Бугун қайси китобни ўқишяпти?
Ҳозир ҳам одамлар яхши китобларни топиб ўқияпти. Ҳали ҳам орамизда китобни севадиган, китобни қадрлайдиган, китобни ўзига ошно тутадиганлар йўқ эмас. Тўғри, бугунги кунда олди-қочди, саёз детективлар, бир марта ўқишга зўрға ярайдиган китобларнинг кўпайиб кетаётганлиги ҳам ўқувчини китобхонликдан бир оз қайтаришга сабаб бўлмоқда.
Хўш, бугун одамларнинг китоб мутоласига муносабати қандай?
Шу савол билан ўтказган сўровномамизнинг натижаларини қониқарли, деб бўлмайди. Аммо ҳали китоб мутолаасига ошуфталар, оз бўлса-да, борлиги қувонарли.
Сўровимиз давомида катталар “Минг бир кеча”, “Меҳробдан чаён”, “Шайтанат” каби асарларни эътироф этган бўлса, ёшлар орасида “Одам бўлиш қийин”, “Савдогарлар устози”, Стив Жобс муаллифлигидаги китобларни ўқиётганларни учратдик.
Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”ни ўқиётган ўсмирларнинг борлиги эса бугун китоб мутолаасига одамларни қайтариш учун қандай асарлар кераклиги ҳақида хулоса қилишимизга етарли, бизнингча.
Дунёда шундай китоблар борки, инсоният бу китобларсиз яшай олмайди. Дунёда шундай асарлар борки, бу инсониятнинг маънавий қуёши бўлиб абадий порлаб туради.
Бугун ҳар бир инсонни айниқса ёшларнинг китобга меҳр қўйиши, кўпроқ мутолаа қилиши учун имконият жуда кўп. Бу борада республикамизда бир неча йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила” танловлари фикримизнинг исботидир.
Азиз кузатувчи шу топда ўз-ўзингизни сўроқ қилишнинг айни вақти. Ўйлаб кўринг-чи, охирги маротаба қачон, қайси китобни ўқидингиз?
Аббос ИМОМОВ