21 фоиз чегирмали авиа чипта қанчалик ҳамёнбоп ва ҳаммага етадими?
Наврўз байрами муносабати билан Uzbekistan Airways 2023 йилнинг 18-22 март саналари учун Ўзбекистон бўйлаб маҳаллий авиақатновларнинг эконом ва бизнесс класс тарифларига 21 фоиз чегирма эълон қилгач, кўпчилик ушбу имкониятдан фойдаланиш ҳаракатига тушган бўлса ажабмас. Биз ушбу чегирмалар қанчага тушиши ва чипталар ҳаммага етиши ҳолати билан қизиқдик.
Чегирмали чипта хариди учун компания тавсиясига кўра www.uzairways.com сайти, “UzAirways” мобил иловаси, Uzbekistan Airways Sales филиали орқали ёки авиакомпания агентларидан харид қилишга уриндик.
2 март санасида Тошкент-Қарши йўналиши бўйича бориш-қайтишга катталар учун иқтисод тарифидаги 3 та чипта нархига қизиқдик. Гарчи чегирма ҳақида эълон 1 мартда берилган ва биз бир кун ўтиб бу имкониятдан фойдаланишга уринган бўлсак-да, бизга зарур бўлган йўналиш учун бориш-қайтиш учун 19-22 март саналарига чипталар аллақачон деярли сотилган, ўринлар банд бўлиб улгурган. Масалан, бир томон учун 19 мартга бор-йўғи 6 та таклиф қолган. Амаллаб 19-22 март саналари Тошкент-Қарши йўналиши бўйича бориш-қайтишга катталар учун иқтисод тарифидаги 3 та чиптани 1 514 819 сўмга харид қилишга муваффақ бўлдик. Аммо ушбу жараён турли саволларни юзага келтирди: 1 мартда чегирма ҳақида аҳолига маълум қилинган бўлса-да, 2 март санасида аллақачон чипталар деярли сотиб бўлинганини қандай тушунса бўлади? Чипталари деярли сотиб бўлинган сана учун эса чегирма эълон қилишнинг нима кераги бор? Дейлик, бугун ёки эртага оилавий юмушлари ёки иши билан боғлиқ вазиятларни ҳал қилиб, саёҳатга отланишни истаганлар чиқиб қолса, улар чегирмали чипта имкониятидан мосуво бўлиб қолаверадими? Ўзи бундай чегирмали таклифлар берилганда талаблар ва эҳтиёж қандай инобатга олинади? Йилдан йилга аҳоли сонининг ортиши ва сайёҳлар оқимининг кенгайишини инобатга олган ҳолда маҳаллий авиақатновлар ҳажми ҳам кенгаядими ёки ҳар йили одатда бир хил жадвал асосида парвозлар амалга ошириладими?
Яна бир масала шуки, Ўзбекистонда оилалар камида 2 ёки 3 фарзандли. Шундай экан, бу нархларни ҳамманинг ҳам ҳамёни кўтара оладими? Тошкент-Қарши йўналиши бўйича харид қилинган чипта нархи билан таққослайдиган бўлсак, чегирмасиз чипталар асосий қатлами ўртача 3 500 000 сўм маош оладиган Ўзбекистон аҳолиси учун нархлар қанчалик тўғри белгиланган?
Ана шу каби саволларга компаниядан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Чегирмали чипталар бир кунда сотиб бўлингани бўйича «Uzbekistan Airways»нинг жамоатчилик билан алоқалар департаментининг тушунтиришича, чегирма юзасидан ўтказилган брифингдан кейин маҳаллий авиачипталар тезда сотилган ва бу "нормаль" ҳолат.
Мазкур департаментнинг маҳаллий авиақатновлар бўйича (дейлик, Бухоро ёки Нукус шаҳарларига) чегирмагача бўлган ва амалдаги чегирма нархлари ҳақида тақдим этган маълумот ҳам чўнтакни “касал” қилиши, ҳам мияни ўйга қолдириши ҳеч гапмас.
Департамент директори Камола Икромованинг platina.uz сўровига жавобан тақдим этган маълумотларига кўра, Тошкент-Бухоро йўналиши учун бир томонга энг арзон чипта нархи қайтариладиган багажли тариф учун чегирмасиз 21 EURдан бошланади. Ўртачаси эса 45 EUR. Қиммати эса 105 EUR қилиб белгиланган. Бориш қайтишга эса чипта нархлари айни шу тариф учун энг камида 38 EURдан бошланади. Ўртача нарх 78 EUR, қиммати эса 210 EURни ташкил этади.
Энди 21 фоизли чегирма билан ҳисоблаганда айни шу йўналиш ва тариф учун бир томонга энг арзон нарх 18 EUR, ўртачаси 37, қиммати эса 84 EUR бўларкан. Бориш қайтишга эса чипта нархлари айни шу тариф учун энг камида 32 EURдан бошланади. Ўртача нарх 63 EUR, қиммати эса 168 EURни ташкил этади.
Изоҳланишича, нархи EURда кўрсатилган авиачипталарнинг сотуви расмийлаштириш кунидаги курс бўйича сўмда амалга оширилади. Бу жараённинг ўзи ҳам бизга ғалати туюлди, эҳтимол бу ёндашувга ўзгариб турадиган курсдан ҳам фойда олиш мақсад қилингандир.
Буни миллий валютада ҳисоблашга ва чипта нархини олаётган ойлик маоши билан таққослашга ҳамманинг ақли етади. Ҳисоб-китоблар эса ҳаммабоп бўлмаслиги аниқ.
Чўкаётган одам хасга талпинади, деганларидек, балки оилавий саёҳат учун 21 фоизли чегирмадан бошқа яна бирор чегирма бордир? Хўш, айнан Наврўз учун тақдим этилаётган 21 % ли чегирмадан ташқари бир оиланинг 2/3 нафар аъзоси мамлакат бўйлаб саёҳат ёки зиёратга отланишса, қўшимча имтиёзлар мавжуд эмасми?
Афсуски, маълум қилинишича, авиакомпания томонидан 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларга тақдим этиладиган чегирмалардан ташқари, бир нечта чегирмаларни бирлаштириш ман қилинади.
Хўш, ҳисоб-китоблар чамангиз тўғри келмадими? Наилож эҳтимол кейинги гал ойлик маошлар ошганда самолётда учиш насиб қилар балки. Ҳар ҳолда шунга умид бор!
Ҳа, яна бир гап: ушбу мавзудаги 10 март санасидаги ўрганишларимизда эса 21 фоизли чегирмали чипталар “иқтисод” турида қолмаган, фақат саноқли “бизнес” таклифлари мавжудлигига гувоҳ бўлдик. “Иқтисод” ва “бизнес” ўртасидаги нархлар тафовутини эса номидан ҳам англаш қийин эмас, бизнингча.
Аббос ИМОМОВ