Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари ҳибсга олингани тасдиқланди
Ташқи меҳнат миграция агентлиги раҳбари Афзал Эрматов Жиноят кодексининг 205-моддасида (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланмоқда. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
ОАВда маълумотлар тарқалгач, ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолатга муносабат билдирди.
"Мавжуд маълумотларга кўра, агентлик бошлиғи А.Эрматовга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бўйича айб эълон қилиниб, ҳибсга олинган.
Ҳозирда унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Афзал Эрматов 2010 йилдан 2013 йилгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида раҳбар бўлиб ишлаган. Кейинчалик 2022 йилнинг мартидан яна ушбу лавозимга қайтганди.