platina.uz

Тошкентда энергия ресурсларига ўсиб бораётган талаб қандай таъминланади?

Мазкур мақсад учун ажратиладиган кредит маблағлари миқдори ва нималарга сарфланиши маълум бўлди
Жамият
11 март 2023 йил
Тошкентда энергия ресурсларига ўсиб бораётган талаб қандай таъминланади?

Президентнинг жорий йил 11 мартдаги тегишли қарори билан, Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига ўсиб бораётган талабини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Унга кўра, Энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Ўзметкомбинат» АЖнинг таклифларига асосан 2023 йилда Тошкент шаҳри электр таъминотини яхшилашга қаратилган 35-110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳаси тасдиқланди.

Мазкур лойиҳа доирасида:

  • Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларида умумий қуввати 664 МВА бўлган 5 та 110 кВ кучланишли подстанция ҳамда 49,6 км узунликдаги 35 кВ ва 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қурилади;
  • Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Миробод туманларидаги 4 та подстанцияни реконструкция қилиш орқали уларнинг ўтказиш қувватини 179 МВАга оширилади;
  • жисмонан эскирган 7,5 км узунликдаги 35 кВ ва 41,7 км узунликдаги 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини замонавий турдаги кабель ва симларга алмаштирилади.

Трансформатор пунктлари ва кабель маҳсулотлари учун 220 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари жалб қилинади.

  • 2023 йилда паст кучланишли трансформатор пунктлари ва кабель маҳсулотларини харид қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Ўзмиллийбанк” АЖдан 220 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари жалб қилинади ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ учун белгиланган тартибда очиладиган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади;
  • Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан жалб қилинган кредит маблағлари 2024 йилдан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан тегишли тармоқ жадвалига мувофиқ тўлаб берилади;
  • лойиҳалаштириш, экспертиза ва қурилиш-монтаж ишлари“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан хўжалик усулида амалга оширилади.

384 нафар ходим ҳамда 102 та техника белгиланган объектларнинг қурилиш-монтаж ишларига жалб қилинади.

Энергетика вазирлигининг “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга тегишли электр тармоқлари объектларини “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга баланс (қолдиқ) қийматида бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Бунда объектлар барча электр қурилмалари, мол-мулклар, уларнинг техник ҳужжатлари, шунингдек, бошқа муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари билан бирга “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини ошириш (камайтириш) ҳисобига ўтказилади ҳамда солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+