Энди ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади – Президент қарори
“Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
истеъмолчилар ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарлик кучайтирилади;
этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарлик ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб ўрнатилади;
санитария қонунчилиги ва ветеринария, ветеринария-санитария қоидаларини бузганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик кучайтирилади;
ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан, адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади;
белгиланган талаблар ва шартларнинг қўпол равишда бузилиши оқибатида лицензияси бекор қилинган ёки хабардор қилиш тартибида фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириши тугатилган тадбиркорларга қуйидаги рўйхатда келтирилган фаолият турлари билан шуғулланишига чекловлар белгиланади.
Мазкур масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Қарорга мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда уларнинг айланмасига чек қўйишда жамоатчилик назорати кучайтирилади. Жумладан:
мурожаатлар ягона ахборот тизими орқали қабул қилинади ва улар ваколатли органлар томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилади;
ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади.
2023 йил 1 июлдан кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмайди.
2023 йил 1 августдан алкоголь маҳсулотларининг товар белгилари рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензия талаби ҳисобланади.
2023 йил 1 сентябрдан тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.