platina.uz

Бизда ягона қутқарув хизмати нега йўқ?

Қутқарув хизмати бор, дейишга шошилманг. Бор, аммо тор хизматда, чекланган. Умуман бугун ягона қутқарув ёки ёрдам хизматига эҳтиёж катта.
Жамият
11 апрель 2023 йил
Бизда ягона қутқарув хизмати нега йўқ?

Уйингиз ёнса, 101га, жиноят бўлса, 102га, юрагингиз ушлаб қолса, 103га, газ портласа, 104га қўнғироқ қиласиз. Иссиқ сув тошса, 1055га, совуқ сувда 1255га сим қоқасиз.

Айтганча, эшик қулфланиб қолса, чуқурга тушиб кетсангиз, тоғда адашсангиз, алоҳида 1050 қутқарув хизмати бор. Уларга мурожаат қиласиз.

Масалан, Америкада қандайлигини кўпчилик жуда яхши билади. Ҳеч бўлмаганда киноларда кўрган. Юқоридаги хизматларнинг барчаси учун битта, ягона рақам бор — 911. Туну кун ишлайди ва узилиш бўлмайди, қидириб юрмайсиз, уйғонишини ё телефонини кўтаришини кутмайсиз.

Бир мисол келтирамиз: дейлик, ҳозирги кунда, рўза пайтида якшанба куни саҳарда уйингиз шифтидан катта миқдорда сув оқиб туша бошлади. Сиз чол-кампирсиз, ўзингиз эплолмайсиз. Аслида ёшлар ҳам уддалолмайди.

Биринчи ўринда уларнинг хаёлига сантехник келади. Дарров қўнғироқ қилади, аммо у жавоб бермайди, аксинчи телефонини ўчириб қўяди. Ахир дам олиш куни, оғизни ёпгану ухлаган.

Соат эрталаб 5, сув тўхтамаяпти. Уйбошини чақириб, "ЖЕК"дагиларнинг қўл телефонини оласиз. Уларда ҳам жимлик. Охири чол-кампирнинг хаёлига қутқарув хизмати келади: 1050.

Хайрият, 1050дан кимдир гўшакни кўтаради. Сиз вазиятни тушунтирасиз, аммо умуман кутилмаган жавобни эшитасиз: "Биз коммунал соҳада хизмат қилмаймиз". Яна фақат фавқулодда ҳолатда ёрдам беришларини ҳам қўшимча қилишади.

Бу фавқулодда ҳолат бўлмай нима?!

Фавқулодда ҳолатга оид 3 та қонун бор:

  • "Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида", 27.12.2008
  • "Фавқулодда ҳолат тўғрисида", 16.12.2021
  • "Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида", 19.11.2022

"Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида"ги қонунда фавқулодда вазиятга қуйидагича таъриф берилган: "одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат".

Бошқа қонунлардаги таърифлар глобал ҳолатларга нисбатан берилган.

Энди катта савол: якшанба куни эрталаб соат 4 да уйда сув тошяпти, уни ертўладан ўчириш керак, ертўла калити "ЖЕК"да, "ЖЕК" уйқуда, шу вақтда уйда ёлғиз чол-кампир нима қилиши керак? Ахир улар давлатга ишониб шунча йил меҳнат қилиб, пенсияга чиққан. Аммо давлат бир оддий ҳолатда ёрдам беролмаяпти.

Бунақа қутқарув хизмати бизга керакми ўзи? Ҳамма соҳани интеграция қилиб, ягона хизмат ташкил қилиш вақти келгандир балки. Одамлар қачонгача кимга, қайси ҳолатда қайси рақамга қўнғироқ қилишни қидириб юради?

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+