Таниқли журналист Соҳибжон Алижонов 55 ёшида юрак хуружидан вафот этди

Соҳибжон Алижонов 2015-2017 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (ЎзМТРК)нинг “Маҳалла” телеканали директори, 2017-2019 йиллар давомида “Тошкент” телеканали ва “Ўзбекистон 24” телеканали ДУКда масъул лавозимларда фаолият юритган. 2019 йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ахборот таҳлил-мультимедиа маркази давлат муассасасининг директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
“Соҳибжон Алижонов ўзига юклатилган ҳар қандай вазифани бажаришда билими ва тажрибаси билан алоҳида ажралиб турадиган, вазиятни тўғри баҳолай оладиган ҳамда масъулиятни чуқур ҳис этадиган ташаббускор раҳбар ходим сифатида ҳамкасбларига намуна эди”, деб ёзади ЎзМТРК раиси Алишер Хўжаев.
Сўнгги вақтларда қабул қилинаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги фармон ва қарорлари, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқий норматив ҳужжатларга эфир орқали батафсил шарҳ бериш билан бир қаторда уларнинг мазмун-моҳиятини томошабинга содда ҳамда тушунарли қилиб етказишда фаоллик кўрсатиб келаётган эди.
Ўз фаолияти давомида жуда кўплаб танловлар ғолиби бўлган Соҳибжон Алижонов 2020 йилда “Дўстлик” ордени ва бир қатор кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Platina.uz жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига ҳамдардлик билдиради.
