Доналд Трамп яна АҚШ тарихига кириши кутиляпти
Нью-Йоркдаги катта ҳакамлар ҳайъати собиқ актриса Сторми Даниелсга жим бўлиш учун пул тўлаш ишининг бир қисми сифатида АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга қарши жиноий иш қўзғатиш учун овоз берди.
Манҳеттен округи прокурори Алвин Браггнинг баёнотига кўра, прокурорлар Трампнинг адвокати билан боғланиб, уни туман прокуратурасига олиб келишга чақирган. The New York Times газетасининг ёзишича, яқин кунларда айблов эълон қилинади.
Американинг CNN ва NBC телеканаллари Трамп 4 апрель куни судга келиши мумкинлигини хабар қилмоқда.
Манҳеттен округи прокуратураси собиқ президентга 2006 йилда Трамп билан яқин муносабатда бўлганини даъво қилган актриса Сторми Даниелсга пул тўлаш схемасидаги роли бўйича тергов ўтказмоқда. 2016 йилги президентлик сайловларидан бироз олдин Даниелс келишув доирасида Трампнинг адвокатларидан 130 минг доллар олгани айтилади.