platina.uz

Ўқитувчиларнинг кўксига ниҳоят шамол тегдими?

Саида Мирзиёеванинг гапи исботини топди: энди нима бўлади?
Жамият
8 апрель 2023 йил

"Шундай жамият қуришимиз керакки, унда ўқитувчининг қадри ҳам, қадди ҳам баланд бўлиши зарур. Ушбу касб эгаларига вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши керак. Бу борада тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутилмоқда".

Саида Мирзиёева томонидан билдирилган ушбу фикрлар кўп вақт ўтмасдан ўз исботини топди. Яъни шу йил 27 март санасида қабул қилинган қонунга кўра, энди мамлакатимизда ўқитувчиларни ўз вазифасидан ташқари ишлар – уйма-уй юриш, пахта териш, кўча супуриш каби турли-туман мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳамда уларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликкача бўлган жазо чорасига сабаб бўлади.
Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов бу тартибни тарихий ҳужжат дея изоҳлади:

“Кўп йиллардан бери ҳудудларимизда педагог ходимларимиз тизимда 750 мингдан ортиқ бўлганлигини инобатга олиб ҳамда кўп ҳолларда жойлардаги органлар томонидан уларни ўзининг фаолиятига боғлиқ бўлмаган у ёки бу юмушга жалб қилиш масаласи ҳақида гап кетаркан, эндиликда бу борада қонун бузилишларига йўл қўйилса ҳам фуқароларга, ҳам мансабдор шахсларга қатъий чора кўрилади”.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги юристи Хуршид Асроровнинг изоҳича, 2023 йил 27 март санасида қабул қилинган қонунга кўра, педагогларнинг фаолиятига асоссиз аралашув ҳамда уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш такрор содир этилса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонундаги ушбу ўзгартиришлар устозлар учун тарихий воқеа албатта. Бугун нафақат таълимни, балки тарбияни ҳам баҳоли қудрат ўқувчиларга ўргатиб келаётган заҳматли касб эгалари мазкур янгиликни қувонч билан қарши олишди.

16 йилдан бери таълим соҳасида фаолият юритиб келаётган Лола Миралимова сўзларига кўра, ўқитувчилар пахта теришдан тортиб, уйма-уй юриш, кўча супуриш, металлом йиғиш ва бошқа шу сингари муаммоларни кечгача юриб ҳал қилишга жалб этилган. Ҳозирги кунда бу жараёнлар бартараф қилинганидан педагог хурсанд.

1991 йилдан бугунги кунга қадар тарих фани ўқитувчиси сифатида ишлаб келаётган Қўлдошали Эҳсонов эса "Мустақилликка эришган йилимиздан буён таълим тизимидаги жуда кўп паст баландликларни босиб ўтдим. Аввалги давр бн ҳозирни солиштирсак ер билан осмонча фарқ бор. Мажбурий меҳнатнинг барҳам топгани бу яхши янгилик. Аммо мактаб ҳудудини ободонлаштириш мен учун бундан мустасно" дейди.

Бугунги кунда Шайхонтоҳур туманининг 40-мактабида директор ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Шаҳло Мавлянова айтишича, педагоглар авваллари кўп қаватли уйларнинг олдини тозалашга, кўча-кўйни супуришга жалб қилинган.

“Ҳозирги қабул қилинган қонун назаримда миллатнинг эртанги эгалари тақдири учун айниқса аҳамиятли” дейди Шаҳло Мавлянова.

Айни пайтда эса ўқитувчиларни “Опен бюджет”га овоз йиғиш учун жалб қилиш ҳолатлари ҳам кўп муҳокама бўлди. Мазкур масалада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги юристи Хуршид Асроровнинг изоҳича, “Опен бюждет”га овоз бериш жараёнида ўқитувчиларнинг иштироки бу ўзининг ташаббуси билан бўлса яхши. Чунки ҳар бир ходим ўзи фаолият олиб бораётган даргоҳнинг янада мукаммал бўлиши учун кўнгилли равишда овоз беришдаги иштироки саналади. Аммо ўқитувчиларни бекатларда, бозорларда ёки шунга ўхшаш бошқа одам гавжум бўладиган жойларда овоз йиғишга мажбурлашни ҳеч қандай сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Бу каби ҳолатларга қонуний чоралар кўрилмоқда".

Буюк адибимиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: "Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир". Эндиликда ўқитувчиларга яратилаётган имтиёзлар билан бирга масъулият ҳам ҳар қачонгидан ортмоқда. Шундай экан, келажак авлод таълимига масъул феноменларни фақат 1 октябрь санасида эмас, балки ҳар куни қадрласак арзийди.

Аббос Имомов

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+