“Баҳор мавсуми учун узоқ муддатли об-ҳаво прогнозлари ҳавас қиларли эмас” – метеоролог
Андижон вилоятининг Қўрғонтепа ва Жалақудуқ туманидаги 10 га яқин фермернинг 700 га ғалла майдонига сув чиқмаяпти. Бунга дала майдонларини суғоришда ишлатиладиган сув насос станциясига электр энергия етказиб берилмаётгани сабаб этиб кўрсатилган. Мутахассис эса бу борада бошқа сабабларни ҳам келтириб ўтди.
Мутахассиснинг маълум қилишича, Фарғона ва Андижон шаҳридаги кузатув станцияларида жорий йил март ойида атиги 1 мм ёғин кузатилди.
Бу ёғин ҳам 12 март куни қайд этилган. Ваҳоланки, Андижон шаҳри учун март ойидаги ўртача ёғин 34 мм, Фарғона шаҳри учун 25 мм ни ташкил этади. Ўтган йили мартда бу икки шаҳарда ойлик ёғин ўртача меъёрдан 3-4 баробар кўп рекорд даражадаги аномал ёғинни тақдим этганди.
Ҳаво ҳароратининг меъёрдан юқори келиши ва айни ҳозирги мавсумда экин экиш ишлари бошланиши ҳисобга олинса, ерда табиий ёмғирдан намланиш ҳолатлари бўлиши керак. Қолаверса, март ойи йилнинг энг кўп ёғин ёғадиган ойи ҳисобланади.
Водий вилоятлари ва республиканинг бошқа вилоятларида ҳам баҳорнинг қуруқ ва иссиқ бошланиши лалми ер эгалари ҳамда чорвадорларда хавотирларни кучайтирмоқда. Айни мавсум апрелда март ёғинлари ўрнини қоплайдиган кўп ёғин керак.
Жаҳон метеорологик ташкилотининг баҳор мавсуми учун узоқ муддатли об-ҳаво прогнозлари ҳам ҳавас қиларли эмас. Ғарбий ҳаво айланмаларининг баҳорда нофаоллиги шубҳасиз Марказий Осиёга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.