчига тасдиқланган таомнома (меню) асосида ёнғоқли кекс, СТЕП шоколади, олма, ширин чой етказиб берилган. Шу куни 2-“б” синф ўқувчиларига берилган СТЕП шоколадидан қум чиққанлиги ва синф раҳбари Б.Бекбосинова бу ҳолат бўйича мактаб раҳбариятига видео хабар орқали мурожат қилганлиги, мактаб раҳбарияти эса озиқ-овқат етказиб берувчи кейтеринг корхонасига бу ҳолат бўйича маълумот берганлиги аниқланган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, яна ўрганиш ишлари амалга оширилишини, бу борада қўшимча маълумот берилиши ҳақида маълум қилган.

Platina.uz эса аввалроқ Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида содир бўлган айни шундай ҳолат юзасидан масъулларга "Ушбу ҳолат бошқа ҳудудларда такрорланмаслигига кафолат борми?" деган саволни кўндаланг қўйганди.
Санитария-эпидемиология қўмитасининг Санитария-гигиена бошқармасининг бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Анвар ШУКУРОВ аввалроқ маълум қилинган сифатсиз бепул тушлик ўрганиш жараёнида аниқлангани ва ўша заҳоти истеъмолдан чиқарилганини билдирган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш бўлими мутахассиси Шоира РАЙИМБАЕВА ҳам айнан Кегейлидаги ҳолатда сифатсиз маҳсулотлар ҳали умумтаълим мактабларига етиб бормаганини қайд этганди.

Аммо икки ой ўтмасдан “бепул тушлик”нинг яна “доғ”и кўринди ва бу гал сифатсиз бепул тушлик ўқувчилар қўлигача етиб борган.
Ушбу ҳолат бўйича эса ҳали Санитария-эпидемиология қўмитаси бирор бир маълумот тақдим этмади.

Янги ўқув йилидан бутун республикада бу амалиёт татбиқ этилишини инобатга олсак, ҳозиргача аниқланган ҳолатларнинг ўзи хулоса қилиш учун кифоя эди. Аммо бу каби нохуш ҳолатларнинг ортиб бораётгани, тизимдаги камчиликлар ва таниш-билишчиликни бартараф этмасдан туриб, бутун мамлакат миқёсида бепул тушликни жорий қилиш кўплаб болажонларнинг соғлиги учун катта хавф туғдириши мумкинлигини инобатга олиш керак. Шундай экан, бугунги назорат ва ишлаётган тизим ҳали қанчалик ишониш мумкинлиги очиқ савол бўлиб қолмоқда.

Аббосжон ИМОМОВ

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+