Ўзбекистонда бу йил пиёз ҳосили қандай бўлади?
Бир неча кун аввал Сурхондарё вилояти фермерлари эртаги қишки пиёз ҳосилини йиғиб олишга киришишди. Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу маҳсулотнинг бир неча тонналик дастлабки кичик партиялари мазкур вилоят ва қўшни вилоятлар бозорларига жўнатилмоқда.
Мамлакатнинг улгуржи бозорларига ушбу маҳсулотнинг йирик партиялари қачон кириб келади ва пиёзининг янги ҳосили экспорти қачон бошланади?
“VESAGRO” МЧЖ консалтинг компанияси раҳбари Ўрмонали Усмоновнинг фикрига кўра, янги ҳосил пиёзининг йирик партияларини тахминан бир ҳафта ёки ўн кун ичида шакллантириш мумкин бўлади. Бироқ, ҳозирча янги ҳосил пиёзининг пишиб етилиш даражаси бу маҳсулотни узоқ масофаларга ташишга имкон бермайди. Экспертнинг қайд этишича, экспортга яроқли пишиб етилиш даражасига эга янги ҳосил пиёзининг йирик партиялари ички бозорга жорий йилнинг апрель ойи ўрталарида ёки ундан кейин чиқади.
“Сурхондарё вилоятининг уч тумани (Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шеробод туманлари) фермерлари эртаги қишки пиёз (август пиёзи) ҳосилини йиғиб олишга киришишди. Улгуржи йирик партиялар ички бозорда ҳали мавжуд эмас ва бу маҳсулотнинг кичик ҳажмлари маҳаллий ҳудудий бозорларга жўнатилмоқда. Билишимча, мамлакат пойтахтидаги улгуржи бозорларга ушбу маҳсулотнинг йирик партиялари ҳали кириб бормаган. Қулай об-ҳаво шароитида, тахминан бир ҳафта ёки ўн кун ичида йирик партияларни шакллантириш мумкин бўлади ва эҳтимол, ўшанда мамлакатнинг улгуржи бозорларида янги ҳосил пиёзи катта ҳажмларда таклиф қилина бошланади.
Бироқ, янги ҳосил пиёзининг пишиб етилиш даражаси ушбу маҳсулотни узоқ масофаларга жўнатишга ҳозирча имкон бермайди. Бошқача айтганда, янги ҳосил пиёзи ҳали “кийиниб улгурмаган” ва зарур пишиб етилиш даражасига етиши учун қўшимча вақт керак бўлади. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, жорий йилнинг 15-20 апрель кунлари экспортга яроқли сифатга эга янги ҳосил пиёзининг йирик партиялари мамлакат ички бозорига чиқа бошлайди”, дейди Ўрмонали Усмонов.
Мутахассислар фикрича, январдаги совуқлар “август пиёзи” баргларини бутунлай нобуд қилган. Янги барглар униб чиқиши ва уларнинг ривожланиши учун яна вақт керак бўлган ва бу, ўз навбатида, пиёзнинг пишиб етилиш муддатини тахминан 10-15 кунга суриб юборган. Табиийки, 2023 йилнинг баҳорида эртаги пиёз ҳосилининг йиғим-терими бошланиши ҳам шу муддатга кечиккан.
МАЪЛУМОТ УЧУН
Ўзбекистон Марказий Осиёда энг йирик пиёз экспортёри ҳисобланади, республика йилига 200 минг тоннадан ортиқ пиёз экспорт қилади. Жорий йил январда Ўзбекистон бозорларида картошка, пиёз ва сабзи нархлари ошганди. 2023 йилнинг март ойи ўрталарида Ўзбекистонда пиёз экспортига ўрнатилган вақтинчалик чекловлар бекор қилинди. platina.uz эса пиёз нархи ошишининг асл ҳақиқатлари ҳақида “Чорсу” номи билан машҳур “Эски Жува” ва “Фарҳод деҳқон бозор”ларида суриштирув ўтказганди.