platina.uz

Ўзбек олимлари оламшумул кашфиёт қилгани ростми?

Ҳали дунё олимлари етти ухлаб ҳатто тушида кўрмаган натижага Ўзбекистон амалда эришгани қанчалик ҳақиқат?
Жамият
25 март 2023 йил
Ўзбек олимлари оламшумул кашфиёт қилгани ростми?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий ОАВда эълон қилинган мақоладаги маълумотларга ойдинлик киритди.

Ядро физикаси институтида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган лютеций-177 ПСМА-617 радиофармацевтик дори воситаси ҳақида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги эълон қилган мақолада маълумот берилган. Бу дори лютеций-177 радиоизотопи ва ПСМА-617 простата специфик менбранали антигендан ташкил топгани ёзилган. Ўзбекистон Фанлар академияси ушбу дори воситаси асосан катта ёшдаги эркаклардаги простата бези ракини даволашда самарали ҳисобланишини маълум қилди.

“Шу билан бирга тўртинчи ва бешинчи дозаларида тананинг бошқа қисмларидаги метастазаларга ҳам терапевтик таъсир кўрсатиши кузатилган.

Лекин кейинчалик бу мақола бир қатор бошқа сайтлар томонидан ўта қисқартирилган ҳолда қайта чоп этилиб, бунда ПСМА тўғрисидаги маълумот тушириб қолдирилган. Бу билан аҳоли ўртасида бу дори воситаси барча рак касалликларини даволайди деган тушунча пайдо бўлган. Энг асосийси бошланғич мақолада дори воситасининг 1 та дозаси 1,5 минг ($1500) АҚШ доллари деб ёзилган бўлса, баъзи сайтларда унинг нархи 1,5 доллар деб 1000 марта камайтириб, нотўғри кўрсатилган.

Яна шуни таъкидлаш керакки, бу дори воситаси радиоактив модда бўлиб у дорихоналарда сотилмайди. Бу фақат шифохона ва клиникаларга етказиб берилиб, бу клиникаларда беморлар текширувдан ўтказилиб, ПЭТ (позитрон-эмиссион томография) ёрдамида ташхис қўйилади ва бемордаги касалликни лютеций-177, ПСМА-617 ёрдамида даволаш мумкинлиги аниқланса клиника бизнинг корхонага шу дорининг керакли дозасига буюртма беради. Даволаш фақатгина касалхона шароитида, махсус гамма камералар билан кузатув остида олиб борилади. Беморлар бу дори воситасини ўзларича дорихонадан сотиб олиб ўзлари даволана олмайди”.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ушбу препарат 2022 йилнинг июн ойида юртимизда рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган янги радиофармацевтик векторли терапия воситаси эканлигини маълум қилди.

Маълум бўлишича, бу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида фақатгина простата бези ва нейроендокрин ўсмалар диагностикаси ва муолажасида қўлланилади.

— Хорижий тажрибага асосланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ушбу восита простата бези саратонининг 4-босқичида суякда метастазланиш жараёнидагина ишлатилади, — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов. — Бу препарат вақтинчалик восита ҳисобланади ва беморларнинг ҳаётини узайтиришга имконият яратади.

Таъкидлаш лозимки, препарат шу кунгача мамлакатимиздаги битта тиббиёт муассасасида фақат 3 нафар беморда қўлланилган ҳамда мутахассислар фикрига кўра, хаста инсонларда ўсма ўчоқлари (метастазлар) ва уларни безовта қилаётган оғриқлар сезиларли даражада камайган.

Шу билан бирга, ҳар қандай янги дори воситаси амалиётда фойдаланилишидан токи самараси тасдиқланишига қадар турли изланишлар, ўрганишлар олиб борилиши ва самарадорлиги тўғрисида тегишли хулосалар қилиниши учун узоқ вақт талаб этилади.

Афсуски, дунёда барча саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+