Абдулла Қодирий номидаги боғни Ортиқхўжаевга алоқадор компания реконструкция қилади
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Olmazor Business City янги тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуация қилиш дирекцияси 21 февраль куни Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш учун 34 млрд 88 млн сўмлик тендер эълон қилган.
Мазкур тендерни қарийб 33 млрд сўмлик таклиф билан Discover Invest МЧЖ қўлга киритган. 2023 йил 13 март куни эълон қилинган тендер баёнида реконструкция ишларини 270 кун муддатда тугатиш белгиланган.
Маълумот учун, Discover Invest МЧЖ Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор компания сифатида кўрилади. Давлат реестрига кўра, компаниянинг 56,9 фоиз улушига Исраилов Исмаил Иркинович, 34,1 фоиз улушига эса Захидов Абдурасул Абдусатторович эгалик қилади.
Discover Invest МЧЖ бугунгача ҳам бир қатор давлат буюртмаларини қўлга киритиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Хусусан:
- Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидан оқиб ўтувчи Жангоҳ, Чуқуркўприк ва Захариқ коллекторлари ёпиқ ҳолатга олиниб, коллекторлар усти ва унга туташ ҳудудда автомобил йўли, яшил майдонлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қуриш бўйича ўтказилган тердерни (307,8 млрд) қўлга киритган.
- Нукус шаҳридаги Дўстлик канали бўйида истироҳат боғи, болалар ўйингоҳи, “Workout” майдончаси қуриш ишларини ҳеч қандай тендерсиз (34,2 млрд сўм) ушбу компанияга берилган.
- Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Рақамли Тошкент вазиятлар маркази”ни қуриш ишлари ҳам ҳеч қандай тендерсиз, ҳукумат фармойиши билан, истисно тариқасида, Discover Invest’га топширилган.