Президент фармони ижросини таъминламаган ҳудудлар маълум бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари ўзларининг расмий веб-сайтларида маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириши белгиланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур Фармон талабларининг 2022 йилдаги ижроси таҳлил қилинганда 8 та вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур маълумотлар белгиланган тартибда жойлаштирилганлиги ҳамда 6 та ҳудудда ушбу маълумотлар Фармон талабларига мос равишда ёки умуман жойлаштирилмаганлиги аниқланган.
Вилоятлар маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмининг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар Навоий, Бухоро, Хоразм ва Сирдарё вилоят ҳокимликлари томонидан намунали тарзда (маблағ ажратиш тўғрисидаги фармойиш, маблағ ажратилган ташкилот ва унинг мақсадлари) жойлаштирилган бўлиб, барча маблағларнинг сарфланиши очиқ ва шаффоф тарзда батафсил кўрсатилган.
Аммо Тошкент шаҳри, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах вилояти ҳокимликлари томонидан Фармон талабларини ижро қилишда унинг соҳалар кесимида сарфланиши тўғрисидаги маълумотларни очиқлаш билан чекланилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эълон қилинган маълумотларда шаҳар маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан 3 трлн 49 млрд сўм маблағларнинг соҳалар кесимида сарфланиши акс эттирилган.
Хусусан:
- ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 232,2 млрд сўм (Тошкент метрополитенида пенсионерларни бепул ташишда ва бепул юриш ҳуқуқини берадиган ягона гувоҳномалар бўйича ҳисобга олинадиган йўловчиларни ташиш натижасида олинмай қоладиган даромадларни қоплашга 35,5 млрд сўм, шаҳар пассажир транспорти зарарини қоплашга 84,8 млрд сўм);
- иқтисодиётга харажатлар 786,7 млрд сўм (ободонлаштириш учун 678,7 млрд сўм, кўп квартирали қаватли уйларда лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашга 61,0 млрд сўм, марказий кўчаларни асфалт қилишга 31,8 млрд сўм);
- марказлашган инвестицияларни молиялаштиришга 524,2 млрд сўм (марказлаштирилган инвестиция дастуридан ташқари қўшимча қурилишлар учун 482,4 млрд сўм, ичимлик суви ва канализацияга 41,8 млрд сўм);
- давлат бошқарув органларини сақлашга 719,5 млрд сўм;
- бошқа харажатларга 787,1 млрд сўм (ички ва ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари 375,4 млрд сўм, ссудани қайтариш 247,4 млрд сўм, “Обод маҳалла” жамғармасига 51,7 млрд сўм, шаҳарда йўллар қуришга 28,5 млрд сўм) йўналтирилган.
Шу каби Тошкент вилоят ҳокимлиги томонидан эълон қилинган маълумотларда ҳам маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан 623,9 млрд сўм маблағларининг соҳалар кесимида сарфланиши акс эттирилган.
Жумладан, ҳудудий иқтисодий ижтимоий ривожлантириш дастурларига 171,7 млрд сўм, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига 105,4 млрд сўм, марказлаштирилган жамғармаларга 104,7 млрд сўм, ободонлаштриш харажатларига 10,2 млрд сўм, маданий спорт тадбирларига 6,1 млрд сўм, бюджет ташкилотлари моддий базасини мустаҳкамлаш учун 5,9 млрд сўм ва бошқа харажатларга 219,7 млрд сўм маблағлар йўналтирилган.
Харажатлар таркибида бошқа харажатлар улуши (35%) энг катта бўлиб, уларнинг айнан қайси мақсадларга сарфланганлиги кўрсатилмаган.
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги томонидан эълон қилинган маълумотларда ҳам маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан 138,9 млрд сўм маблағларнинг соҳалар кесимида сарфланиши акс эттирилган.
Харажатлар таркибида бошқа харажатлар улуши 25,4%ни ташкил этиб, уларнинг айнан қайси мақсадларга сарфланганлиги очиқланмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан маҳаллий бюджетнинг режадан (2022-йил 2-3-4-чораклар бўйича) орттириб бажарилган қисмидан (215,5 млрд сўм) фойдаланилганлиги тўғрисида маълумотлар жойлаштирилган бўлса-да, 2022-йил 1-январ ҳолатидаги эркин қолдиқ маблағлари ва 1-чоракда шаклланган маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар очиқланмаган.
Юқорида қайд этилган ҳокимликлар томонидан Фармон талаблари тўлиқ ёки қисман ижро этилган бўлса, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлар томонидан очиқ эълон қилиниши мажбурий этиб белгилаб қўйилган маълумотлар расмий веб-сайтда жойлаштирилмаган.
Ваҳоланки, Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан Е-qaror.gov.uz ягона электрон тизимига жойлаштирилган қарор ва фармойишлар ўрганилганда, 2022-йил давомида маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ва орттириб бажарилган қисмидан жами 415 млрд сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилганлиги аниқланди.
Ёки Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан Е-qaror.gov.uz ягона электрон тизимига жойлаштирилган қарор ва фармойишлар ўрганилганда 2022-йил давомида маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағлари ва орттириб бажарилган қисмидан жами 337 млрд сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилганлиги маълум бўлди.
Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет харажатларининг 1 октябр ҳолатидаги ижроси ҳамда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалар ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган бўлиб, Фармонда назарда тутилган маълумотлар очиқланмаган.
Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлари ва харажатлари акс эттирилган бўлиб, ушбу маълумотлар ҳам 2022-йил 3-чорак маълумотларидан иборат.
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан эса фақатгина маҳаллий бюджетнинг даромадлари ва харажатлари очиқланган.